Санкт-Петербург шаҳрида “Ёшлар” ҳаракати раҳбари ва Муҳожирларни ўқитиш минтақавий маркази бошлиғи Махсуд Абдужабборов йўқолиб қолди. 13 августдан бери бедарак қолаётган фаолнинг яқинлари ва дўстлари уни Ўзбекистон махсус хизматлари ўғирлаган, деб гумон қилмоқда.
Сўнгги бир неча йилдан буён Петербургда яшаб ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ҳуқуқи ҳимояси билан шуғулланиб келган самарқандлик Махсуд Абдужабборов ғойиб бўлиб қолди.
Айтилишича, ҳуқуқ фаоли 12 август куни кечки пайт Москвага жўнаб кетганидан буён яқинлари билан алоқага чиқмаган.
14 август куни Махсуднинг рафиқаси эрининг қўл телефонига тинимсиз қўнғироқ қилган ва ниҳоят, унга жавоб берган номаълум шахс Махсуд Красное Село шаҳридаги Хориж фуқароларини сақлаш марказига олиб борилгани, кейин уни ўша куниёқ эрталабки соат 7:30 ларда хорижий русумдаги автомобилда номаълум манзилга олиб кетишганини билдирган.
Махсуднинг яқинлари барча полиция бўлимлари ва шифохоналарга қўнғироқ қилгани, фақатгина 18 августга келиб Красное Село махсус приёмнигидан "унинг аллақачон депортация қилингани” ҳақида жавоб олганини билдирмоқда.
Оила аъзолари ва яқинлари Махсуд Абдужабборовни Ўзбекистон махсус хизматлари россиялик ҳамкасблари билан келишган ҳолда ўғирлаб кетган, деб иддао қилмоқда.
Махсуд Абдужабборов сўнгги йилларда Россиядаги кўплаб ўзбек диаспоралари, Ўзбекистон элчихонаси ва консуллиги фаолиятини жиддий танқид қилиб келаётган эди.
Фаол фуқаролик позициясига эга 36 ёшли бу шахс ўз маблағлари ҳисобига муҳожирлар ҳимояси билан шуғулланган, Россия ФМС ва полиция идоралари ҳатти-ҳаракатларини танқид қилиб келган.
Махсуд Озодлик радиостанцияси эфиридан ҳам кўп маротаба чиқиш қилган ва Россиядаги ўзбек муҳожирлари масаласида олиб бораётган тадқиқотлари натижаларини эълон қилиб келган.
Хусусан, охирги чиқишларидан бирида у Санкт-Петербургдаги “Ёшлар” ҳаракати фаоллари 4 йил ичида турли сабаблар билан Россиядан юртига ўлиги юборилган ўзбекистонликлар сони 48 минг 674 кишига етганини қайдга олганини очиқлаган эди.