Ўзбекистонда доллар нархининг 5000 сўмдан юқорилаши ўзбек сўми муомалага киритилганидан бери ўтган 21 йил давомида камида 900 баробар қадрсизланганини англатади. Солиштириш учун айтадиган бўлсак, иқтисодий жиҳатдан Ўзбекистондан камроқ ривожланган, аммо бозор иқтисодиёти шароитида яшаётган Қирғизистонда қирғиз сўмининг қадрсизланиши 23 йил ичида 17,5 баробарга тенг бўлган.
Жорий йилнинг ўн ойи мобайнида Ўзбекистон миллий валютаси долларга нисбатан расман 9,36 фоизга қадрсизланди. Ўн ой ичида доллар расмий курси 226 сўм 82 тийинга кўтарилган.
Қора бозорда эса шу давр мобайнида доллар сўмга нисбатан 45 фоизга қимматлаган. Ўзбекистон қора бозорида долларнинг навбатдаги қимматлаши ўтган шанба ва якшанба куни кузатилган. Марказий Осиё янгиликлар хизматининг маълум қилишича, 11 октябрдан бошлаб қора бозорда 1 доллар 4950-5000 сўмдан сотиб олиниб, 5000-5030 сўмдан сотила бошланди.
13 октябрдан долларнинг Ўзбекистондаги расмий курси ҳам 14 сўмга қимматлаган. Бугунги кунда 1 долларнинг расмий қиймати 2649 сўм 22 тийинни ташкил қилмоқда.
2014 йилнинг июлида сўмнинг АҚШ долларига нисбатан қиймати бозор нархида 3100 сўм, расмий курcда 2300 сўмни ташкил қилганди. Ушбу кўрсаткичдан келиб чиқилса, охирги бир ярим йил ичида долларнинг бозор қиймати деярли 2000 сўмга, расмий қиймати эса 349 сўмга қимматлаганини кузатиш мумкин.
Бу эса, иқтисодчилар фикрича, ўзбек сўми муомалага киритилганидан бери ўтган 21 йил давомида қора бозорда 900 баробар, расмий курс билан ҳисоблаганда қарийб 500 баробарга қадрсизланганини англатади. Ўзбек сўми жорий этилган 1994 йилнинг 1 июлида 1 АҚШ доллари 6 сўмга тенг эди.
Солиштириш учун айтадиган бўлсак, иқтисодий жиҳатдан Ўзбекистондан камроқ ривожланган, аммо бозор иқтисодиёти шароитида яшаётган Қирғизистонда қирғиз сўми жорий этилган 1993 йилда 1 АҚШ долари қиймати 4 сўмга тенг эди. Бугунги кунда 1 АҚШ доллари Қирғизистонда деярли 70 сўмдан сотилмоқда. Яъни 23 йил ичида қирғиз сўмининг қадрсизланиши 17,5 баробарга тенг бўлган.
Тошкентлик иқтисодчи Миркомил Тошкандий ўзбек сўмининг бу қадар қадрсизланишини шарҳлар экан, қуйидагиларни айтади:
-Ўзбек сўми 1994 йилда муомалага киритилган эди. Мана шунга ҳам 21 йил бўлибди. Аммо ҳалигача миллий валюта ҳақида қонун йўқ. Шунинг учун, биринчи навбатда, ўзбек сўми тўғрисида қонун қабул қилиниши керак. Иккинчидан эса, банклараро валюта биржаси ташкил этилиши керак. Бу қачонлардир албатта қилиниши шарт бўлган ишдир. Бундай биржа фаолият юритиши учун Ўзбекистоннинг экспорт салоҳияти кучайтирилиши, валюта бозори фақат ҳукуматнинг монополияси бўлиб қолмаслиги керак. Ана шунда доллар курси барқарорлашади, -дейди иқтисодчи Миркомил Тошкандий.
Ўзбекистонлик тажрибали кекса иқтисодчилардан бири ўз номини айтмаслик шарти билан Озодликка берган микрофонсиз суҳбатида ҳукуматнинг иқтисодий сиёсат йўналишида аниқ режалари йўқлиги оқибатида Ўзбекистонда мана шундай вазият юзага келганини таъкидлади:
- Биринчидан, Ўзбекистонда иқтисодий бўҳронга қарши ҳукумат режаси ёки концепция ишлаб чиқилиши керак эди. Иқтисодий бўҳронга қарши касаначиликни ривожлантириш каби майда-чуйда лойиҳалар билан курашиб бўлмайди. Биринчи ўринда ўн йил аввалроқ коррупцияга қарши қонунни қабул қилиш керак эди, иккинчи навбатда, ҳеч бўлмаганда 2005 йилда пулни деноминациялашни ўтказиш зарур эди. Ўзбекистонда пул қадрининг нақадар тушиб кетганини оддий одам 1, 3, 5, 10, 25, 50 ва 100 сўмлик банкнотларнинг йўқ бўлиб кетгани билан ҳам илғаб олиши мумкин.
Суҳбатдошимиз ўз сўзида давом этар экан, Ўзбекистонда пул ва товар номутаносиблиги мавжудлиги ортидан ҳам ўзбек сўмининг харид қуввати тобора тушиб бораётганини айтди:
- Иккинчидан, Ўзбекистонда пул ва товар номутаносиблигига шу кунгача барҳам берилмади. Яъни, қанча нақд пул айланмаси бўлса, шунга яраша товар ишлаб чиқариш керак. Бироқ бу иш йўлга қўйилмагани оқибатида сўмнинг харид қуввати пасайиб боради. Бунинг устига, ойлик ва пенсияларни оширишга ҳеч қандай асос бўлмаган ҳолда, ҳукумат йилига ойликларни ва пенсияларни ошириб бораяпти. Бу эса ўз ўрнида сўмни янада қадрсизлантираяпти. Яъни, пул ва товар номутаносиблиги янада кучайиб, нарх-наво ўсиб кетаяпти, - дейди исмини айтишимизни ва овозини ёзиб олишимизни истамаган ўзбекистонлик иқтисодчилардан бири.
Иқтисодчилар фикрича, ўзбек сўмининг бу қадар қадрсизланиб кетишига пул-кредит сиёсатигина эмас, балки умуман Ўзбекистоннинг иқтисодий сиёсати муваффақиятсизликка учрагани сабаб бўлмоқда.