Қирғиз парламентига ўтказилган сайловнинг ҳалқаро ҳамжамият томонидан уникал ҳодиса сифатида баҳоланиши, Бишкек марказида ва атрофида бир қатор террор гуруҳлари ва террорчи деб гумонланган одамларнинг жисмонан йўқ қилиниши, мамлакатнинг Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлиши Қирғизистонда 2015 йилнинг энг муҳим воқеалари бўлди.
Уникал ҳодиса. Президентнинг ҳокимиятда қолмаслик ваъдаси
ЕХҲТ вакиллари 4 октябрь куни Қирғизистонда ўтган парламент сайловини ўзаро рақобат руҳида, барча партияларга тенг имкониятлар берилган шароитда ўтказилди, деб баҳолади. ЕХҲТкузатувчилари қисқа муддатли миссиясининг раҳбари Санчес Амор: “Сайловларни рақобат ва эркин асосда ўтказилиши Марказий Осиёда уникал ҳодиса бўлди” , деб баёнот берди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Мазкур сайловларни кузатган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши кузатувчилари миссиялари ҳам бу сайловларга ижобий баҳо бердилар.
Кузатувчилар сайлов жараёнида ҳукумат томонидан босим кўрсатилмагани, сайловнинг барча жараёнлари демократик руҳда ўтганини таъкидлаган ҳолда, партиялар томонидан овозларни сотиб олиш жараёни кузатилгани ҳақида ҳам гапирдилар. Бироқ шу кунгача партиялар томонидан сайловчиларнинг овозларини сотиб олиниши юзасидан на ҳукумат томонидан, на ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан текширувлар ўтказилган эмас.
Парламент сайловида курашган 14 сиёсий партиядан 6 тасигина парламентга кириш учун зарур бўлган 7 фоизли тўсиқдан ўтган.
Миллий озчилик вакилларидан депутатликка сайланганларнинг кўпчилиги, жумладан, уч ўзбек депутати – Анвар Ортиқов, Илҳом Маннонов ва Нодирбек Каримов президент Алмазбек Атамбаев мансуб бўлган Социал демократлар партиясидан сайланган.
Президенти Алмазбек Атамбаев 24 декабрь куни йил якунларига бағишланган матбуот анжуманида, журналистларга Қирғизистонда тоза ва адолатли сайловларни ўтказиш анъанага айлантирилишини айтди.
Атамбаевга кўра, Қирғизистоннинг демкоратик тамойилларга асосланган давлатга айланиши учун у 2017 йилда, яъни президентлик ваколатлари тугаганидан сўнг Конституцияга тўла амал қилган ҳолда, номзодини президентликка кўрсатмайди. Атамбаев президентлик ваколатлари якунланганидан сўнг Бош вазир ёки парламент раиси лавозимини эгаллаш нияти йўқлигини ва сиёсатдан кетишини таъкидлади:
- Атамбаев ҳеч кимни ворисликка тайёрламайди. Президентни халқ сайлайди. Бундан ташқари сайлов ҳалол ўтказилади. Менинг ягона мақсадим: ҳеч ким мамлакатни мана шу йўлдан қайтармасин, мамлакат гуллаб-яшнасин, - деди Алмазбек Атамбаев.
АҚШ билан муносабатларнинг ёмонлашуви
2015 йилда Қирғизистон ташқи сиёсатидаги муҳим воқеа АҚШ билан муносабатларнинг ёмонлашуви бўлди.
АҚШ Давлат департаменти Ўш воқеаларида айбланиб умрбод қамоққа ҳукм қилинган этник ўзбек инсон ҳуқуқлари фаоли Азимжон Асқаровга "Инсон ҳуқуқлари фаоли" мукофотини бергани ортидан Қирғизистон Бош вазири Темир Сариев 21 июль куни АҚШ билан ҳамкорлик битимини бекор қилиш тўғрисидаги қарорни имзолади.
Бишкеклик сиёсатшунос Марат Казакбаев Қирғизистон ҳукумати учун 2010 йилги Ўш воқеаларининг қай тарзда баҳоланиши принципиал масала бўлгани учун ҳам шундай қарор қабул қилинган, деб ҳисоблайди.
- Азимжон Асқаров масаласи қирғиз томони учун принципиал масаладир. Чунки суд томонидан унинг айбдорлиги исботланган ва у жиноятчи деб ҳисобланади. Қирғизистоннинг АҚШ билан шартномани бекор қилиши қизиққонлик ортидан қабул қилинган қарор сифатида ҳам баҳоланиши мумкин. АҚШ жуда катта босим кўрсатиш ресурсларига эга ва бу ресурслардан фойдаланиши мумкин, - деди Марат Казакпаев.
Унинг фикрича, АҚШ билан шартноманинг бир томонлама бекор қилинишига кейинги йилларда Қирғизистон ҳукуматининг россияпарастлашаётгани ҳам туртки бўлган.
Ўш ўзбек миллий маданий марказида ҳам Азимжон Асқаровга АҚШ мукофтоти берилиши масаласи муҳокама қилинган ва Вашингтоннинг бу қарори кескин қораланган.
Ўшлик ҳуқуқ фаоли Иззатулла Рахматуллаев Ўзбек миллий маданий марказининг мазкур билдирувини буюртма сифатида қабул қилишини айтди:
- Миллий марказ нодавлат ташкилотидир. Ўзбек миллий маданий марказининг у ёки бу одамни муҳокама қилишга ҳаққи йўқ. Агар виждонан айтадиган бўлсак, Азимжон Асқаровнинг қилган хизматларини ҳали бирорта ўзбек миллий маданий маркази қилган эмас. Азимжон Асқаров Қирғизистоннинг ҳақиқий патриоти, у коррупцияга қарши, жиноятчиликка қарши курашиб келган.Миллий марказ бундай “заказ”ларни аввалдан бажариб келган. Масалан, таниқли ҳуқуқ фаоли Равшан Гапировнинг устидан ҳам ёзишган, уни муҳокама қилишган. Нодавлат ташкилоти бўлганидан кейин булар ўз ишини қилавермайдими... Уларнинг сиёсий амбициялар билан чиқиши умуман қонунларга тўғри келмайди. Бугунги кунда ўзбек номидан спекуляция қилишни улар тўхтатиши керак, -деди Иззатулла Рахматуллаев.
Азимжон Асқаров 2010 йил 15 сентябрида Ўш воқеаларига алоқадорликда айбланиб умрбод қамоққа ҳукм қилинган. Халқаро ва маҳаллий ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари Азимжон Асқаровга нисбатан жиноят иши сохталаштирилганига ишонилишини таъкидлайдилар. Унинг ҳамкасблари ва халқаро ташкилотлар Асқаровнинг айбсиз эканига амин бўлган ҳолда, қарийб беш йилдан буён ҳуқуқ фаолининг озод қилиниши учун ҳаракат қилиб келади.
АҚШ Қирғизистонга экстремизмга қарши кураш, иқтисодни ривожлантириш, янги иш ўринлари ташкил этиш, маориф соҳасини мукаммаллаштириш, демократик тараққиёт соҳаларига катта миқдорда молиявий кўмак бериб келинган.
АҚШнинг Бишкекдаги элчихонаси тарқатган маълумотга кўра, мазкур дастурлар асосида мустақиллик йилларида кўрсатилган ёрдам миқдори пул ҳисобида 2 миллиард долларни ташкил қилган.
Айни пайтда Бишкек томонидан стратегик ҳамкор сифатида талқин қилинадиган Россия ҳам Ғарб санкциялари ортидан Қирғизистондаги лойиҳаларини тўхтатишга мажбур бўлди. Россия билан ҳамкорликда қурилиши лозим бўлган Қамбарота-1 ва Юқори Норин ГЭСлари қурилиши музлатиб қўйилди.
Президент Алмазбек Атамбаев 24 декабрда йил якунлари бўйича берган матбуот анжуманида Россия президенти Путинга “Қирғизистон лойиҳаларни давом эттириш учун янги ҳамкор излашини расман билдиргани” ҳақида гапирган.
Террорчиликка қарши кураш, Сурияга кетаётган ўзбеклар
Жорий йилда Қирғизистонда террорчиликка қарши кураш аввалги йилларга қараганда мисли кўрилмаган даражада катта миқёсни ташкил этди.
Террорчи, деб аталаётган шахсларга нисбатан энг катта амалиёт Бишкекда 16 июль куни кечқурун ўтказилди. Амалиёт пайтида террорчи гуруҳга мансублиги иддао қилинаётган 6 одам ўлдирилди, 5 киши қўлга олинди. Амалиёт пайтида шаҳар марказида фуқароларга тегишли 5 та уй ёниб кетган.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
12 октябрда Бишкекдаги қамоқдан террорчиликда айбланиб озодликдан маҳрум қилинган 9 маҳбус қочиб, 5 нафари қўлга тушган. Қочиб яширинган тўрт маҳбус қўлга олиш жараёнида милиция ходимлари томонидан отиб ўлдирилган.
17 октябрь куни Бишкек атрофидаги қишлоқлардан бирида террорчиликда гумонланган 5 кишилик гуруҳ қўлга олинди.
11 декабрга ўтар кечаси Бишкекда йўқ қилинган икки шахс Чуй вилояти ва пойтахт Бишкекда террор хуружи уюштирмоқчи бўлгани ҳақида Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси маълум қилди.
24 декабрь куни Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида ўтказилган махсус амалиёт чоғида Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқароларидан иборат олти кишидан иборат диний-экстремистик гуруҳ қўлга олингани хабар қилинди.
Расмийлар Қирғизистонда аксилтеррор амалиётларининг аввалги бир неча йилларга нисбатан кўпайганини Суриянинг таъсири ўлароқ баҳоламоқда. Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси расмийси Рахат Сулайманов 2015 йил январида 3 йилда Қирғизистонда 7 террорчилик гуруҳи тузилгани ва гуруҳ аъзоларининг барчаси Суриядаги жангларда иштирок этгани ҳақида маълумотлар мавжудлигини айтган эди.
Қирғизистонликларнинг Сурияга кетишини олдини олиш масалалари билан ҳам шуғулланаётган Ўш ўзбек миллий маркази раиси Абдурашид Хўжаев Озодлик радиоси мухбирига бу борада қуйидагиларни айтган:
- Кўп бекор қолган, ўзини ўзи англаб олмаган ёш йигитларимиз Сурияга кетиб қолаяпти. Бу миллатимизнинг энг ёмон муаммоларидан бири. Бугунги кунда расмий маълумотлар бўйича 458 нафар одам Қирғизистондан Сурияга кетган бўлса бунинг 92 фоизи ўзбек, 6 фоизи уйғур, 1 фоизи қирғиз, 1 фоизи бошқа миллатлар, деб статистика берилаяпти.
Давлат Хавфсизлик қўмитаси билан бирга ўрганиб чиқдик. 60 фоизи ишсизликдан Сурияга кетган. Ўзига тўқ оилалардан кетганлар 10 фоиз. Кетганда ҳам оиласи билан кетганлар бор экан. Яна қарздорлар кетган. 15-16 фоиз одам қарздан қочиб кетган экан, - дейди Абдурашид Хўжаев.
Қирғизистонда террор ва экстремизмга қарши кураш доирасида қўлга олинганлар орасида 37 ёшли таниқли имом Рашодхон Камолов ҳам бор. У 9 февраль куни “экстремизмга даъват қилганлик”, “халифалик тузишга ҳаракат қилганлик”да айбланиб, ҳибсга олинган. Ўш вилоят суди Рашодхон Камоловни 24 ноябрь куни 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган эди. Рашодхон Камолов ўзининг қамалишини сиёсий буюртма сифатида баҳолаган.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
- Бу ерда, кўриб турганингиздек, қамалишимдан учинчи кучлар манфаатдор бўлаяпти. Бизни мусулмонлар билан давлат ўртасида ҳеч қандай низо йўқ. Учинчи кучлар радикал кучларни пайдо қилиш, ёшларни ҳукуматга қарши қўйиш учун шундай қилмоқда. Айрим ҳукумат вакиллари ҳам бундан манфаатдор. Улар ўзининг шахсий бойлигини, ўз мартабасини сақлаш ёки ўзини кимларгадир яхши кўрсатиш учун шу ишни қилаяпти. Биз ҳеч қандай радикал фикрда эмас эдик. Лекин, минг афсуски, бугунги кунда бўлаётган бу ҳолатлар сиёсий бюртмага ўхшаб турибди, - деди Рашодхон Камолов.
ЕврОсиё иқтисодий иттифоқи ҳозирча умидларни оқлагани йўқ
Иқтисодий соҳада ривожланиш бўлишини умид қилган Қирғизистон ҳукумати 2015 йилнинг 10 майида Москва етакчилигидаги ЕврОсиё иқтисодий иттифоқига қўшилди. Россия, Беларус, Қозоғистон ва Арманистон аъзо бўлган мазкур иттифоққа қўшилиш юзасидан музокаралар 2011 йилда бошланганди.
Мазкур иттифоққа қўшилиш масаласи Қирғизистонда катта баҳс-мунозараларга ва хатто жамиятнинг иккига – қаршилар ва розилар қатламига бўлиниб кетишига ҳам сабаб бўлди.
Қаршилар иттифоққа қўшилиш Қирғизистоннинг ҳали оёққа туриб улгурмаган иқтисодиётини янада вайрон қилади, деган нуқтаи назарда бўлсалар, розилар иттифоқ мамлакат келажаги ва иқтисоди учун зарур деган фикрни билдирдилар.
Қирғизистон иттифоққа қўшилиши ортидан эллик минга яқин қирғизистонлик муҳожир Россиянинг “қора рўйхат”идан чиқарилгани хабар қилинган. Маълумотларга қараганда, Россияда турли қонунларни бузгани учун 77 минг қирғизистонлик “қора рўйхат”га киритилган эди. Иттифоққа аъзо давлатларда Қирғизистонлик муҳожирлар ҳеч қандай тўсиқларсиз ўзларининг мутахасисликлари бўйича ишлай олади.
ЕврОсиё иқтисодий иттифоқидан ҳозирча олинган ягона иқтисодий манфаат мана шу бўлди. Иттифоққа қўшилиш ортидан ҳукумат ваъда қилганидай Қозоғистон ва Россияга экспорт кўпаймади, аксинча, Қирғизистон Хитой молларини минтақага реэкспорт қилувчи давлат мақомидан ажраб қолаётир.
Божхона тарифларининг кўпайтирилгани ортидан эса Қирғизистонда ривожланган тикувчилик саноати ҳам инқирозга учраётгани кузатилади. Қирғизистонда ишлаб чиқарилган кийим кечаклар Туркия маҳсулотларидан қолишмайдиган даражада сифатга эгалиги ва арзонлиги билан Россия ҳамда Қозоғистонда харидоргир эди.
Айрим мутахасислар Қирғизистонда сўм бир йил ичида 20 фоиздан кўпроққа қадрсизланганини ҳам ЕврОсиё иқтисодий иттифоқидаги инқироз билан боғламоқда.