Тошкентда Россияда ўқимоқчи бўлганлардан ҳужжат йиғиш жараёни бошланди

Ломоносов номидаги Москва давлат университети.

Тошкентда Россия олийгоҳларида ўқиш учун ҳужжатларни қабул қилиш жараёни бошланди. Бу иш Россотрудничествонинг Тошкентдаги ваколатхонаси томонидан амалга оширилмоқда. Танловдан ўтган ўзбекистонлик ёшлар бюджет ҳисобидан Россия олийгоҳларида ўқиш имкониятига эга бўлади.

Ўзбекистонлик ёшлардан Россия олийгоҳларида ўқиш учун аризалар Россотрудничествонинг Тошкентдаги ваколатхонаси томонидан 17 февралдан 21 февралгача қабул қилинади.

Россия олийгоҳларида ўқиш ниятини билдирган ёшлар бунинг учун Россотрудничествонинг Тошкент ваколатхонаси сайтига кириб, электрон анкетани тўлдириши ва сайт орқали уни ваколатхона электрон манзилига жўнатиши лозим.

Россотрудничество ташкилотининг Москвадаги марказий аппаратидан олинган маълумотга қараганда, ўзбекистонлик ёшлар ўз анкеталарида ўзлари кирмоқчи бўлган олтитагача университетни кўрсатишлари мумкин. Москва ва Петербургдаги университетларда ўқиш нияти борларга фақат иккита олийгоҳни танлаш ҳуқуқи берилади.

Белгиланган тартиб-қоидага асосан, йиғилган анкеталар Ўзбекистон тегишли идоралари вакиллари иштирокида кўриб чиқилади ва ҳукумат вакиллари талабаликка номзодлар орасидан ўзлари муносиб деб топган ёшларни Россия олийгоҳларида ўқиши учун тавсия беради.

Ўзбекистон вакиллари иштирокида танлаб олинган анкеталар Россотрудничествонинг Москвадаги марказий аппаратига жўнатилади. Шундан сўнг анкета ва аризалар кўриб чиқилиб, талабаларни танлаб олиш жараёни бошланади.

Танловнинг иккинчи босқичида эса Россия Маориф ва Фан вазиолиги ўзбекистонлик абитуриентларнинг анкеталарини мустақил тарзда кўриб чиқади ҳамда квотани шакллантириш ва бўлиштириш ахборот-таҳлил системаси воситасида талабаларни танлаб олади.

Ҳужжат топширган абитуриентлар ўз анкеталарида электрон манзилларини ёзишни унутмасликлари керак. Чунки уларнинг олийгоҳга қабул қилингани ёки қилинмагани электрон манзилга хабар қилинади.

Бугунги кунда Россия олийгоҳларида ўзбекистонлик 12 минг талаба ўқимоқда. Ўтган 2014-2015 йилги ўқув йилида Россия ҳукумати квотаси билан бюджет ҳисобидан рус олийгоҳларига қабул қилинган ўзбекистонлик талабалар сони 305 кишини ташкил қилган.

2016-2017 ўқув йили учун эса Россия ҳукумати қарори билан мамлакат университетларида бюджет ҳисобидан ўқиш учун бутун дунёдан 15 мингдан кўп бўлмаган талаба қабул қилиб олиниши лозим.

Бу ўринларнинг қанчаси ўзбекистонликларга насиб қилиши ҳозирча номаълум бўлиб қолмоқда. Россотрудничествонинг Москвадаги марказий аппарати ва мазкур ташкилотнинг Тошкент ваколатхонаси расмийлари Озодлик радиоси билан суҳбатда квота масаласида ҳозирча ҳеч қандай маълумотларга эга эмасликларини айтдилар.