Сарлавҳани ўқибоқ қиличини яланғочлаган миллат маънавияти қўриқчилари қаҳридан тушиб турсин, қиличларини қинига солиб турсин. Кинначи: “Менинг қўлиммас, кинначи момонинг қўли” деганидай, иштону аврат тўғрисидаги гаплар менинг гапим эмас.
Кеча бир ҳамкасбим islom.uz сайтидан бир матнни илинди. Матннинг “Аёлнинг ётоқ кийими қандай бўлиши керак?” деган сарлавҳасини ўқиб, пешонам тиришди – ўқимадим.
Кундалик “каштамни тикиб бўлиб” (мақоламни битириб), компьютерни ёпаётувдим, бояги матн яна очилиб кетди – ўқидим.
Ўқидиму менинг ҳам бошқаларга илингим кепкетди. Қуйида қора курсив ҳарфларда берилган матн тўлалигича islom.uzники – копи-пейст қилдим:
Аёлнинг ётоқ кийими қандай бўлиши керак?
Айрим танишларимнинг айтишича, аёл кишига тиззасидан юқорида турувчи ёки эркакларникига ўхшаган пижама ва шунга ўхшаш ётоқ кийимларини кийиш мумкин эмас экан. Бундай кийимлар одатда пасти шалвар ва юқориси тугмали кўйлак сифатида бўлади. Кўриниши эркаклар ётоқ кийимига ўхшаса ҳам, тикилиши, безаклари, гуллари аёллар учун мосланган бўлади. Шу хусусда нима дейсиз, танишларимизнинг гаплари тўғрими? Агар бу гаплар тўғри бўлса, шунақа кийими бор аёл уни нима қилиши керак?
ЖАВОБ: Бошқалар ўзга сайёрларни ўзлаштириш, оламшумул илмий кашфиётлар қилиш ва илмий тараққиёт чўққисини забт этиш ҳақида ҳаракат қилаётган бир пайтда бу савол жуда майда эмасми?
Ўша иштонни ўзимизда тикилмагани эҳтимоли кўпроқ, ё Хитойда ёки Кореями, Япониями, шунга ўхшаш бир давлатда тикилган бўлиши мумкин. Аммо уни мусулмонлар бичмагани ва тикмагани аниқ. Иштонни бичиш ва тикиш қўлимиздан келмаганидан кейин бу ҳақда талашиб-тортишиб ном чиқариш нечун?
Яна гоҳида “нима учун бошқалар тараққиётга эришиб, мусулмонлар орқада қолган”, деган саволни ҳам ўртага ташлаб қўямиз. Ўша машъум саволнинг жавоби энди аён бўлгандир. Бошқалар ўзини тараққиёт йўлига ва бунга сабаб бўладиган нарсаларга ихлос билан урганлари ва тинмай ҳаракат қилаётганлари сабабли ўзиб кетишган. Биз эса, мустаҳаб бўлишга ҳам арзимайдиган ишлар ҳақида, хотинларнинг ётоқ иштони ҳақида ихлос ва жиддият ила бир-биримиз билан баҳслашаётганимиз учун қолоқ бўлиб турибмиз.
Ўзингиз ўйлаб кўринг: хотин кишининг ётоқ кийимини фақат эри кўриши мумкин, бошқаларнинг мутлақо кўзи тушмайди. Бошқа гапнинг нима кераги бор? Агар шунда ҳам тортишишга борётганлар шариатнинг фарз, вожиб, суннат ва бошқа ҳукмларининг барчасини ўрнига қўйиб, фақат хотинларнинг ётоқ иштонидан бошқа масала қолмади, дейдиган бўлишса, ўзлари билишади.
Агар улар шариат эркак аёлга, аёл эркакка ўхшаш кийим кийишини тақиқлаган десалар, эркакларга атаб тикилган ётоқ иштонни аёллар киймасин, деган қарор чиқарайлик. Бу ҳолда, аёллар ўзларига атаб тикилган ётоқ иштонни кийишса, яхши бўлади. Эслатиб ўтамизки, аёл киши эри билан ёлғиз бўлганида қанақа кийим кийса ҳам, бу маънода нима қилса ҳам жоиз (Аллоҳ билувчидир).
Islom.uzдан кўчирилган матнни ўқидингиз.
Мазкур сайт билимдонларининг айтишича, аёлларнинг ётоқ кийимига оид саволга жавоб шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф жаноблариникидир.
Домланинг жавобидаги аламни ўзимча тушундим. У кишига кўп-кўп раҳматлар айтдим ва сайтнинг шу материал берилган рукнидаги бошқа савол-жавобларга қизиқдим.
Мана бошқа саволлар:
Баданга нақш солса бўладими?
Эркакларнинг қучоқлашиб кўришишлари мумкинми?
Бесоқолбозликка диннинг муносабати қандай?
Аёлларнинг жамоат жойларига хушбўйланиб боришлари мумкинми?
Атир сепилган кийим билан намоз ўқиса бўладими?
Яхши мақсадда ёлғон гапирса бўладими?
Фарзандни ким тарбиялайди?
Қандай ғийбатга рухсат этилган?
Ҳайз ва нифосли аёллар рўзани нима қилади?
Аврат жойларга қараса, нима бўлади?
Бу саволларга қайтарилган бир неча жавобни ўқиган бўлдим.
Жавоблар батафсил эканлигини, саҳиҳ ҳадислар билан пишиқланганини кўрдим.
Лекин охиригача ўқишга сабрим етмади.
“Аврат жойларга қараса, нима бўлади?” деган саволга жавобни ўқишни эса мутлақо ортиқча билдим. “Уят бўлади”, дедим ўзимча ва сайтни ёпиб қўйдим.
Сайтни ёпаркан, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфдек йирик олимнинг қимматли вақтига ачиндим.
Кейин яна сайтни очдиму Сизга илинганим – юқорида қора ҳарфлар билан босилган матнни яна бир марта ўқидим.
Сиз ҳам яна бир марта ўқиб кўринг.