Франция Президенти Франсуа Олланд ўз мамлакати барча динларни ҳимоя қилишини ваъда қилиб, Ислом билан демократия бир-бирига мос кела олишига ишонишини баён қилди.
Олланд бу фикрларни 15 январь куни Париждаги Араб дунёси институтида қилган чиқишида билдирди. Ўтган ҳафта Парижда исломчилар амалга оширган террор ҳуружи оқибатида 17 киши ҳалок бўлди.
Олланд ўз нутқида “мутаассиблик, фундаментализм ва тоқатсизликнинг асосий қурбонлари” мусулмонлардир, дея таъкидлаб, ҳужумдан кейин Франция билан бирдамлигини намойиш қилган арабларга миннатдорчилик билдирди.
11 январь куни Парижда террор ҳужуми қурбонлари хотирлаш ҳамда Charlie Hebdo ҳажвий журналининг омон қолган ходимларини қўллаб-қувватлаш учун Франция бўйлаб миллионлаб одам бирдамлик юришида иштирок этди.
Ҳодисада саккиз журналисти ҳалок бўлган Charlie Hebdo кеча журналнинг янги сонини кўп миллионлик адад билан чоп қилди.