Ўзбекистонда январь ойида ҳаво ҳароратининг 20 даражагача илиши бўлғуси ҳосил ғамини еяётган фермерларни ташвишга солмоқда. Аммо Ўзгидрометнинг Озодлик мухбири боғланган мутахасислари “қиш фаслидаги баҳор” яна қанча давом этишини билмасликлари ва бу борада прогнозлар ҳам йўқлигини айтишди.
Ўзбекистонда январь ойида ҳаво ҳарорати айрим вилоятларда 20 даражагача исигани боис қатор вилоятларда, жумладан, Тошкентда ҳамда Термизда бодом ва бошқа мевали дарахтлар гуллай бошлагани ҳақида Озодликнинг мобил мухбирларидан хабарлар келмоқда. Бу борада Ўзбекистон маҳаллий матбуотида ҳам хабарлар берилди.
Қиш фаслида баҳорга хос бўлганбу кўриниш яна қанча давом этади? Бу савол билан Ўзгидромет маркази расмийларига боғландик.
-Сиз бунинг учун бош директоримиз номига расмий хат жўнатиб, унда қандай саволларга жавоб олишни исташингизни айтишингиз лозим. Шундан сўнг у сизга вақт ажратиб, мутахасис топиб беради, - деди Ўзгидрометнинг матбуот билан алоқа қилишга масъул ходими ўзини таништиришни истамаган ҳолда.
Бироқ Ўзгидрометнинг бошқа бир мутахасиси Озодлик саволларига овозини ёзмаслик шарти билан жавоб беришга рози бўлди.
“Аввалги кунлари республика бўйлаб 17-20 даражагача ҳаво исиган эди. 25 январь куни температуранинг тушиши кутилаяпти. Бугун 15-17 даража иссиқ бўлади. Чоршанба ва пайшанба кунлари ёғингарчилик кутилаяпти. Бироқ бу ёмғир бўладими ёки қорми айта олмаймиз. Ўша кунлари ҳавонинг ҳарорати ҳам республика бўйича ўртача 7-12 даража илиқ бўлади. Аммо кейин об-ҳаво қандай ўзгариши ҳақида ҳеч қандай маълумотлар ҳам, прогнозлар ҳам йўқ. Бу иш билан шуғулланмаяпмиз. Биз об-ҳаво прогнозини бир неча кунга берамиз холос”, деди Ўзгидрометнинг исми сир қолиши ва овозини ёзиб олишимизни истамаган ходими.
Қиш фаслида куннинг кутилмаган даражада исиб кетиши фермерларни ташвишга солмай қўймаяпти. Уларнинг айтишларича, қиш илиқ келса камсувлик даври бошланиши, экинзорлар сувсиз қолиши мумкин. Озодлик билан суҳбатлашган фермерлардан бири Улуғбек об-ҳавонинг қишда исиб кетиши оқибатида бу йилги ҳосил кутилганидан озроққ бўлишини тахмин қилаётганини айтди:
-Қиш қишлигини, куз кузлигини, баҳор баҳорлигини қилиши керак, дейишадику эскилар. Деҳқончилик энди ўртача бўлади, бундан ортиғини кутаётганимиз йўқ. Аммо деҳқончилик фақат об-ҳавогагина эмас, экинларни қандай парваришлашингизга ҳам боғлиқ, -деди Улуғбек.
Ўзбекистонда нафақат жорий йилги қиш, балки ўтган йилги ёз фасли ҳам аномал иссиқ келганини кузатиш мумкин. Ўзбек метереологларининг билдиришларича, ўтган йилнинг 30 июнидан 5 июлигача Ўзбекистонда ҳавонинг ҳарорати рекорд даражада исиб, 43,3 градусни, айрим вилоятларда эса 44,1 градусни ташкил қилган. Бундай ҳолат Ўзбекистонда сўнгги марта 1968 йилда кузатилган эди.