Тожикистон: Азон ўрнига "Яллама ёрим"

Тожикистоннинг Жомий туманидаги 50 масжиддан бундан буён азон эмас, мусиқа ва қўшиқ янграйди. Туман ҳокимияти давлат рўйхатидан ўтмаган 50 масжидни маданият уйларига айлантириш ҳақида қарор чиқарди.

Тожикистоннинг Жомий туманидаги 50 масжиддан бундан буён азон эмас, мусиқа ва қўшиқ янграйди. Туман ҳокимияти давлат рўйхатидан ўтмаган 50 масжидни маданият уйларига айлантириш ҳақида қарор чиқарди.

Тожикистоннинг Абдураҳмон Жомий тумани ҳокими ўринбосари Фахриддин Ғофуров “Озодлик” радиосига “Фаолияти ноқонуний деб топилган 50 масжид мадания уйлари, спорт марказларига айлантирилгани ва бундан ёшлар ҳамда маҳаллий аҳолига кўпроқ фойда тегиши” ҳақида маълумот берди.

Расмийларнинг айтишларича, мазкур масжидлар Дин ишлари бўйича давлат қўмитаси ва Ер ишлари бўйича давлат қўмитасининг розилигисиз бунёд этилган. Фахриддин Ғофуров айни пайтда маҳаллий аҳоли ўртасида ҳокимият қарорини тушунтириш ишлари олиб борилаётганини айтди.

Ҳокимият расмийларига кўра, Жомий туманидаги 50 масжидни ёпиш ва уларнинг ўрнига маданият уйлари ташкил қилиш юзсидан ҳукумат қарори ҳам чиқарилган.

Жомий туманида 8 қишлоқ кенгаши мавжуд. Туманга қарашли “Калинин” қишлоқ кенгашида ноқонуний ташкил этилган 5 масжид ёпилган ва 700 диндор ўз маҳалласида намоз ўқиш имкониятидан маҳрум бўлган.

Қишлоқ раиси Рахматулло Маҳмадуллоев кўпчилик одамларга масжидлар нима учун ёпилаётганини тушунтириш осон бўлмаган:

-Биз мажлис ўтказиб масжидларни маданият уйи, қўнгилочар марказларга айлантирдик. Ёпилган айрим масжидлардан бири энди қишлоқ кенгаши раисининг ишхонаси бўлади, бошқа масжидларда жамоатчилик тадбирлари ўтказилади. Одамларни бу ишга аранг кўндирдик, бу жуда қийин бўлди, кўпчилик аввалига биздан хафа бўлди,- деди Рахматулло Маҳмадуллоев.

Масжид ёпилишидан норози бўлган диндорлар эса бу мавзуда журналистлар билан очиқ гаплашишни истамадилар. Уларнинг айтишларича, агар ўз норозиликларини билдирсалар, у ҳолда бир қатор муаммоларга дуч келишлари мумкин.

Жомий тумани бош имом ҳатиби эса туманда масжидларнинг ёпилиши ортидан диндорлар кўп нарса йўқотмади, деб ҳисобламоқда. Унинг айтишича, айни пайтда туманда расман давлат рўйхатидан ўтказилган 70 масжид фаолият кўрсатмоқда. Аммо бу масжидларда ҳам кейинги йилларда намоз ўқийдиган одамлар сони камайиб бораётир. Имом ҳатибнинг фикрича, бунга кўплаб одамлар тирикчилик ўтказиш мақсадида Россияга кетаётгани сабаб бўлмоқда.

Мустақил кузатувчилар масжидлар ноқонуний фаолият кўрсатгани учун эмас, балки дин уламоларининг аҳолига таъсирини камайтириш учун ёпилаётганини айтмоқдалар. Бироқ эксперт Садриддин Қаландарзоданинг фикрича, ҳукумат масжидларни ёпиш орқали диндорлик кўрсаткичини пасайтиришга эриша олмайди.

Расмий маълумотларга кўра, сўнгги уч йилда Хатлон вилояти ҳудудига кирувчи мазкур ҳудудда юздан ортиқ масжид ёпилган. Айни пайтда вилоят ҳудудида яна 1690 масжид фаолият кўрсатмоқда.

Тожикистонда бир неча йил аввал ёши 18га тўлмаганларнинг масжидларга бориши тақиқлаб қўйилган эди. “Ҳаж-2015” мавсумида эса 35 ёшгача бўлган фуқароларнинг Саудия Арабистонига бориб, Ҳаж ибодатини амалга ошириши тақиқлаб қўйилди. Бир неча кун аввал Тожикистон Адлия вазирлиги шахс номига “мулло”, “халифа”, “тўра”, “хўжа”, “хожа”, “шайх”, “вали”, “охун”, “амир”, “сўфи” каби тахаллусларни илова қилишни тақиқлаш таклиф қилинган қонун лойиҳасини тақдим этган эди.