Москвада бошқа миллат вакиллари билан юрган қирғиз қизларни калтаклаётган “патриот”ларга қарши тузилган қирғиз ёшларининг “Кеменгер” ва “Жани муун” гуруҳлари қирғизистонлик аёлларни ишдан сўнг уйларига кузатиб қўйиш ва уларни таҳдидлардан ҳимоя қилиш мажбуриятини олди. Бунгача “патриот”лар томонидан, жумладан, ўзбек йигитлари билан юрган қирғиз қизлар ва қирғиз қизлар билан юрган ўзбек йигитлари ҳам калтакланган эди.
Москвада ташкил қилинган қирғиз ёшларининг “Кеменгер” ва “Жани муун” гуруҳлари 2 мартдан бошлаб ишдан кеч чиққан қизларни “патриот”лардан ҳимоя қилиб, уйларига кузатиб қўядиган бўлди. “Кеменгер” нинг ўзбекча маъноси “Донишманд”, “Жани муун” эса “Янги авлод” деган маънони беради.
“Кеменгер” гуруҳи вакили Адилет Чилдебаев ўзининг Facеbook саҳифасида бу ташаббусга Москвада ишлаб юрган 130 нафар қирғизистонлик йигит қўшилганини айтди. Ўзларини ҳимояга муҳтож, деб ҳис қилган қизлар ва аёллар иш вақти тугаганидан сўнг 8 925 459-0001 ёки 8 925 115-4038 телфонларига қўнғироқ қилишлари лозим. Шундан сўнг йигитлар уларни кутиб олиб, уйларигача олиб бориб қўядилар.
Адилет Чилдебаевнинг айтишича, бир кун ичида уларга 26 қиз телефон қилиб, ҳимояга муҳтож эканликларини айтишган. Уларнинг барчаси йигитлар ҳимоясида уйларига етказиб қўйилган.
Қирғиз қизларини бошқа миллат вакили билан юришига қарши бўлган “патриот”лар 2012 йили Россияда пайдо бўлган. Улар қизларни ялонғоч қилиб калтаклаб, сўроқ қилаётган видеоларни интернетда тарқатиб келади.
Бунга қадар Москвада ўзларини “патриот” деб атаб олган қирғиз йигитлар бошқа миллат вакиллари билан юрган қирғиз қизларни калтаклаганлари кўп кузатилган. Жумладан, 2015 йилнинг августида ўзбек йигит билан юрган қирғиз қиз ва қирғиз қиз билан юрган наманганлик йигит “патриот”лар томонидан калтакланган, шундан сўнг бу воқеа тасвирланган видео ҳам ижтимоий тармоқларга қўйилган эди.
Бундан бир неча кун аввал февраль ойида бошқа миллат вакиллари билан Москвада сайр қилиб юрган икки қирғиз қизни калтаклаган уч нафар “патриот” қўлга олингани хабар қилинди. Қирғизистон ички ишлар вазирлигининг Москвадаги вакили Аскат Алиев “патриот”ларнинг қўлга олинишида ижтимоий тармоқларнинг ёрдами катта бўлганини айтди.
-Биз Facеbook орқали калтакланган қизларни топишга муваффақ бўлдик. Жабрланувчилар билан алоқа ўрнатганимиздан сўнг уларни калтаклаган одамларни қидира бошладик. Бир неча кун ичида Москвада қизларни калтаклаган уч йигит қўлга олинди. Уларнинг барчаси Қирғизистон фуқаролари. Улар 1989, 1995 ва 1996 йилда туғилган экан. Бугунги кунда улар Москва полицияси ҳибсхонасида сақланмоқда. Уларнинг жиноятлари исботланса, Россияда суд қилинади, -деди Аскат Алиев.
Қўлга олинган “патриот”лар Москва полициясидаги сўроқ пайтида қирғиз тилида ўз қилмишларини “уят” сифатида баҳолаб, бутун Қирғизистон халқидан кечирим сўраган.
-Бутун халқ, барча қирғиз эли олдида кечирим сўрайман. Бундан буён бундай ишларни қилмайман. Афсуски, мен қилиб юрган иш “патриот”лик эмас, балки йигит киши учун шармандалик эканини кеч тушундим, -деди қўлга олинганлардан бири.
Россиядаги қирғиз қизларини бошқа миллат вакиллари билан яқин муносабатда бўлганликда айблаб, калтаклаган ва бу “ақл киритиш” жараёнини видеотасвирга олиб, уни интернетда тарқатган йигитлар қўлга олингани ҳақида аввал ҳам хабарлар тарқалган. Бироқ “миллат шаъни учун қайғурган” бу йигитларнинг биронтаси ҳам жавобгарликка тортилгани ҳақида маълумот йўқ.