Гулнора Каримова порахўрлигини фош қилган журналист нуфузли мукофот совриндори бўлди. Асли босниялик терговчи журналист Миранда Патручич Ўзбекистон президенти қизидан ташқари, Озарбайжон президенти оиласининг кирдиркорларини ошкор қилган.
Қароргоҳи Вашингтонда жойлашган Журналистлар Халқаро Маркази ўзининг (ICFJ) 2016 йилги Найт Халқаро журналистика (Knight International Journalism Award) мукофотини Миранда Патручич ва мексикалик журналист Аристеги Нотисиасга беришини эълон қилди.
“Бу терговчи журналистлар юқори даражадаги мулозимларнинг кирдикорларини фош қилиш орқали дунёни ўзгартирди. Улар ўзларининг самарали репортажлари билан ажралиб туради”, дея олқишлади мухбирларни ICFJ президенти Жойс Барнатан.
Қароргоҳи Сараевода жойлашган Уюшган жиноятчилик ва коррупцияни ёритиш лойиҳаси (OCCRP) муҳаррири ва мухбири Миранда Патручич Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова учта йирик телеком ширкатидан камида 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида пора олганини фош қилувчи журналистик суриштирувларга етакчилик қилган.
Миранда Патручич Озодликка берган интервью
Бу репортажлар АҚШ ва Европада жиноят ишларининг очилишига ҳамда Гулнора Каримовага қарашли юзлаб миллион доллар маблағларнинг ҳибсга олинишига туртки бўлди. Ўзбекистон президентининг қизига пора берганини тан олган телеком ширкатларидан бири аллақачон 800 миллион доллар миқдорида жарима тўлашга рози бўлди.
Бундан ташқари Миранда яқинда эълон қилинган “Панама ҳужжатлари” йирик журналистик суриштирув лойиҳаси доирасида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев оиласига қарашли бойликлар яширилган оффшор ширкат ва ҳисоб рақамларини фош қилишга қаратилган мақолалар муаллифидир.
Унинг Монтенегро ҳукумати етакчилари мамлакатнинг асосий банкидан ўз манфаатларидан фойдаланганини фош қилувчи репортажи Монтенегронинг Европа Иттифоқига қўшилиш аризасининиг қабул қилинмаслигига сабаб бўлган.
Мексикалик ҳамкасбимиз Аристеги Нотисиас бу мамлакатда журналистларга нисбатан таҳликалар кўплигига қарамасдан ҳокимият юқори доираларидаги коррупцияни фош қилган жамоага етакчилик қилади. Сўнгги 10 йил ичида Мексикада 100дан ошиқ журналист ўлдирилгани ёки бедарак йўқолган.
ICFJ мукофоти журналистларга шу йил 14 ноябрь куни Вашингтонда ўтказиладиган маросимда топширилади.