Ўзларини ҳуқуқ ҳимоячиси деб атаган шахслар ҳукуматни муфтият ишларига аралашаётганликда айбламоқда, расмийлар эса Ҳаж зиёратини уюштиришдан даромад топувчи бир гуруҳ одамлар бу йилги даромадидан қуруқ қолгани учун мана шундай жанжални бошлаганини иддао қилаётир.
Ўзини ҳуқуқ фаоли деб атаган ёшлардан бири Келдибек Аскаралиев Бишкекда ўтган матбуот анжуманида Қирғизистон парламенти раиси Асилбек Жээнбековни ва ҳукумат қошидаги Дин ишлари қўмитаси раиси Ўрўзбек Молдалиевни бевосита муфтият ишларига аралашаётганликда, турли лавозимларга ўз одамларини ишга жойлаш учун муфтиятга босим ўтказаётганликда айблади.
Қирғизистон парламенти раиси Асилбек Жээнбековнинг матбуот котиби Нурканбек Керимбаев спикер муфтият ишларига аралашаётгани тўғрисидаги иддаоларни рад этди. Ҳукумат қошидаги Дин ишлари қўмитаси раиси Ўрўзбек Мўлдалиев эса бу каби баёнотларни бу йилги Ҳаж зиёратини уютиришдан тушадиган даромаддан қуруқ қолган собиқ ҳожибошилар уюштирган, деган фикрда.
-Бу одамларнинг айтаётган гаплари бир-бириникидан фарқ қилмайди. Бу каби баёнотларни уюштираётганлар бор. Негаки, бу йилги Ҳаж мавсумида улар даромаддан қурқуқ қолишди, -деди Ўрўзбек Мўлдалиев.
Қирғизистонда ҳар йили Ҳаж мавсумида ва ундан кейинги бир неча ой давомида Ҳаж зиёрати билан боғлиқ жанжаллар бўлиши анъанага айланган. Бу жанжалларнинг энг каттаси 2011 йилда президент маъмурияти раҳбари лавозимида ишлаган Эмил Қаптагаев билан боғлиқ.
Парламент депутатлари мазкур сиёсатчи ўз лавозимидан фойдаланган ҳолда 2010 йилги Ҳаж мавсумини уюштириш ишларига аралашган ва миллионлаб доллар маблағни ўзлаштириб олган, деган айбловни олға сурган эдилар.
Ўзини ҳуқуқ фаоли деб атаган Келдибек Аскаралиев 22 сентябрда ўтган матбуот анжуманида юқори лавозимли шахслар муфтий Мақсат ҳожи Тўктўмушев билан тил бириктирган ҳолда “Таблиғи жамоат” вакилларини ҳимоя қилиб, уларни диний идорадаги лавозимларга тайинлаётганини ҳам иддао қилди.
-Даъватчилар, яъни “Таблиғи жамоат” Қозоғистон ва Россияда эсктремистик ташкилот деб тан олинган. Қирғизистонда эса улар депутатлар ва амалдорлар даражасида ҳимоя қилинмоқда. Муфтий Тўктўмушев “Таблиғи жамоат” аъзоси бўлмаганларни ишдан бўшатиб, уларнинг ўрнига “таблиғ”чиларни қўймоқда, -деди Келдибек Аскаралиев.
Қирғизистон муфтийси Мақсат ҳожи Тўктўмушев эса 23 сентябрда махсус матбуот анжумани ўтказиб, унда “Таблиғи жамоат”ни ҳимоя қилди:
-“Таблиғ” етказиш деган маънони билдиради. Ким халққа диндаги яхшиликларни еткизаётган бўлса, ўша одам “Таблиғи жамоат”дир. Худога шукур, “таблиғ”чилар шу кунгача сиёсатга қарши чиқиб, кимнидир ўлдиргани ёки портлашларни уюштиргани йўқ. Аксинча, улар халқни бирдамликка чақириб, яхши ишларни қилаяпти, -деди Мақсат ҳожи Тўктўмушев.
Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, “Таблиғи жамоат” Ўзбекистонда ҳам таъқиқланган. Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жиноят қидирув ва терроризмга қарши кураш бош бошқармаси томонидан тузилган ва шу йилнинг февралида эълон қилинган қидирилаётган рўйхатига 1444 шахс киритилган.
Қидирилаётганларнинг 633 нафари Ўзбекистон исломий ҳаракати, 298 нафари акромийлик, 295 нафари жиҳодчилик, 125 нафари Ҳизбут-Таҳрир, 62 нафари Исломий жиҳод иттифоқи, 25 нафари нурчилар, 4 нафари Таблиғи жамоат, 2 нафари эса Товба гуруҳига аъзоликда гумон қилинмоқда.