Касалхонада сақланаётган ҳуқуқ фаолини ҳеч кимга кўрсатишмаяпти

Бундан 16 кун аввал Тошкентда бедарак кетган ва кейинчалик Жиззах вилоят руҳий касалликлар шифохонасидан топилган ҳуқуқ фаоли Алиқул Саримсоқовнинг олдига шифокорлар ҳеч кимни киритмаяпти ва уни ҳеч кимга кўрсатишмаяпти. Бу ҳақда Озодликка жиззахлик ҳуқуқ фаоли Ўктам Пардаев маълум қилди.

Ўктам Пардаев: "Алиқул жиннихонада ҳам юқорининг назорати остида экан"

Жорий йилнинг 3 март куни Тошкентда бедарак кетган жиззахлик ҳуқуқ фаоли Алиқул Саримсоқов орадан 8 кун ўтгач, яъни 10 март куни Жиззах вилоят руҳий касалликлар шифохонасидан топилган эди. Ҳуқуқ фаолли Шуҳрат Рустамов Алиқул Саримсоқов Тошкентда Яккасарой туман ички ишлар бўлими ходимлари томонидан олиб қочилиб, Жиззахга олиб борилгани ва у ерда Жиззах вилоят милицияси томонидан мажбурий тарзда жиннихонага ётқизилгани ҳақида хабар берган.

Жиззахлик ҳуқуқ фаоли Ўктам Пардаев Озодлик билан суҳбатда руҳий касаллар шифохонасида сақланаётган Алиқул Саримсақовнинг олдига ҳеч ким киритилмаётгани ва у яқинларига ҳам кўрсатилмаётгани ҳақида гапириб берди:

-Кеча кечқурун, яъни 18 март куни Жиззах руҳий касаллар шифохонасига бордим. Уни менга кўрсатишмади. Чунки юқоридан қандайдир буйруқ бор экан, у назорат остида экан. Унинг олдига ким келаяпти, ким кетаяпти, ким хабар олаяпти - мана шулар ҳақида ҳам шифокорлар юқорига сводка бериб туриши керак экан. Сайловгача Алиқул Саримсоқовни чиқариш мумкин эмас экан, шундай буйруқ бор экан, - деди Ўктам Пардаев.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Жиннихонада сақланаётган ҳуқуқ фаолини ҳеч кимга кўрсатишмаяпти

Суҳбатдошимизнинг айтишича, у бу маълумотларни руҳий касалликлар шифохонаси врачидан олган. Ўктам Пардаевга кўра, врач Саримсоқовнинг соғлиғи бир неча кун аввал ёмонлашганини, иштахаси йўқолганини ва овқат емай қўйганини, аммо бугунги кунга келиб унинг саломатлиги яхшилана бошлаганини айтган.

Алиқул Саримсоқовнинг милиция томонидан мажбурий тарзда руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилгани тўғрисидаги иддаоларга Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси шу кунгача тушунтириш бергани йўқ. Бу борадаги Озодлик уринишлари ҳам натижасиз якунланди.

Шуҳрат Рустамов: "Жиннихонада Алиқул Саримсоқов ноқонуний сақланмоқда"

Тошкентлик ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамовнинг айтишича, ўтган йили ҳам Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев устидан Олий Судга ариза топширган Алиқул Саримсоқов Жиззах милицияси томонидан ноқонуний равишда руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилган экан.

-Ўтган йилнинг июнида ҳам худди мана шундай ҳолат бўлган эди. Уни УВДга чақиртиришган, кечгача олиб ўтиришиб, кейин кечқурун тўртта милиция ходими уни жиннихонага жойлаб келган. Булар бир шахсни иккинчи марта ноқонуний равишда жиннихонага ётқизаяпти. Чунки мажбурий равишда психбольницага жойлаш учун суднинг ажрими бўлиши керак. Ўтган йили ҳам, бу йили ҳам бундай суд ажрими бўлмаган. Ўтган йили Алиқул Саримсоқовни 16 кун ноқонуний равишда жиннихонада сақлашган, - деди Шуҳрат Рустамов.

Алиқул Саримсоқов: "Мен тинч яшашим учун расмийларга ёқишим керак экан"

Алиқул Саримсоқов 2015 йилнинг 29 январида Озодлик радиосига берган суҳбатида туман ҳокимларидан бирининг кирдикорларини фош қилгани ортидан ўзига нисбатан тақиблар кучайгани ҳақида гапириб берган эди:

- 2009 йилда Жиззах вилоят Зарбдор туманига Эргаш Ғайбуллаев ҳоким бўлиб келган. Мен 2014 йил 27 декабрда Интернетга “Зарбдор туман ҳокимининг кўринмас илдизлари” деган мақола ёзганман ва унда туман ҳокими Зарбдор туман Бўстон шаҳарчасига ажратилган 600 миллион пулни молия раҳбари билан қўшилиб ўзлаштириб юборди”, деб айтганман. Шу кунларда мана шу мақолам учун туман прокуратураси мени тухматда айблаб жиноят иши очмоқчи бўлаяпти. Мен мана шу масалада беш дақиқа олдин Жиззах вилоят ҳокимлигининг хатлар бўлими бошлиғи олдига кирдим. У менга :”Ҳамма нарсани ортга ташлаб, оёқни тўғри боссангиз, бу масала ҳал бўлиб кетади”, деб айтди. Яъни мен ўз фаолиятимдан воз кечиб, уларга ёқадиган ишларни қилишим керак экан, - деган эди Алиқул Саримсоқов.

Алиқул Саримсоқов сўнгги пайтларда Тошкентдаги президент девони олдида “Альянс” ташкилоти уюштираётган норозилик пикетларида фаол иштирок этган эди. Маҳаллий ҳуқуқ фаоллари Алиқул Саримсоқовнинг руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилишини унинг фаолиятини тўхтатиш уриниши ва ўч олиш акцияси сифатида баҳоламоқдалар.