14 февраль куни Нью Йоркда ўзбекистонлик ўта оғир вазндаги боксчи, WBA/NABA чемпионлик камари соҳиби Аҳрор Муралимов “IBF North American” чемпионлиги учун рингга тушади. Тўйтепалик 28 яшар Аҳрор Озодлик билан суҳбатда ушбу мусобақада ғолиб чиқса, дунёнинг энг яхши боксчилари йигирмалигидан жой олишини айтди.
Ушбу жангда унинг рақиби америкалик боксчи Деррик Росси бўлади. Ҳозирда АҚШда профессионал бокс билан шуғулланаётган
Аҳрор Муралимов 14 февралдаги жангда WBA/NABA камарини ҳимоя қилиш билан бирга “IBF North American” камари учун жанг олиб боради.
Мусобақа арафасида Озодликка берган интервьюсида Аҳрор Муралимов¸ агар ушбу мусобақада ғалабага эришса, дунёдаги энг кучли боксчилар рўйхатида йигирманчи поғонага чиқа олишига умид қилмоқда:
- Олдинги жангим оғир вазндаги NABF йўналиши бўйича эди. Унда Жейсон Бергманни иккинчи раундда нокаут билан ютганман. Ҳозир энди оғир вазнда NABF Шимолий Америка йўналишида жанг. Дунë бўйича кучли 1500 боксчи бўладиган бўлса, Худо хоҳласа ютсам йигирманчи поғонага чиқишим мумкин.
Рақибим Деррик Росси. У 29 та ғалаба қозонган, 8 та мағлубиятга учраган, 5 марта нокаут билан ютқазган. Нокаут бўлгани энди жуда оғир нокаут билан ютқазмаган. Жуда ҳам тажрибали рақиб¸ десам бўлади. Ўтган жангидан битта олдинги жангида Жо Ҳенксни ютган. Россининг охирги икки рақибида кучли зарбалар йўқ эди. Мен ҳамма жангларини текшириб чиқдим. Худо хоҳласа¸ чиройли жанг билан ютамиз деган мақсад бор,- дейди Аҳрор Муралимов.
Аҳрор профессионал боксда жами 16 марта рингга тушиб, барчасида ғалаба қозонган. 16 та жангнинг 13 тасини нокаут билан якунлаган:
- Қўрқув йўқ¸ 14 ëшимда йўқотганман қўрқувни. Менимча, ўзимни ўзим яхши тарбиялай олдим,x деб ўйлайман. Барча спорт турида ўзи қўрқув эмас, ҳаяжон бўлади. Одам тўғри тактика қила олса, қўрқмайди. Биринчидан, қўрққан одам рингга чиқмайди. Иккинчидан, ҳар бир одамда режа бўлиши керак. Мен кўпроқ “қанақа қилиб ютаман буни” деб ўйлайман,- дейди Аҳрор.
“Юртдошларим дуоси мени қўллайди”
Аҳрор Муралимовнинг америкалик Деррик Росси билан жанги 14 февраль куни Нью Йорк Штати Квинс шаҳарчасидаги “Sal Musumeci’s Final Forum Boxing” маркази “Resorts World Casino New York City” саройида бўлиб ўтади.
Чарм қўлқоп устаси Аҳрорбек кутилаётган мусобақада Америкадаги юртдошларининг қўллаб-қувватлашига умид билдиради:
- Дунёнинг турли бурчагида яшаётган ўзбекларимизга алангали салом. Ҳар доим бизни қўллаб-қувватлашини жуда ҳам хоҳлардим. Ўзим, Баҳодир Мамажонов, Равшан Худайназаров каби жуда кўп ёшларимиз профессионал боксга ўтишаяпти. Муxлислардан уларни ҳар доим қўллаб- қувватлашини сўрардим. Бизга ўзбекларнинг эътибори қанча бўлса, бу бизга шунча адреналин бўлади деб ўйлайман, - деди Озодлик билан суҳбатда Аҳрор Муралимов.
Аҳрор Муралимов билан суҳбатни қуйида тўлиқ тинглашингиз мумкин:
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Аҳрор Муралимов 1987 йилнинг 22 декабрида Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманида таваллуд топган.
2005 йилда Покистонда бўлиб ўтган бокс бўйича Осиё чемпионатида ғолибликни қўлга киритган.
2011 йилда профессионал бокс бўйича Ўзбекистон чемпиони бўлган.
2013 йил эса Россияда бўлиб ўтган бокс турнири ғолиб бўлган.
2014 йилда АҚШда WBA/NABA йўналишида чемпионлик камарини қўлга киритган.