Бекободга бозорлик қилиш учун борган Зоҳир Худойқулов деҳқон бозорида маҳсулотлари мусодара қилинган аёлларга юқори органларга шикоят ёзишни тавсия қилгани учун участковой томонидан бир неча соат давомида калтакланганини иддао қилмоқда.
Бекобод туманидаги Тақачи қишлоғида истиқомат қилувчи Зоҳир Худойқуловнинг Озодлик радиосига билдиришича, у 8 январь куни Бекобод деҳқон бозорига бозорлик қилиш учун борган. У ерда Зоҳир Худойқулов милиция ходимлари айрим савдогар аёллар сотаётган озиқ-овқат маҳсулотлари мусодара қилинаётгани устидан чиққан. Суҳбатдошимиз милиция ходимларининг ўзаро гапларидан маҳсулотлар қариялар уйи фойдасига мусодара қилинаётганини англаган. Бир оздан сўнг Худойқулов бозордаги милиция участкаси олдида ўнга яқин аёллар тўпланиб турганини кўрган. У аёллардан нега бу ерда турганларини сўраганида, савдогар аёллар унга маҳсулотлари мусодара қилинаётганини айтган. Шундан сўнг Зоҳир Худойқулов савдогар аёлларга “агар маҳсулотингиз ноқонуний мусодара қилинган бўлса, бу ерда туриш ўрнига юқори органларга шикоят ёзинг”, деб маслаҳат берган. Мана шу гапдан сўнг уни милиция ходимлари қўлга олиб, бир неча соат давомида қаттиқ калтаклаган.
-Мен аёлларга ҳақ бўлсаларинг шикоят қилинглар, дедим. Шу гапни айтдиму кетдим. Бир вақт помидор олаётсам уч-тўртта милиционер келиб: “Участкага юринг, ўша ерда гаплашамиз”, деб куч билан олиб кетди. Участкада участковой “Сени 15 суткага жўнатаман”, деб дўқ қилди. “Сенга қонун керакми, ҳозир сенга қонунни кўрсатаман”, деб қўл остидаги милиционерларга “Бу бизнинг ишимизга тўсқинлик қилди, деган протокол ёзишасан”, деб буйруқ берди, -деди Зоҳир Ҳудойқулов.
Суҳбатдошимизнинг айтишича, шундан сўнг уни туман милиция бўлимига олиб боришган.
-Соат 12.30лар атрофида милиция бўлимига олиб кириб кетишди. Бу ерда мени соат учларгача дўппослаб калтаклашди, -деди Зоҳир Худойқулов.
Тошкентлик ҳуқу фаоли Шуҳрат Рустамовнинг айтишича, милиция ходимлари калтакларидан ички аъзолари қаттиқ лат еган Зоҳир Худойқулов тумандаги касалхоналардан бирига мурожаат қилган, лекин шифокорларга уни милиция ходимлари калтаклаганини айтмаган.
-УЗИда текширганларида унинг буйрагида жиддий ўзгаришлар бўлгани аниқланган. Истима чиқа бошлаган. У касалхонага келганидан озроқ вақт ўтиб, милициянинг жиноят қидирув бўлими ходимлари касалхонага келиб, шифокорлардан Худойқуловни касалхонадан чиқаришни талаб қилган. Хуллас у ерда ҳам бир –икки соат жанжал бўлган, -деди ҳуқуқ фаоли.
Шуҳрат Рустамовнинг айтишича, айни пайтда Зоҳир Худойқулов Тошкентдаги касалхоналардан бирида даволанмоқда. Унинг иши бўйича маълумотлар Ўзбекистон Бош прокуратурасига жўнатилган.
Мазкур мақола тайёрланаётган пайтда Ўзбекистоннинг Сўх экславидаги мактаблардан бирининг директори Озодлик мухбирига сим қоқди. Ўзини Садриддин деб таништирган мактаб директорининг айтишича, Сўх туманидаги қишлоқлардан бирида ҳам худди шунга ўхшаш воқеа содир бўлган. Суҳбатдошимизнинг айтишича, Сўх тумани Шарқобод қишлоғи участковойи маҳаллий мактаб директорини гап қайтаргани учун 15 суткага қамаб қўйган.
-Бизда Шарқобод деган қишлоқ бор. Мана шу қишлоқдаги мактабнинг директори Жума Жамол деган шоир, ёзувчи одам эди. Авваллари туман газетасида журналист бўлиб ишлаган, Сўхда обрўси жуда катта одам. Билмадик, участкавой милиционернинг унда бир адовати борми, гап қайтаргани учун 15 суткага қамаб қўйибди. Ахир бу туманда таниқли бўлган зиёли, шоир одамга нисбатан хурматсизлик-ку, -деди суҳбатдош.
Озодлик мухбири воқеа тафсилотларини ўрганиш учун Сўх тумани расмийларига мурожаат қилди. Бироқ расмийлар мажлисларда банд эканликларини айтишиб, бу воқеа юзасидан изоҳ беришни истамади.