Россия Президенти Владимир Путин кейинги 10 кун ичида илк бор жамоатчиликка кўриниш берди. 5 мартда ғойиб бўлган Путин 16 март куни Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаев билан Санкт Петербургдаги Константин қасрида учрашди.
Россия президентининг саломатлиги ёмонлашгани тўғрисидаги миш-мишлар Путин 12-13 февраль куни Остонада ҳамкасблари Нурсултон Назарбоев ва Александр Лукашенка билан аввалдан режалаштирилган йиғинга бормагани ортидан кучайган эди.
62 ёшли Путиннинг бемор эканлиги тўғрисидаги миш-мишларни 5 мартдан 16 мартгача Кремль расман бир неча маротаба рад этса-да, унинг қаерда экани очиқ айтилмаган. Бу эса ижтимоий тармоқларда “Путин спортчи Алина Кабаевадан ўғил фарзанд кўрибди, шунинг учун Швейцарияда экан”, “Путин Кремлдаги давлат тўнтариши қурбони бўлган бўлиши эҳтимол, балки уни ўлдиришган ҳамдир” қабилидаги миш-мишларнинг янада кенгроқ ёйилишига сабаб бўлди.
Мана шу каби тасдиқланмаган хабарлар ортидан Путин 16 март куни Санкт Петербургда Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев билан учрашув пайтида жамоатчиликка кўриниш берди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Путин ўз соғлиғи ҳақидаги гап-сўзларга изоҳ берар экан: “Миш мишларсиз ҳаёт зерикарли бўлар эди”, деб ҳазил қилди.
Президент Атамбаев эса Путиннинг соғлиғи аъло даражда эканини таъкидлаб: ”Ҳозиргина Владимир Владимирович мени қаср ҳудудида машинасида сайр қилдирди. У рулда ўзи ўтирди. Бу гапни ғийбатлар камроқ бўлиши учун айтаяпман. Мен ҳам ўзим ҳақимда турли ғийбатларни эшитаман ва бу унча тўғри эмас. Россия президенти нафақат юрибди, балки машинани ҳам жуда тез бошқараяпти. Меҳмонларни машинада сайр қилдираяпти. Руслар айтганидек, не дождетесь!” деб айтди.
Кейинги 10 кун ичида жамоатчиликка биринчи марта кўриниш берган Путин хушхол, лекин бир оз ранги оқарган ҳолда намоён бўлди. Путиннинг юриш-туришида жиддий тиббий ёрдамга муҳтож бўлган одам ҳаракатлари кузатилмади.
Путин ва Атамбаев учрашувида Қирғизистонни Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилиши масаласи муҳокама қилинди. Қирғизистон ҳукумати ўтган йилнинг якунида 2015 йилнинг 1 январидан Евросиё иқтисодий иттифоқи деб атала бошланган Божхона иттифоқига қўшилиш шартномасини имзолаган эди. Шартномада Қирғизистон май ойидан бошлаб иттифоқнинг тўлақонли аъзоси бўлиши режалаштирилган.
-Қирғизистон иқтисоди Россия, Қозоғистон, Белорусь ва Арманистон иқтисодига мослаштирилиши якуний мақсад эканини биламиз ва бу ҳақда кўп гапирганмиз. Албатта, бу сўзсиз ҳал қилинадиган масалалардир ва биз бу масалаларни қанчалик тез ҳал қилсак, шунча яхши бўлади, - деб билдирди Путин.
Россия президенти жамоатчиликка кўриниш берган 16 март куни Қозоғистон президенти матбуот хизмати ҳам расмий баёнот тарқатди. Баёнотда айтилишича, 12-13 март кунлари ўтказилмай қолган Назарбоев, Лукашенка ва Путин учрашуви Остонада 20 мартда ўтказилади.
Путиннинг жамоатчиликка кўриниш бериши Россияда Қрим аннекция этилганига бир йил тўлиши байрам қилинаётган бир пайтга тўғри келди. Москва Қримни ўзига қўшиб олганини Европа иттифоқи ва АҚШ кескин қоралаган ҳамда Россияга нисбатан санкциялар жорий этган эди.