Ўзбек-Қирғиз чегараси: яраланган чегарабузар, чегарадан топилган 135 минг доллар

Ўзбекистон-Қирғизистон чегараси деворлар ва тиконсимлар билан тўсилганига қарамай, чегарабузарлар сони камаймаяпти.

Сўнгги бир неча кун мобайнида Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида қирғиз фуқароси ўзбек чегарачилари отган ўқдан яраланди, Қирғизистонда эса Ўзбекистондан чегара девори оша ташланган 135 минг долларни қабул қилиб олаётган пайтда қирғиз фуқароси қўлга олинди. Ўзбекистон томонидан Қирғизистонга катта миқдорда пулларнинг ташланиши биринчи марта кузатилаётгани йўқ.

Яраланган қирғизистонлик Косонсойда даволанмоқда

Қирғизистон чегара хизмати расмийси Гулмира Бўрибаеванинг айтишича, Ўзбекистон чегарачилари 26 октябрь куни телефон орқали давлат чегарасини бузиб ўтишга ҳаракат қилган пайтда қирғизистонлик фуқаро ўзбек чегарачиси отган ўқдан яраланганини маълум қилган.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Ўзбек-Қирғиз чегараси: яраланган чегарабузар, чегарадан топилган 135 минг доллар

- Ўзбекистон чегарачилари бу воқеанинг тафсилотларини маълум қилгани йўқ. Улар фақат яраланган қирғизистонлик Косонсой туман марказий каксалхонасида даволанаётганини айтишди. Унинг жароҳати оғир ёки енгил экани ҳам номаълум. Ўзбек чегарачилари яраланган фуқаро касалхонадан чиқарилиши билан Қирғизистонга топширилишини билдирди, - деди Гулмира Бўрибаева.

Бундан аввал Ўзбекистон - Қирғизистон чегарасида шу йилнинг 29 июнида ўқ отилган эди. Ўшанда икки давлат чегарачилари ўртасида содир этилган отишмада бир ўзбек чегарачиси яраланган.

Мутахасислар Ўзбекистон-Қирғизистон ўртасидаги бу каби отишмаларга чегараларнинг тўлиқ аниқланмагани ва Ўзбекистон томонидан чегара бир томонлама ёпиб қўйлгани сабаб бўлаётганини айтиб келади. Чегаралар ёпиқлиги сабабли икки давлат фуқаролари чегарани ноқонуний равишда кесиб ўтишга мажбур бўлаётир.

Ўзбекистондан Қирғизистонга ташланган 135 минг доллар

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида сўнгги икки кун мобайнида бўлиб ўтган воқеалардан бири эса валюта билан боғлиқдир. Қирғизистон чегара хизмати расмийси Гулмира Бўрибаеванинг айтишича, Боткен вилояти Қадамжой туманидаги Исамайрам деб аталадиган ҳудудда Ўзбекистон томонидан Қирғизистонга чегара оша ташланган 135 минг долларни олаётган пайтда қирғиз фуқароси қўлга олинган.

Бундай воқеа 2015 йилнинг февраль ойида ҳам кузатилган эди. Ўшанда Фарғона вилоятининг Данғара туманида ўзбек чегарачилари Қирғизистонга яширин тарзда олиб кетилаётган катта миқдораги валютани ушлаб қолган.Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати “Ёшлар”телеканалига тақдим қилган маълумотларга кўра, операция натижасида фош қилинган тошкентлик ва фарғоналиклардан иборат 10 кишилик гуруҳ ҳар куни Қирғизистонга 2-4 миллион АҚШ доллари миқдоридаги пулни ноқонуний тарзда олиб чиқиб кетган.

Озодлик манбаларининг айтишича, ўзбекистонлик тадбиркорлар Хитой ёки Туркиядан товар олиб келиш учун пулни ана шу йўл билан олиб чиқишга мажбурдирлар. Валютани хорижга олиб чиқиб берувчи гуруҳлар эса бу хизматлари учун тадбиркорлардан олиб чиқилган пулнинг 1,5 фоизи миқдорида ҳақ олади.

Мазкур жараёндан хабардор Озодлик манбаларидан бири микрофонсиз суҳбат чоғида қуйидагиларни айтди:

- Ўзбекистондан қонуний йўл билан пул олиб чиқиш жуда қийин, деярли мумкин эмас. Шунинг учун чегарага борамиз. Бу ерда бир неча кун чегарачиларнинг ҳаракатларини кузатамиз ва қайси вақтда чегара 10-20 дақиқа кузатувсиз қолиши мумкинлигини ўрганамиз. Баъзида бу иш учун икки ҳафтагача вақт кетади. Шундан сўнг чегаранинг нариги томонидаги одамимиз билан боғланиб, пул ташланадиган жойни ва аниқ вақтини айтамиз. Бу жуда хавфли иш, лекин таваккал қилишга тўғри келади, -деди Озодлик манбаси.