Қирғизистон янги Бош вазири Кремлнинг номзоди экани айтилмоқда

Темир Сариев Қирғизистоннинг сўнгги 25 йилдаги 27-Бош вазири бўлди.

Олтинчи майдан бошлаб Қирғизистон ҳукуматини бошқарадиган янги Бош вазир Темирбек Сариев ўз дастурида 2010 йил қирғини содир этилган Ўшга алоҳида эътибор беришини ва кузда парламент сайловини холис ўтказишини билдирди. Айрим сиёсатчилар эса Темир Сариев Москва хоҳиши билан Бош вазир лавозимига келганини иддао қилмоқда.

Қирғизистон парламенти томонидан 30 апрель куни Бош вазир лавозимига сайланган Темир Сариев Ўшнинг иқтисодий, ижтимоий ва миллатлараро муносабатлардаги муаммоларига алоҳида эътибор қаратишини айтди. Унга кўра, бундан буён ҳар икки ойда бир марта Ўшда ҳукуматнинг кўчма йиғинлари ўтказилади.

Бундан ташқари Темир Сариев парламентда сўзлаган нутқида ўз ҳукуматининг асосий вазифаси Россия етакчилигидаги Евросиё иқтисодий иттифоқига тез кунларда аъзо бўлиш ва кузда парламентга демократик сайлов ўтказиш эканини таъкидлади.

-Қирғизистон Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилиши ортидан бир қатор салбий оқибатлар пайдо бўлиши аниқ. Биз бу ҳақда аввал ҳам айтиб келганмиз,- деган Темир Сариев, салбий оқибатларга қарамай Қирғизистон мазкур иттифоққа қўшилишга мажбур эканини айтди.

Айни пайтда Қирғизистон сиёсий доираларида ўтган ҳафтада Канада ширкати ишлатадиган Қумтор олтин конини миллийлаштир ёки Канада билан қўшма корхона тузиш бўйича парламент қарори ҳамда президент талабини бажаришдан бош тортишини эълон қилганидан сўнг ўз ихтиёри билан истеъфо берган Бош вазир Жўўмарт Ўтўрбаев Россияга ёқмай қолгани учун ўз лавозимидан кетишга мажбур қилинди, дегувчи сиёсатчилар ҳам топилмоқда.

Қирғизистон қонунларига биноан Бош вазир номзоди парламентдаги ҳукумрон коалиция томонидан кўрсатилади ва парламент депутатлари умумий йиғинида сайланади. Бироқ бу сафар Темир Сариев номзодини президент Атамбаев ҳукумрон коалицияга таклиф қилган. Коалиция эса унинг номзодини қўллаб берган. Шундан келиб чиққан ҳолда парламентдаги мухолифатчи депутат Равшанбек Жээнбеков Сариев номзоди Москва томонидан илгари сурилган, деган ишончда.

-Темир Сариевни Бош вазир қилаётган Атамбаев эмас, Темир Сариевни Бош вазир қилаётган фракциялар эмас.Темир Сариевни Россия Бош вазирликка тайинлаяпти. Бунинг ортида жуда катта сиёсий ўйинлар ва мақсадлар ётибди, - деди Равшан Жээнбеков.

Айрим сиёсатшунослар бу фикрга қўшилган ҳолда, Темир Сариев парламентдаги бирорта партиянинг аъзоси эмаслиги ҳам унинг Бош вазирликка сайланишида муҳим роль ўйнаганини айтишмоқда. Чунки кузда ўтажак парламент сайловларида партиясиз Бош вазир холисона позицияда туради, деган ишонч бор. Бироқ сиёсатшунослар ҳам Сариев Россияга ёқадиган номзод эканини инкор қилмайдилар:

-Қирғизистон Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилаяпти. Темир Сариев бу иттифоққа қўшилиш юзасидан лойиҳаларни ичидан билади, чунки бу лойиҳа унинг бевосита раҳбарлигида тайёрланган. Иккинчидан эса Темир Сариевнинг Москва билан шахсий алоқалари жуда яхши, -деди сиёсатшунос Марс Сариев.

Қирғизистон ҳукуматида аввал иқтисодиёт вазири лавозимида ишлаган Темир Сариев 52 ёшда. У сўнгги 25 йил ичида Қирғизистон ҳукуматини бошқарган 27-Бош вазир бўлади.