Тожикистонда қайнонасини ўлдирган икки келин 43 йилга қамалди

Қайнонасини ўлдирганликда айбланаётган келинлар суд қора курсисида.

Тожикистоннинг Кубодиён туманида ўтган йилнинг 27 декабрига ўтар кечаси қайнонасини ваҳшиёна тарзда ўлдириб, кейин жасадини ёндириб юборган икки келин умумий ҳисобда 43 йилга озодликдан маҳрум қилинди.Келинлар ўз қайнонасини ўлдирганликда гумонланиб шу йилнинг 10 майида қўлга олинган эди.

Тожикистоннинг Кубодиён туман суди 25 август куни қайнонасини ўлдирганликда айбдор деб топилган Ойгул Пардаева ва Сафаргул Хўжаевага нисбатан чиқарилган ҳукмни эълон қилди.

- Ойгул Пардаева Тожикистон Жиноят Кодексининг 104-моддаси 2-банди билан айбдор деб топилиб 22 йилга озодликдан маҳрум қилинсин. Сафаргул Хўжаева ҳам Жиноят Кодексининг мазкур моддасига асосан 21 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинсин, - деб ҳукм чиқарди туман судьяси Темур Бойзода.

Ҳукм ўқилган пайтда судланганларнинг адвокатлари маҳкама жараёнида иштирок этмади. Шунинг учун ҳозирча ҳимоя томонининг суд ҳукмига нисбатан муносабати номълум бўлиб қолмоқда.

Судланган Ойгул Пардаеванинг яқинлари эса суд ҳукмига: “Бу адолатсиз ҳукм. Ойгул мутлақо айбсиз. У пашшага ҳам озор бермайдиган аёл. Уни нотўғри судлашди”, деб муносабат билдирди.

Жабрланган томон вакиллари ҳукм адолатли бўлди, деб ҳисобламоқда.

Айблов хулосасига ишонилса, Ойгул Пардаева ва Сафаргул Хўжаева 2014 йилнинг 27 декабрга ўтар кечаси қайнонаси, 56 ёшли Нозигул Азимовани аввал тош билан уриб, хушидан кеткизган. Шундан сўнг уни ҳовлидаги чоҳга ташлаб, унинг устидан бензин қуйиб ёқиб юборган. Оғриқдан хушига келган қайнона ўзини ҳар томонга уриб, оловни ўчиришга ҳаракат қилган. Аммо оловни ўчира олмай, куйиб кетган. Келинлар ўлган қайнонасининг хокини ва айрим куймай қолган тана аъзоларини тўплаб, Кофарниҳон дарёсига оқизиб юборган.

Нозигул Азимованинг қизи Гули Азимованинг Озодлик радиоси тожик хизматига айтишича, келинлар қайнонаси қариндошлариникига кетганини айтишган. Аммо орадан икки кун ўтгач ҳам онаси уйга қайтмаганидан хавотирланган фарзандлар Нозигул Азимовани қидиришга тушган. Фақат орадан бир неча ой ўтгачгина Нозигул Азимова келинлари томонидан ўлдирилгани маълум бўлган.

Кубодиён милицияси жорий йилнинг 10 майида Ойгул Пардаева ва Сафаргул Хўжаевани гумонланувчи сифатида қамоққа олган. 12 май куни эса улар тергов пайтида қайнонасини ўлдирганини тан олгани милиция томонидан иддао қилинди.

Келинларнинг қайнонани ўлдиришига оиладаги мунтазам жанжаллар сабаб бўлгани айтилмоқда. Тожик милициясининг билдиришича, қайнона эрлари Россияда муҳожирликда бўлган икки келинини доимо тергаб тургани, улар бажарган уй ишларидан қониқмай, бу ишларни қайта бажаришга мажбур қилгани келинларни безитиб қўйган ва улар қайнонасидан мана шундай йўл билан қасд олишга аҳд қилган.

Қайнонасини ўлдирганликда айбланиб қамалган Ойгул Пардаева 25 ёшда, Сафаргул Хўжаева 30 ёшда. Ҳар иккисининг балоғатга етмаган фарзандлари бор.