Россиянинг Воронеж вилояти Новохоперск туманида жойлашган психоневрология интернатида юз берган ёнғин натижасида 23 одам ҳалок бўлди.
Якшанба куни юз берган ёнғин сабабларини тергов қилиш мақсадида ҳукумат комиссияси ташкил этилди. Хабарларга қараганда, интернатда 140 одам парваришланган. Ёнғин чиққан бинода 74 одам бўлган. Уларнинг 30 нафари мутлақо ҳаракат қила олмайдиган одамлар эди. Ўт ўчирувчилар бинодан 55 одамни олиб чиқишга муваффақ бўлган.15 одам турли жароҳатлар билан касалхонага ётқизилган.
Россияда бундан аввал ҳам яроқсиз ҳолатга келган биноларда жойлашган писхонервология муассасаларида ёнғин чиққан. 2013 йилнинг апрель ва сентябрь ойларида Россиянинг икки вилоятида психонервология муассасасининг ёниб кетиши оқибатида 75 одам ҳалок бўлган эди.
Россия президенти Владимир Путин фожеада ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига таъзия билдирди.