Каримов Порошенкони Минскка келмагани учун танқид қилди

Президент Ислом Каримов (ўнгда) Белорус Президенти Лукашенко (чапда) билан Минскдаги саммитда.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов украиналик ҳамкасби Петро Порошенкони Минскдаги МДҲ саммитига келмагани учун танқид қилди. Аввалроқ Укрaинa МДҲ тaркибидaн чиқиш ниятини билдиргaн, лекин ҳозирча расман ушбу тузилма таркибида қолмоқда.

- МДҲга аъзо мамлакатлар раҳбарларидан қай биримиз жаноб Порошенко билан юзма юз учрашган? Фақат бир нечамиз.Ўтган давр ичида у Европанинг кўплаб мамлакатлари, айниқса Брюсселда кўп бўлди. Шунингдек, у бошқа мамлакатларга ҳам борди, қайсилигини айтмасак ҳам бўлади. Лекин, у МДҲнинг навбатдаги саммитида қатнашиб, бугунги имкониятдан фойдаланмади. Айтиш керакки Украина расман ҳали ҳам МДҲ таркибида қолмоқда. У афтидан МДҲдан чиқиш уни фойдасигами ёки йўқлиги борасида бир тўхтамга келмаган, - деди Ислом Каримов.

Украина раҳбарияти МДҲ таркибидан чиқиши ҳақида баёнотлар берган эса-да, расман ушбу тузилма таркибида қолмоқда.

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг Минскда ўтаётган саммитида Украинани мазкур мамлакатнинг Белорусдаги элчиси Михаил Ежель тамсил этмоқда.

Жаноб Ежель Киев раҳбарияти Украинадаги бўҳронни тинч ҳал этиш ниятида экани ва бу борада МДҲ мамлакатлари дастагига таянишини таъкидлаган.

9 октябрь куни Украина президенти Петро Порошенко Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар раҳбарларининг Минскда ўтадиган саммитига боролмаслигини айтиб, узр сўраганди.

Жаноб Каримов Минскдаги йиғинда "Порошенко бу ерга келиб бизни ёнимизда ўтириб мулоқот қилса яхши бўлар эди”, деди.

Ислом Каримов, шунингдек, Киев раҳбарининг Минскга келиши Украина масаласининг ечимига ойдинлик киритган бўлар эди, деб ҳам айтган.

Саммит ҳозирги пайтда Ҳамдўстликка раислик қилаётган Беларус пойтахтида ўтмоқда. Саммитда 20га яқин масала муҳокама этилиши кўзда тутилган.

Улар орасида МДҲ маконида наркотрафикка қарши кураш ва келгуси йил 9 майида нишонланадиган Иккинчи жаҳон урушида эришилган ғалабанинг 70 йиллигини бирга нишонлаш масалалари бор.

Минскдаги МДҲ саммитида Украинадан ташқари ташкилотга аъзо барча мамлакатларнинг президентлари қатнашмоқда.