Бу ҳақда Ўзбекистон МХХнинг Давлат чегарасини қўриқлаш қўмитаси 18 апрель куни кечқурун матбуотга хабар тарқатди. 25 март куни ўзбек чегарачилари Қирғизистондан Ўзбекистонга қазилган 110 метрли махфий ер ости йўли топилганини, аммо қирғиз томони тезкор-қидирув амалиёти ўткизилганига қарамай, ер ости йўлининг Қирғизистондан чиқадиган жойи топилмаётганини билдирган эди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Ўзбекистон МХХнинг Давлат чегарасини қўриқлаш қўмитасининг матбуот учун тарқатган маълумотномасида айтилишича, бир неча кун олдин ўзбек-қирғиз чегарасидаги “Ўзбекистон” чегара бекатида икки давлат чегара хизмати расмийлари учрашган.
Ўзбекистон ташаббуси билан ўтказилган мазкур учрашувда қирғиз томони Қирғизистондан Ўзбекистонга қазилган 110 метрли махфий ер ости йўлининг Қирғизистондан чиқадиган жойи топилганини маълум қилган.
Ўзбек чегара қўмитаси тарқатган маълумотномада, мазкур йўл контрабандачилар томонидан фойдаланиб келингани айтилади.
“Қирғизистонлик ҳамкасбларимиз ўтказилган амалиётлар натижасида мазкур махфий ер ости йўли Қирғизқишлоқ ҳудудида яшовчи Сэле Сапаеванинг ҳовлисидан топилганини билдирди ва бизга мазкур факт бўйича ўтказилган дастлабки тергов натижаларини тақдим этади”, дейилади Ўзбекистон МХХнинг Давлат чегарасини қўриқлаш қўмитаси маълумотномасида.
Мазкур хабарни Қирғизистон Чегара хизмати ҳам тасдиқлади.
- 2016 йилнинг 16 апрель куни “Қизилқия автодорожний” чегара ўтказиш пунктида Қирғизистон ва Ўзбекистон чегара хизмати вакиллари учрашди. Бу учрашувда қирғиз томони Ўзбекистонга қазилган махфий ер ости йўли топилганини ва бу борада тергов ишлари олиб борилаётгани тўғрисидаги маълумотларни тақдим этди, - деди Қирғизистон Чегара хизмати матбуот котиби Сажира Чўқўлўева.
25 март куни Ўзбекистон чегарачилари Боткен вилояти Қадамжой туманидаги Қирғизқишлоқдан Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятидаги Олтиариқ тумани Бўрбалиқ қишлоғига қазилган махфий ер ости йўли топилганини маълум қилган эди. Чуқурлиги 7-8 метр келадиган ер ости йўлининг узунлиги 110 метр бўлган. Бу ер ости йўли чегаранинг икки томонида жойлашган аҳоли уйларини бир-бири билан боғлаган.
Ўзбек томони бу йўл орқали Ўзбекистонга экстремистлар ўтган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги таҳминларни ҳам билдирган эди. Ўшанда бу йўл 17 март куни ўзбекистонлик чегарачилар томонидан ошкор қилингани айтилган.
Бироқ Қирғизистон чегарачилари 29 март куни ер ости йўлининг қирғиз томонига олиб чиқадиган жойи топилмаётгани ҳақида баёнот тарқатган эди.
Қирғизистон Чегара хизмати матбуот котиби Сажира Чўқўлўеванинг айтишича, махфий йўлнинг чиқиш жойи 9 апрель куни қирғиз чегарачилари ҳамда Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ҳамкорликда ўтказган тезкор-қидирув амалиёти пайтида топилган.
- Туннелнинг баландлиги 70 сантиметр атрофида, эни эса 60 сантиметр экани аниқланди. Ҳозир тергов ишлари давом этмоқда. Тергов тугамагунига қадар бу борада қўшимча маълумотларни айта олмаймиз, - деди Сажира Чўқўлўқева.
Ўзбекистон мазкур ер ости йўли топилганидан сўнг 18 март куни Қирғизистон билан барча чегараларини бир томонлама ёпган ва баҳсли бўлиб турган Чаласарт ҳудудига ҳарбий техника ҳамда аскар киритган эди.
Ўшанда Ўзбекистон буни Наврўз байрами муносабати билан хавфсизликни кучайтириш тадбири, деб атаган ва фақат 25 март куни Қирғизистонга ер ости йўлининг топилиши хавфсизлик чоралари кучайтирилишига сабаб бўлганини маълум қилган. 26 март куни эса Чаласартдан ўзбек аскарлари ва ҳарбий техникаси олиб чиқиб кетилган.
Икки давлат ўртасида баҳсли бўлиб турган Чаласарт ҳудудига ўзбек ҳарбий техникаси ва аскарларининг киртилиши бунгача ҳам илиқ бўлмаган Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатларини янада кескинлашувига сабаб бўлди.