“Шоир билан суҳбат” дастурининг бугунги меҳмони ўзбек адабиётида ўзига ҳос овозга эга бўлган шоир Абдул Ҳамид бўлди. Абдул Ҳамидга турк оламининг буюк шоири Рауф Парфи баҳо берар экан, уни “Ўзбекнинг деҳқон шоири”, деб баҳо берган эди. Ўшлик бу шоир шеърларидан андижонлик Абдулҳамид Сулаймон Чўлпонни куйдирган туйғулар нафаси уфурилади.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Шоир Абдул Ҳамид ижодидан намуналар
Ўрик ҳақида баллада
Қиш қаҳратон, қамалда қуëш,
Изғириннинг мунгли оҳанги,
Болаларнинг кўзларида ëш,
Болта ўткир, арра ҳам янги.
Тиғ ураман ширин танангга,
Шохларингда сезилар титроқ,
Минглаб ëшли кўз бўлиб мингга,
Куртакларинг кўринар мудроқ.
Яна, яна болта ураман,
Деразадан ўғлим мўралар,
Ўйларини сезиб тураман,
Тамшантирар уни ғўралар.
Кенжа ўғлим ëтибди бетоб,
Табибнимас¸ кўмирни сўкдим,
Ожизликдан чекиб изтироб,
Ўрикжоним ëнингга чўкдим.
Олов бўлиб ëнар экансан,
Қумғон эриб ашула айтар,
Хотирамга тупроқ чангитган,
Ëруғ, иссиқ болалик қайтар.
Биз баҳорни севардик кўпроқ,
Шохларингда қаҳқаҳа гуллар,
Биз 30 йил яшадик бироқ,
Ана энди тўтиë кунлар.
Қиш безагин артди ойнадан,
Ўрик изи қотди деворда,
Бир тўп қушлар учиб кетди-да,
Боғ ҳувиллаб қолди баҳорда.
Ҳар баҳорда қўмсадим, кутдим,
Тонг майсага тўкилди ғамлар,
Ҳайқиролмай дардимни ютдим,
Дарахтларни кесманг одамлар.
Ўрик қандай айт унутаман,
Дўнгакларда ўтирдим узоқ,
Ҳар баҳорда ниҳол кутаман,
Кўкармайсан ўрикжон бироқ.
Ханжар
Чала шоир шеър қон талаш,
Чала мулла имон талаш,
Осмон талаш, ер-жон талаш,
Қозон талаш, азон талаш.
Мудҳиш тунда қулоғим кар,
Қобирғамда турар ханжар.
Оғир сўзим, оғрир сўзим,
Бир ҳайқириқ ëрар бўғзим,
Минг-минг йиллик кўҳна тўзим,
Андишага осдим ўзим,
Бир қайғум бор сотсам агар,
Юрагимни бурар ханжар.
Бўлар эллар, бўлар эрлар,
Бир-бирини ботир дерлар,
Бўлмас элдан юзим терлар,
Бир-бирини хотин дерлар,
Қўлтиғида ухлар аждар,
Қиндан чиқмай ўлар ханжар.
Кавказ
Азим Терек - эркнинг ҳофизи,
Тошни қайрар асов тўлқинлар,
Тунни ëрар дарëнинг сози,
Юлдузларга етар ëлқинлар.
Ҳайқир дўстим¸ енгил тортасан,
Арзонлатар ғамларни йиғи,
Қуллик занжир қачон отасан,
Ярқирайди ор-номус тиғи.
От тўшига урилар шамол,
Туëғида ëнади чақмоқ,
Эрк ë ажал топмоқ эҳтимол,
Эҳтимолдир мангуга қолмоқ.
Келин кўйлакларин ечишиб,
Зирҳ кийган қизлар борадир,
Сархушлатар қасам ичишиб,
Ўлим сўнгги тадбир, чорадир.
Айланади кўкда калхатлар,
Ўлжа пойлар қоқмасдан қанот,
Йўлга чиқар куйган дарахтлар,
Шохларида кўтариб фарëд.
Овулларда етилган қиздек,
Дуркун кўнгил тўлдирар Кавказ,
Дуоибад этилган қиздек,
Ошиқларин ўлдирар Кавказ.