Жамбилнинг қозоқ ва месхетилар яшовчи қишлоғи полиция қуршовига олинди

Бурил қишлоғидаги барқарорликни тиклаш учун полиция махсус отряди жалб қилинди.

Қозоғистоннинг Жамбил вилояти Бурил қишлоғида қозоқ миллатига мансуб 5 ёшли боланинг месхети ўспирин томонидан ўлдирилиши миллатлараро муносабатларнинг кескинлашувига сабаб бўлди. Жамбил вилоят полицияси қишлоқдаги вазиятни барқарорлаштириш мақсадида Бурилга махсус полиция отрядини киритди. Бугунги кунга келиб қишлоқдаги вазият назорат остида экани айтилмоқда.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Қозоғистон: 5 ёшли боланиниг ўлдирилиши миллатлараро вазиятни қалтислаштирди

Бурил қишлоғидаги намойишда иштирок этганлардан бири Озодлик радиоси қозоқ хизматига айтишича¸ намойишчилар 16 февраль куни қотилликда гумонланаётган шахснинг уйига ҳужум қилмоқчи бўлган пайтда қўлга олинган қозоқларнинг ҳибсдан озод этилишини талаб қилган:

- Халқ тонг азондан кўчаларга йиғила бошлади. Ҳаммага маълум, суднинг битта қарори билан қотил яна озодликка чиқaриб юборилиши мумкин. Ҳамма мана шундан хавфсираяпти. Шунинг учун ҳам халқ кўтарилди.Полиция халқни тарқатишга ҳаракат қилаяпти. Қишлоққа ҳеч кимни киргизмаяпти, қишлоқдан ҳеч кимни чиқармаяпти. Тиш-тирноғигача қуролланган полиция итлар билан шаҳарни назорат қилаяпти. Ҳокимлар келиб халқни тинчлантиришга ҳаракат қилди. Аммо қотилнинг оиласидан биров келиб, ўлдирилган боланинингг яқинларига таъзия билдирмади, -деди воқеа гувоҳи.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Қозоғистонда 5 ёшли боланинг ўлдирилишига қарши норозилик

Қишлоқдаги қалтис вазият зўравонликларга айланиб кетишининг олидини олиш мақсадида ҳукумат Бурилга полиция махсус отрядини киритди. Айни пайтда қишлоқдаги вазият барқарор экани, полиция кучайтирилган тартибда ишлаётгани хабар қилинмоқда.

Расмий хабарларга қараганда, 15 февраль куни Дуйшенбек исмли 5 ёшли бола ўз уйида ўлдириб кетилган. 16 февраль куни қотилликда айбланиб 18 ёшли Дурсун Кавазўғли ҳибс қилинди. Полициянинг билдиришича, Дурсун Кавазўғли дастлабки терговда қотиллик қилганини тан олган. Полиция Кавазўғли қозоқ оиласининг уйига ўғирликка киргани, аммо уни беш ёшли бола кўриб қолгани, шундан сўнг Кавазўғли гувоҳдан қутилиши учун болани ўлдиргани ҳақида маълумот тарқатди.

Маҳаллий месхети турклари лидери Дунёдар Абдуллаев “Биз қотилга энг олий жазо берилиши тарафдоримиз”, деб баёнот берди:

- Бу оддий маиший ўғирлик ҳолатидир. Мана шу ўғирлик ортидан бир одам ўлдирилди. Буни миллатлараро масалага боғлашнинг ҳожати йўқ. Аммо бу воқеани қандайдир кучлар миллатлараро жанжалга айлантиришга ҳаракат қилаётган бўлиши мумкин, - деди Дунёдар Абдуллаев.

Бурил қишлоғи аҳолисининг 30 фоизи, яъни 12 минггини месхетин турк ташкил этади. Шу сабабли ҳам маҳаллий ҳокимият эҳтирослар бир оз босилганилдан сўнг қозоқлар ва месхети турклар иштирокида Бурил қишлоғида йиғин ўтказди. Қотиллик жинояти холис ва адолатли тергов қилинишини кузатиб бориш учун маҳаллий ҳокимият, қозоқ ва месхети турклардан иборат махсус жамоатчилик комиссияси ташкил этилди.

Ҳозирча расман тасдиқланмаган маълумотларга қараганда, қотилликда гумонланиб қўлга олинган ўсмирнинг оиласи Бурилдан бошқа қишлоққа кўчирилган.