Тошкент Россия манфаати ҳимояланган ҳужжатни имзолашдан бош тортди

Ўзбекистон, Украина, Озарбайжон, Туркманистон ва Молдова МДҲ Ташқи ишлар вазирларининг Бишкекда ўтган йиғинида Россияга нисбатан санкцияларга норозилик билдирилган ва ЕХҲТга тақдим этилиши режалаштирилган ҳужжатни имзолашдан бош тортди.

Бишкекда 3 апрель куни ўтган МДҲ ташқи ишлар вазирлари йиғинида Россиянинг Украинага нисбатан сиёсати ортидан Ғарб давлатлари жорий этган санкцияларга норозилик билдирилган баёнот ҳам қабул қилиниши керак эди. Мазкур баёнот Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига тақдим этилиши назарда тутилган.

МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши раиси, Қозоғистон ташқи ишлар вазири Ерлан Идирисов мазкур ҳужжатнинг моҳиятини тушунтирар экан, мана буларни айтди:

- Жорий йилда биз ЕХҲТ ташкил этилганининг 40 йиллигини нишонлаймиз. Шу муносабат билан мазкур ташкилотга аъзо давлатлар сифатида биз ташқи ишлар вазирлари кенгашининг баёнотини қабул қилдик. Баёнотда ЕХҲТ билан ҳамкорли биз учун аҳамиятли экани таъкидланган, -деди Ерлан Идрисов.

Мазкур баёнот Россия, Арманистон, Белорус, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон томонидан имзоланди.

Бироқ Ўзбекистон, Украина, Озарбайжон, Туркманистон ва Молдова мазкур ҳужжатда Украина ҳудудий яҳлитлиги кафолатланган Будапешт шартномаси Россия томонидан бузилмоқда, деган фикрга қўшилган ҳолда, баёнотни имзолашдан бош тортди.

- Баёнотда Украинадаги вазият ҳисобга олинмаган. Украина яхлитлигини кафолатлаган давлат томонидан Қримнинг босиб олиниши, Украина шарқидаги қуролли гуруҳларни қўллаб-қувватлаётгани мазкур ҳужжатда акс этмаган. Шунинг учун биз бу ҳужжатни кўриб чиқиш ва имзолашни МДҲ Ташқи ишлар кенгаши кун тартибидан олиб ташлашни талаб қилдик. Аммо бу ҳужжат манфаатдор бўлган давлатлар томонидан имзоланди, биз эса ҳеч қандай ҳужжатни имзоламадик, - деди Украина Ташқи ишлар вазирлигининг махсус топшириқлар бўйича элчиси Николай Дорошенко.

Айни пайтда Бишкекка йиғилган МДҲ ташқи ишлар вазирлари чегараларни мустаҳкамлаш борасидаги 16 масалани муҳокама қилиб, бир қатор ҳужжатларни имзоладилар.