Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари Норвегиядаги меҳнат муҳожирлигидан Тошкентга қайтгач диний мотивлар ва Конституциявий тузимга тажовуз қилганликда айбланиб 12-13 йилга қамалган 6 йигитга нисбатан тергов давомида қўлланилган қийноқлар юзасидан тергов ўтказишни талаб қилмоқда.
Тошкент вилоят жиноят ишлари суди 24 декабрь куни Норвегияда меҳнат муҳожирлигида бўлиб, 2014 йил баҳорида Ўзбекистонга қайтган Шуҳрат Илҳомов, Даврон Рахмонов, Асад Рихсиев, Жаҳонгир Тожиев, Зафар Каримов, Ахмаджон Холиқовларнинг ҳар бирини 12 йилдан 13 йилгача озодликдан маҳрум қилгани ҳақида Озодлик радиоси ўз вақтида хабар берган эди.
Маҳбусларнинг яқинлари мазкур шахслар тергов жараёнида қийноқларга солинганини айтмоқда.
-Мени хўжайиним суд залида “Мени оёғимга ургани учун мен кўрсатмаларга мажбур бўлиб қўл қўйиб бердим”, деб айтдилар. Мен ҳамма ёққа ёздим. Буларнинг ҳаммаси суд залида тасдиғини топди, лекин инобатга олинмади, -деди 12 йилга қамалган Шуҳрат Илҳомовнинг рафиқаси Дилноза Илҳомова.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Тошкентдаги Ҳуқуқ фаоллари альянсининг билдиришича, тергов давомида қўлга олинган шахсларга олти кун ухлашга рухсат берилмаган, бир неча кун давомида аёвсиз калтакланган, электр токи билан қийноққа солинган. Айбланувчи Даврон Рахмоновнинг тили қийноқларга солиш жараёнида йиртиб ташланган.
Тошкентлик ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамов судда судланувчиларнинг қийноқлар тўғрисидаги баёнотлари эътиборга олинмагани учун ҳам суд жараёни қонунбузарликлар билан ўтди, деб ҳисоблайди:
-Маҳбусларга тазйиқ ўтказилган, қийноқлар қўлланилган. Судда судланувчилар қийноқлар ҳақида кўрсатма беришди. Улар кўрсатмаларга қийноқлар остида қўл қўйганларини ҳам айтишди. Суд айбловни кўриб чиқишдан олдин қийноқлар тўғрисидаги масалани кўриб чиқиши керак эди. Бироқ суд бу масалани кўриб чиқмасдан туриб, айбловни кўра бошлади. Суд жараёни бир ёқлама бўлган, чунки судланувчиларнинг эътирозлари, қийноқлар тўғрисидаги баёнотлари эътиборга олинмаган, -деди Шуҳрат Рустамов.
Шундан келиб чиққан ҳолда Ҳуқуқ фаоллари альянси халқаро ҳамжамиятни, жумладан, Норвегиядаги ҳуқуқ фаолларини юзага келган вазиятга тезкор равишда муносабат билдиришга, Ўзбекистон ҳукуматини номи айтиб ўтилган маҳбусларга қўлланилган қийноқлар юзасидан тергов ўтказишга чақиришга даъват этмоқда.
-Биз халқаро ҳамжамиятни ва Норвегия ҳуқуқ фаоллари эътиборини мазкур масалага қаратмоқчимиз. Қийноқлар масаласи долзарб бўлиб тургани учун ҳам бу мавзуга қайтишимиз лозим, -деди тошкентлик ҳуқуқ фаоли Елена Урлаева.
Шуҳрат Илҳомов, Даврон Рахмонов, Асад Рихсиев, Жаҳонгир Тожиев, Зафар Каримов, Ахмаджон Холиқов бир неча йиллик меҳнат муҳожирлигидан сўнг 2014 йил баҳорида Норвегиядан Тошкентга қайтган. Ўтган йилнинг июль ойида бу шахслар ноқонуний диний тузилмага аъзо бўлганликда ва Конституциявий тузимга тажовузда айбланиб қўлга олинган эди.
Озодлик радиоси 15 декабрь кунги эшиттиришида “Ўзбекистон” телеканалида 37 ёшли Шуҳрат Илҳомов, 30 ёшли Даврон Рахмонов, 28 ёшли Асад Рихсиев, 38 ёшли Жаҳонгир Тожиев, 29 ёшли Зафар Каримов, 34 ёшли Ахмаджон Холиқов ҳақида “Хиёнат” деб номланган фильмни намойиш қилгани ҳақида хабар берган эди.
11 декабрь куни намойиш этилган мазкур фильмда “Ўзбекистон” телеканали ҳали суд ҳукми ўқилмай туриб, айбланувчилар Норвегияда яширин фаолият кўрсатган диний-экстремистик оқимга аъзо бўлгани, уларга Ослодаги Абдувоҳид исмли имом бошчилик қилганини айтган.
"Ўзбекистон" телеканалининг ўзбекистонликларни жиҳодчилик ва бесоқолбозликда айблаб, намойиш қилган кўрсатувидан сўнг Норвегия ўзбек қочқинларининг депортациясини тўхтади.
Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти маълумотига кўра, Норвегиядан Ўзбекистонга қайтган 18 киши тазйиқ ва босимга учраган.