"Ўзбекистон" телеканалининг Европадан қочқинлик олган ўзбекистонликларни жиҳодчилик ва бесоқолбозликда айблаб, намойиш қилган кўрсатувидан сўнг Норвегия ўзбек қочқинларининг депортациясини тўхтади.
Бу ҳақда Озодликка Норвегия иммиграция хизматидаги манба маълум қилди.
11 декабрь куни "Ўзбекистон" телеканали орқали намойиш қилинган "Хиёнат" кўрсатувида Норвегияда сохта кўрсатмалар билан қочқинлик мақоми олган ўзбеклар кўплиги, улар жиҳодчилар сафига қўшилаётгани иддао қилинган. Шунингдек, кўрсатувда Европадаги "жиҳодчи ўзбеклар" бесоқолбозликда айбланган.
35 дақиқадан иборат "Хиёнат ёхуд ватанга қарши ишлатишнинг янги усули" деб номланган кўрсатувда тошкентлик олти йигитнинг Норвегияга бориб, қочқинлик олгани ва жиҳодчилар сафига қўшилгани даъво қилинган.
Тахминларга кўра, тергов изоляторида суратга олинган тасвирларда 28-37 ёшлардаги Тошкент шаҳридан деб таништирилган олти йигит "кўрсатма" берган.
"Хиёнат" давомида тошкентлик олти йигит Норвегияда яширин фаолият кўрсатган диний-экстремистик оқимга аъзо бўлгани, уларга Ослодаги Абдувоҳид исмли имом бошчилик қилганини айтишади.
Жиҳодчиликка тайёрланганларини "бўйнига олган" бу йигитлар бесоқолбозлик билан ҳам шуғулланганликларини "эътироф этганлар".
Жумладан, 28 ёшли Асадулла Ризқиев ва 37 ёшли Шуҳрат Илҳомов бесоқолбозлик билан шуғулланганликларини камера олдида "тан олиб" гапиришади.
Кўрсатувда шу икки йигитнинг сўзидан ташқари "жиҳодчи ўзбеклар" бесоқолбозлик билан шуғулланганаётганига оид бирор факт келтирилмайди.
Бу олти йигитнинг ҳозирги тақдири ҳақида "Хиёнат"да бирор маълумот йўқ. Тергов тугаб, иш маҳкамага ошганми ёки йигитлар аллақачон қамоқ жазосини ўтаяптими - булар кўрсатувда очиқланмаган.
Озодлик Тошкентдаги ҳуқуқ-тартибот идораларидан бу борада бирор маълумот олишга муваффақ бўлолмади.
Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти маълумотига кўра, Норвегиядан Ўзбекистонга қайтган 18 киши тазйиқ ва босимга учраган.