Ўзбек чегарачилари чегарани бузган тожик ўқувчиларини ватанига қайтарди

Ўзбекистон – Тожикистон чегарасини 19 апрелда бузиб ўтган тожикистонлик олти нафар мактаб ўқувчиси Ўзбекистонда бир кун ҳибсда сақланганидан сўнг, ўзбек чегарачилари томонидан ватанига қайтарилган. Бу ҳақда Тожикистон расмийлари 23 апрель куни хабар берди.

Тожикистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудида жойлашган Носир Хисрав туманидаги 3-сон ўрта мактабнинг 10-синфида ўқувчи олти бола чегарани бузиб ўтганликда айбланиб ўзбек томонида бир кун ҳибсда ушлаб турилган.

Тожик расмийларининг 23 апрель куни билдиришича, чегарани бузиб ўтиш жиддий жиноят ҳисобланишига қарамай, тожик томони ўзбек ҳамкасбларини ўқувчиларни озод қилишга кўндира олган. Тожик расмийларига кўра, мактаб ўқувчилари ўзлари билмаган ҳолда чегарани бузиб ўтишгани аниқланганидан сўнг, ўзбек томони муросага келиб, ўқувчиларни ватанига тез орада қайтарган.

Ўқувчиларининг айтишларича, улар 19 апрель куни эрталаб соат 7ларда лолалар фонида суратга тушиш учун тоққа чиқишган. Ўқувчилар тоғда чегарани белгилаб турган сим тўсиқдан ўтиб, суратга тушаётган пайтда қўлга олинганларини айтишган. Ўқувчиларнинг эътироф этишларича, ўзбек чегарачилари уларга яхши муомалада бўлган. Чегарачилар ўқувчиларни бир кун бир хонада ушлаб турган, эртаси куни эса тожик томонига топширган.

Хавфсизлик кучларининг маҳаллий расмийлари бу иш прокуратурада ўрганилиш жараёнида эканини айтиб, воқеа юзасидан шарҳ бермаётир. Шунинг учун ҳам ватанига қайтарилган чегарабузар ўсмирларнинг кейинги тақдири қандай бўлиши номаълум қолмоқда. Айни пайтда чегарани бузган олти ўсмирнинг ота-оналарига нисбатан “Ота-оналар масъулияти тўғрисида”ги қонунга биноан маъмурий иш қўзғатилгани билдирилди.

Ўзбекистон Тожикистоннинг Хатлон ва Сўғд вилоятлари билан чегарадош. Бу ерда асосан чегара ҳудудидаги маҳаллий аҳоли томонидан чегараларнинг бузиб турилиши қайд этилган. Чегарабузарларга нисбатан энг шов-шувли иш 2013 йилда бўлган эди.

2013 йилнинг 10 июлида Тожикистоннинг Сўғд вилояти Панжикент тумани фуқаролари Самарқанд вилоятида чегарани бузганликда айбланиб қўлга олинган эди. Қўлга олинган тожикистонликларнинг энг каттаси 74 ёшда, энг кичиги эса мактаб ўқувчиси бўлган. Ўшанда тожикистонлик ўсмир орадан бир неча кун ўтгач ҳибсдан бўшатилиб, Тожикистонга топширилган эди. Ҳибсда қолган беш кишидан тўрт нафари бир неча ойлик қамоқдан сўнг озод қилинган, Сулаймон Бўриев исмли шахс эса 17 йилга қамалганди. Кейинроқ унинг жазо муддати Ўзбекистон суди томонидан 10 йилга қисқартирилган.