Самимийлик кўчасидан ўтмаган, олдингизда бир гап, ортингиздан бошқа гап айтадиган, айтоврадигану айтганидан қайтоврадиган касни одамлар “Фалончининг иккита тили бор”, деб қўяди.
Ўзбекистон ҳукуматининг тили иккиталиги ҳақида ёзмоқчи эканман, мен унинг (ҳукуматнинг) ҳужжат юритиш тили иккиталигини назарда тутаяпман, холос.
Лекин ўқий бошлаганингиз матндан биринчи абзацдаги маъно келиб чиқса, айб менда эмас, айб ҳукуматнинг ўзида.
Блогнинг ўқиганингиз “бисмилло”сидан кейин айқи-тайқи гап кутаётганларни “хуш кўрдик”.
Блогнинг буёғи - жиддий меҳнат.
Буёғини меҳнатга чидайдиганлар ўқисин.
Биринчи ҳужжат
Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг расмий сайтида 11 июль куни ўзбек ва рус тилларида “Шакар маҳсулоти бўйича расмий пресс-релиз” эълон қилинди.
Ҳужжатнинг ўзбекча матни биринчи абзацида ba’zi (?! – С.У.) savdo do’konlarida shakar mahsulotini chakana narxlarini asossiz oshishini қандай сабаб келтириб чиқаргани тушунтирилган. (Лотин ёзувидаги сўзлар - расмий сайтдан кўчирма)
Ўзбекча матнга кўра, бунга iyun oyida Toshkent shahri va bir qator hududlarda shakar mahsuloti tanqisligi kuzatilгани сабабдир.
Сўнгги жумладаги mahsuloti tanqisligi иборасини эсда тутиб туринг.
Энди русча вариантга ўтамиз. Унда ҳам нархлар “в некоторых торговых точках”дагина асоссиз ошган (Русча сўзлар расмий сайтдан кўчирма).
Нархлар асоссиз ошиши сабаби эса русча матнга кўра бундай: “В течение июня месяца т.г. в г.Ташкенте и ряде регионов возник ажиотаж при приобретении потребителями сахара”.
Яъни “истеъмолчилар шакар харид қилаётганида ажиотаж пайдо бўлган” ва оқибатда баъзи савдо дўконларида нарх ошиб кетган.
Илғадингизми фарқни?
Ўзбекчасида гап айлантирилмай, mahsulot tanqisligi kuzatilгани тан олинаяпти.
Русча тушунтирма замиридан эса “шакар бор эдию харидорлар очкўзлик қилиши оқибатида нарх ошиб кетди”, деган мазмун "мана мен", деб кўриниб турибди.
Қаердан пайдо бўлди бу қадар катта фарқ?
Ҳамма гап, менимча, матбуот учун хабарноманинг аввал русча ёзилиб, кейин ўзбекчага ўгирилганида.
Ҳамма гап рус тили Ўзбекистон ҳукумати учун ҳануз асосий тил бўлиб қолаётганида.
Русча матнни ўзбекчага ўгирган ходимга “возник ажиотаж при приобретении потребителями сахара” деган гапни ўгириш оғирлик қилгану натижада осонгина mahsuloti tanqisligi деган-қўйган – барибир раҳбарият русчасини ўқийди!
“Ажиотаж” сўзидан қўрқиб кетган бўлса керак-да таржимон!
Қўрқманг, Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг расмий сайти таржимони!
“Ажиотаж” сўзи кирган тилимизга – луғатга бир қаранг.
Умуман, вақти-вақти билан луғатга қараб туриш ҳам керак. Кўп нарсани тушунтиради у.
Масалан, икки жилдли русча-ўзбекча луғат “Ажиотаж”ни таржима қилар экан, мана бундай ёзган:
“Ажиотаж – ажиотаж (1 бирор мақсадни кўзлаб сунъий равишда кўтарилган шов-шув; 2 капиталистик мамлакатларда спекулятив мақсадлар билан пул, қимматбаҳо қоғоз, мол ва ш. к. нинг нархини сунъий равишда ошириб ёки камайтириб юбориш).
Луғатдан олинган бу кўчирма шакар нархи нима учун ошиб кетганини ҳам осонгина тушунтириб берганига қойил қолдингизми?
Фақат луғатнинг янги нашрида “капиталистик мамлакатларда” сўзларини “Ўзбекистонда ҳукумат назорати остида” деган сўзларга алмаштириб қўйиш эсдан чиқмаслиги керак.
Иккинчи ҳужжат
Президент Каримов 1 июль куни имзолаган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма уч йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорнинг русча ва ўзбекча матнларини ЎзА агентлиги 1 июль куни эълон қилди.
Мазкур қарор давлат раҳбари имзолайдиган қарордан кўра, кўпроқ пропагандистик мақолага ўхшаши тўғрисида гапириб вақтингизни олмайлик.
Маълумки, давлат раҳбари имзолаган ҳужжат, агар унинг 10 та тилдаги варианти бўлса ҳам, мутлақ бир хил бўлиши керак. Акс ҳолда, у ўз кучини йўқотади. (Жиноят кодексида бир хил жиноят учун ўзбекчасида ўлим жазоси, русчасида уй қамоғи назарда тутилишини тасаввур қилиб кўринг)
Ўрганаётганимиз узундан-узоқ ҳужжатни ҳижжалаб ўқимаймиз.
Русча ва ўзбекча вариантидаги иккитагина фарқни кўрсатиб ўтамиз.
Қарорнинг 3-банди русча вариантда 9 та абзацдан иборат.
Қарорнинг 3-банди ўзбекча вариантда 11 та абзацдан иборат.
Ўзбекча вариант бундай бошланган:
3. Мазкур дастурни тузишда қуйидаги устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратилсин:
тарихан қисқа даврда биз қандай улкан ривожланиш йўлини босиб ўтганимизни баҳолашда “Ким эдигу ким бўлдик?” деган ҳаётий ҳақиқатни асосий ва бош ғоя сифатида белгилаш;
Русча вариант эса бундай бошланган:
3. В программе необходимо обратить особое внимание на следующие приоритетные направления:
раскрыть, как наша страна из отсталой аграрной республики – находившейся в конце прошлого века в пучине острых социальных проблем, занимавшей в бывшем СССР...
...ва ҳоказо.
Қарорнинг русча вариантида ўзбекчадаги “тарихан қисқа даврда биз қандай улкан ривожланиш йўлини босиб ўтганимизни баҳолашда “Ким эдигу ким бўлдик?” деган ҳаётий ҳақиқатни асосий ва бош ғоя сифатида белгилаш” абзаци йўқолиб қолганини илғагандирсиз?
“Ким эдигу ким бўлдик?” деган савол ва умуман, ҳар қандай савол қандай қилиб “ҳаётий ҳақиқат”, боз устига, “бош ғоя” бўлиши мумкин, деб бошингизни қотирмайман. Ахир ҳар қандай алжирашни, ҳатто у Президент қарорида акс этган бўлса ҳам, таҳлил қилиб ўтирмайсиз-ку?!
Мени қарорнинг русча варианти 3-бандидан яна қайси абзац йўқолиб қолгани қизиқтирмаяпти ҳозир.
Мени ўзбекча вариантдаги “Ким эдигу ким бўлдик?” деган ҳаётий ҳақиқат” ҳақидаги абзац нима учун русча вариантга кўчмагани қизиқтираяпти.
Балки, ҳамма гап Ўзбекистонда рус тилида гапирувчиларнинг мақоми ўзгармаганидадир?
Улар бундан 23 йил муқаддам қандай ҳукмрон бўлган бўлса, бугун ҳам ҳукмронлигича қолаётганидадир ҳамма гап?
“Ким эдигу ким бўлдик?” деган ҳаётий ҳақиқат” билан эса фақат ўзбекнинг бошини айлантириш мумкин, рус тилида сўзлашувчиларнинг эмас.
Хуллас, Ўзбекистон ҳукуматининг иккита тили бор...