Бор экану
Йўқ экан.
Оч экану
Тўқ экан.
Икки дарё орасида
Бир Оғочзор бор экан.
Бу Ўрмонда ҳам
Бўри баковул экан,
Тулки ясовул экан,
Қарға қақимчи экан,
Лекин
Ҳамма чақимчи экан.
Бу Ўрмонда
Дудуқ гап сотар экан,
Итлар итотар экан...
Узоқ ўтмиш замонда бу Ўрмонда фақат Мажнунтол ўсган экан.
Ўрмондаги жонзотлар мажнунтолларга қараб тонгдан шомгача, шомдан тонггача йиғлайверар экан.
Сел-сел оққан кўз ёшларидан мажнунтоллар гур-гур ўсар экан.
Гур-гур ўсган мажнунтолларга қараб жонзотлар хўнг-хўнг йиғлайверар экан. Ҳеч тўхтатиб бўлмасмиш йиғини. Йиғи тўхташи учун мажнунтоллар ўсишни тўхтатиши керак экан. Мажнунтоллар ўсишдан тўхташи учун жонзотлар кўз ёши тўкмаслиги керак экан.
Кунлардан бир кун Ўрмонда бир Шер пайдо бўлибди. Узлуксиз мотамни кўриб ори келибди.
Жонзотларга қараб ҳайқирибди: Йиғламангларе! Ор қилингларе!
Мажнунтолларни йиқа бошлабди Шер.
Мажнунтоллар ўрнига Ерга қараб эмас, Кўкка қараб ўсадиган бошқа оғоч экибди.
Жонзотларга рамз бўлсин, ўрнак бўлсин дебди-да.
Йиғлашдан Ор қилсинлар, ҳадеб йиғлайвермай дардини Чин айтишни ўргансинлар, деб эккани оғочларга ЧинОр, деб ном берибди.
Кунлар кетидан кунлар,
ойлар кетидан ойлар,
йиллар кетидан йиллар ўтаверибди.
Чинорлар кўпайибди.
Шернинг авлодлари - шербаччалар кўпайибди.
Ўрмон ўзгара бошлабди. Тўғри, ҳалиям мажнунтоллар бор экан. Лекин чинорлар борлиги учун жонзотлар аввалгидай йиғлашга Ор қиладиган бўлиб қолибди. Чин Сўз айтишга ҳам ўргана бошлабди.
Яқин ўтмишда Ўрмонга янги Ўрмончи тайинланибди. Шимолдаги Катта Ўрмон Хўжайини тайинлабди Ўрмончини.
Бироз ўтгач бизнинг Ўрмончи ўрмонини тиканли симлар билан ўраб олибди. Жонзотларнинг ҳар бир қадамини назоратга олибди. Бир Жонни иккинчи Жонга, иккинчисини биринчисига назоратчи қилиб қўйибди. Эртакни бошлаётиб айтувдик-ку ҳамма чақимчи экан, деб.
Яна бир муддат ўтибди.
Ва энди Ўрмончи Ўрмондан бир сас чиқмасин, деб шербаччаларни қувғин қила бошлабди. Ҳадеб ҳайқираверар эканда шерлар Ўрмон тинчини бузиб, жонзотнинг кўнглига ғулу солиб.
Қувилмай қолган шербаччаларни Ўрмончи Ўрмон Кенгашига аъзо қилибди, баъзи қари шерларга “Ўрмон Қаҳри”, деган унвон берибди.
Ўрмончи Унвондорлар бўйнига унвон нишонини тақибди. Нишон занжири тумшуқбанд билан тушовга уланган эканки, шерларнинг шерлигидан асар ҳам қолмаганмиш.
Ҳайқирай, деса - тумшуқ занжирбанд.
Югурай деса – оёқлар тушовланган.
Шерларни бартарафу биртараф қилган Ўрмончи энди ЧинОрларни кестира бошлабди.
ЧинОрлар Чин Сўзу Ор-Номус рамзи эканлигини тушуниб қолибди-да Ўрмончи.
Болталар ишга тушибди:
тақ-тақ,
туқ-туқ,
Арралар ишга тушибди:
ғар-ғар,
ғар-ғар...
ЧинОрлар кесилиб, Ўрмон у ер-бу еридан кал бўлиб қолибди. Ўрмончи разм солса, ҳар ЧинОрдан қолган тўнка ёнида биттадан ялтироқ тахтача турганмиш. Тахтачада - кесилган ЧинОрни эккан Шербаччанинг номи.
- Йўқот! - деб ўкирибди Ўрмончи.
Йўқотишибди.
Баъзи шерларнинг номи сўқмоқларга, энг зўрлариники Ўрмоности йўлакларига ёзилган экан.
- Ўчир! - деб ўкирибди Ўрмончи.
Ўчиришибди.
Биргина Шернинг, Дастлабки Шернинг, хў-ўв эртагимиз бошида айтганимиз – Биринчи ЧинОрни эккан Шернинг номини қолдиришибди. Ҳатто ҳайкал ҳам ясашибди унга. Лекин ҳайкал атрофини ўраб қўйишибди устунлар билан.
- Тура-турсин, - дебди Ўрмончи, - ахир унинг ўзи ҳам шерни занжирбанд қилган, қилмасаям чизган дейишади-ку?!
Ўрмоннинг ЧинОрлардан бўшаган кал жойларига Ўрмончи арча эктирибди.
- Арча яхши, - дебди Ўрмончи, - совуққа – қийинчиликка бардошли, Иссиқдан – меҳр-шафқатдан қурийди. Қуриса қуриб кетмайдими, қуриса янгисини экаверамиз. Муҳими, яхши рамз бўлади, яхши улги бўлади жонзотларга. ЧинОрдай кеккайишни, Мажнунтолдай йиғлашни ўргатмайди...
Ўрмоннинг ўртасига ҳам ана ўша ҳиссиз-ҳавассиз арчаларни экишибди.
Ҳиссиз-ҳавассиз арчалар орасида - От минган Тош Одамнинг ҳайкали.
Ўрмондаги жонзотлар саратоннинг сариғида майдондан тезлаб ўтар экан, Тош Одамга қарамасмиш. Бир томондан, тепага қаралса, Қуёш нури кўзга санчилармиш, иккинчи томондан жонзотлар Тош Одамнинг Ҳалоскор эканига ҳали кўникмаганмиш. Ахир уни асрлар давомида Каллакесар, деб келишган экан-да. Тош Одамнинг бу ерда туриши бежиз эмасмиш: Ўрмончи унинг пешидан тутганмиш.
Хуллас, Ўрмонда ЧинОр деярли қолмабди.
Ўрмонда шерлар қолмагани аниқмиш.
Фақат жонзотлар тилида, ҳозирча, бир хиргойи қолганмиш:
Чин кесилди,
Ор кесилди,
Чинор кесилди.
Тўнкалар қолди.
Болталар тақ-туқ,
Арралар ғар-ғар.
Ғар-ғар,
Ғар-ғар,
Ғар-ғар,
Ғар-ғар,
Чин кесилди,
Ор кесилди,
Тумор кесилди.
Занжири қолди.
Болталар тақ-туқ,
Арралар ғар-ғар.
Ғар-ғар,
Ғар-ғар,
Ғар-ғар,
Ғар-ғар,
Чин кесилди,
Ор кесилди,
Болталар қолди,
Арралар қолди.
Оҳ, ғарлар қолди.
Бир ғарлар қолди.
Ғар-ғар,
Ғар-ғар...