Ўзбек-қирғиз чегарасида 110 метрлик махфий туннел топилди

Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой туманидаги Қирғизқишлоқдан Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятидаги Олтиариқ тумани Бўрбалиқ қишлоғига олиб ўтадиган ер ости йўли топилди. Озодлик манбаларига кўра, бу туннелдан Ўзбекистон томонига экстремистлар ўтган ва туннел ошкор этилгач ўзбек томони Қирғизистон билан чегараларни ёпган. Бироқ, расмийлар, бу туннелдан ўтган экстремистлар ушланганини инкор қилмоқда.

Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой тумани Қирғизқишлоқдаги бир уйдан Олтиариқ тумани Бўрбалиқ қишлоғидаги уйга олиб ўтувчи ер ости йўли 17 март куни ўзбекистонлик чегарачилар томонидан ошкор қилинган.

Олтиариқ туманидан олинган бу хабарни Фарғона вилояти ҳокимиятидаги манба тасдиқлади.

Манбанинг айтишича, чуқурлиги 7-8 метр келадиган ер ости туннелининг узунлиги 110 метр бўлган.

Бу туннел чегаранинг икки томонида жойлашган аҳоли уйларини бир-бири билан боғлаган.

Манба бу туннел орқали Ўзбекистонга экстремистлар ўтгани ҳақидаги хабарни инкор қилди:

“Бу туннелдан гўёки экстремистлар ўтганмиш, 3-5 киши ушланган эмиш деган гапларни тасдиқламайман. Балки аввал ўтгандир, балки ўтмагандир, бундан хабарим йўқ. Айни пайтда МХХ ходимлари у ерда тергов олиб боряпти”, деди манба.

Озодлик ҳозирча бу туннел экстремистларнинг ўтиши учун кавланганми ёки Қирғизистондан олиб ўтиладиган контрабанда юклари учунми, бу ҳақда аниқ маълумотга эга эмас.

Баъзи хабарларга кўра, шу воқеадан сўнг, Ўзбекистон Қирғизистон билан бўлган барча чегара ўтказув пунктларини ёпган.

Бироқ, Ўзбекистон МХХ Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси Наврўз байрами муносабати билан чегараларни вақтинча ёпганлиги ҳақида хабар берган эди.

Ўзбекистон-Қирғизистон Чегара хизмати раҳбарлари 25 март куни ўзаро чегараларда юзага келган кескинликни юмшатишга қаратилган музокара бошладилар.

Сўнгги хабарларга кўра, музокара ўтказаётган икки давлат чегарачилари раҳбарлари 25 март куни Олтиариқ туманида ўзбек чегарачилари ошкор этган туннелни бориб кўрган.

Ўзбек чегарачилари раҳбарлари қирғиз ҳамкасбларига бу туннел орқали диний-экстремистик адабиётлар, контрабанда моллари ва қурол-яроғ ҳам олиб ўтилган бўлиши мумкинлигини айтган.