Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев Европа Иттифоқининг 5 давлатига расмий сафарини 23 март куни бошлади. У Австрия пойтахти Венада журналистларга берган суҳбатида Россиядан ҳарбий ёрдам олаётганини яширмаган ҳолда, Европа Иттифоқи ҳам ҳудди шундай ҳарбий-техник ёрдам беришидан умидвор эканини айтди.
“Европадан ҳам ҳарбий ёрдам кутамиз”
Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев Венадаги матбуот анжуманида “Исломий давлат” гуруҳи Марказий Осиёга ҳам таҳдид солаётгани ҳақида гапирди:
-“Исломий давлат” террор гуруҳининг ўзини халифа сифатида эълон қилган раҳбарияти Марказий Осиёда, жумладан, Фарғона водийсида ўз вилоятини ташкил этиш нияти борлигини яширмайди. Бундай ҳужумга қарши туриш учун Қирғизистон айни пайтда ҳарбий ёрдамга муҳтож, - деб билдирди Атамбаев.
Қирғизистон президенти ўз сўзида “диний радикализм, террорчилик, босқинчилик каби таҳдидларнинг олдини олиш учун Қирғизистон Россиядан қурол ва ўқ-дори олаётганини яширмайман ҳамда ҳудди шундай ёрдамни Европадаги ҳамкорларимиздан ҳам кутиб қоламиз”, деб маълум қилди.
“Россия билан дўстмиз, аммо демократиядан чекинмаймиз”
Алмазбек Атамбаев Европага сафар қилишдан олдин16 март куни Владимир Путин билан учрашган ва Қирғизистоннинг Россия етакчилигидаги Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилиши масаласини муҳокама қилган эди.
Айни пайтда Алмазбек Атамбаев ўз мамлакати Россияни муҳим ҳарбий, иқтисодий ва сиёсий ҳамкор сифатида тан олишини алоҳида таъкидлади. Атамбаев Қирғизистон Россия билан яқин стратегик ҳамкор сифатида қолаверишини, аммо ҳеч қачон демократик йўлдан тоймаслигини айтиб ўтди:
-Қирғизистон МДҲда биринчи бўлиб парламент бошқарув тизимни танлаб олган ягона давлатдир. Энди бу тизимни ривожлантириш ҳақидагина гап бўлиши мумкин, бу йўлдан ортга қайтилмайди, - деди Атамбаев.
22 март куни Европа сафарига отланган Атамбаев 10 кун мобайнида Австрия, Франция, Швейцария, Бельгия ва Германияда бўлиб, бу мамлакатлар раҳбарлари ва Европа Иттифоқи лидерлари билан музокаралар ўтказиши кутилмоқда.
Human Rights Watch яна Азимжон Асқаров масаласини кўтарди
Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Европа Иттифоқи лидерларини Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаевга инсон ҳуқуқларига риоя қилиш масаласида босим ўтказишга даъват этди.
Human Rights Watch вакиллари Европа лидерларидан Атамбаев билан музокаралар пайтида қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровни зудлик билан қамоқдан озод этишни талаб қилишни сўраганлар.
2010 йил воқеаларида айбланиб 5 йил аввал қамалган Азимжон Асқаров ўтган вақт мобайнида Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси, Чехиянинг Фалокатдаги одамлар ноҳукумат ташкилоти, Мартин Энналс жамғармаси ва бошқа шу каби каби нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан тақдирланган.
Халқаро ташкилотлар ва маҳаллий фаоллар Азимжон Асқаровга нисбатан жиноят иши сохталаштирилганига ишонилишини билдириб келадилар.
2010 йил июнь воқеалари ортидан Қирғизистонда 545 киши жиноий жавобгарликка тортилган. Азимжон Асқаров дохил бу маҳкумлардан 400 нафари ўзбек, 133 нафари қирғиз, 8 нафари бошқа миллат вакилларидир.
Мазкур этник зўравонликларда 500 га яқин одам ҳалок бўлган.Ҳалок бўлганларнинг асосий қисми этник ўзбеклардир.