Урлаеванинг Кўксарой олдидаги пикети 20 дақиқа давом этди

Ўзбекистон президентининг Кўксарой резиденцияси олдида 20 февраль куни пикет ўтказган ҳуқуқ фаоли Елена Урлаева Тошкент вилоят Қибрай туман ички ишлар бошқармасига олиб кетилди ва 7 соат давомида ушлаб турилди.

Бу ҳақда Тошкентдаги “Альянс” ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти хабар тарқатди. Хабарда айтилишича, Урлаеванинг пикети 20 дақиқа давом этган, шундан сўнг милиция ходимлари келиб, уни бошқармага олиб кетган.

Елена Урлаева мустақил журналист Малоҳат Эшонкулова, ҳуқуқ фаоллари Ўктам Пардаев, Шухрат Рустамов, Алиқул Саримсақов, Дмитрий Тихонов ва ўзига мамлакатдан чиқиш визаси берилмаётганига норозилик сифатида иккинчи марта пикет ўтказмоқда.

Бундан аввалги пикет 12 февраль куни Тошкентдаги президент девони биноси олдида ўтказилган эди. Ўша пикетда қатнашган беш нафар ҳуқуқ фаоли Тошкент шаҳар Яккасарой туман ички ишлар бошқармасига олиб кетилган ва етти соатдан сўнг озод қилинган эди.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг 29 мартда ўтказиладиган сайловда номзод сифатида иштирок этиши ноқонуний экани тўғрисида Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларига ариза ёзган Елена Урлаева Жанубий Кореядаги Tji Hak-Soon жамғармасининг ҳуқуқ фаолларига берилувчи “Адолат ва тинчлик” халқаро мукофоти билан тақдирланган.

-Икки ҳуқуқ фаоли мукофот билан тақдирлаш маросимига учиб кетиши керак. Шунинг учун ҳам ҳукумат бизга чиқиш визасини беришни ҳеч қандай сабабларсиз ва асоссларсиз пайсалга солиб келмоқда, -деди Елена Урлаева.

Мукофотнинг топширилиш маросими 11 март куни Сеулда бўлиб ўтади. Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари эса 10 март куни Тошкентдан учиб кетишлари керак.

Тошкентлик ҳуқуқ фаоли Шухрат Рустамов чиқиш визаси берилиши талаби билан Ўзбекистон президенти девонига ҳам шахсан кириб, масъул шахсларга ўз қўли билан шикоят хатини топширганини, аммо бу аризасига ҳам ҳалигача жавоб ололмаганини айтди:

-Мен бу масалада президент аппаратига ҳам бордим. “Жавоб берамиз”, дейишди. Шикоят берганимга қирқ кундан ошиб кетди. Аммо шу кунгача ҳали жавоб беришгани йўқ. Жуманиёзов Хамро деган одамнинг қабулига кириб чиққан эдим, -деди Шухрат Рустамов.

Елена Урлаева ва яна бир қатор ҳуқуқ фаоллари Ўзбекистон президенти Ислом Каримов яна бир бор президентликка ўз номзодини кўрсатганидан норозилик билдириб келади.

Масалан, 3 февраль куни ҳуқуқ фаоллари Елена Урлаева, Шуҳрат Рустамов ва мустақил журналист Малоҳат Эшонқулова Ислом Каримов президентликка номзод сифатида рўйхатга олинмаслигини талаб қилиб Ўзбекистон Бош прокуратураси, Ўзбекистон Конституциявий суди ва Марказий сайлов комиссиясига мурожаат қилган эди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқи ҳимоячилари ташаббус гуруҳи эса 3 февралда 29 мартдаги президентлик сайловларида Ислом Каримовга овоз бермаслик ёки сайловларни бойкот қилишга чақирган баёнотни Интернет тармоғи орқали эълон қилган.

Ҳуқуқ фаоллари Ислом Каримов Ўзбекистон Конституциясининг 90-моддасига зид равишда уч марта президентлик муддатини ўтаб бўлган, деб ҳисоблайди.Конституциянинг мазкур моддасида бир шахс қаторасига икки муддатдан ортиқ президент бўла олмаслиги қайд этилган.