Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити бошланишидан бир оз олдинроқ - 24 июнь куни эрталаб Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев билан учрашув ўтказди. Бу учрашув бўлиб ўтиши тўғрисида на Тошкент ва на Бишкек расмийлари аввалдан билдирмаган эди. Тошкентда ШҲТ саммити Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатлари ўта совуқлашган бир паллада ўтказилмоқда.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Қирғизистон матбуоти тарқатган хабарларга қараганда, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити арафасида Ислом Каримов ва Алмазбек Атамбаев юзма-юз учрашув ўтказиши ҳақида 24 июнь куни маълум бўлган. Акипресс агентлиги учрашув Тошкент вақти билан соат 16дан 30 дақиқа ўтганда бошланиши режалаштирилаётганини, бироқ бу аниқ маълумот эмаслигини, қирғиз делегацияси вакилларидан бири “Ислом Каримов билан учрашув масаласи ҳозирча келишилаётгани”ни айтганини билдирди.
Ушбу хабар тарқатилганидан бир неча дақиқа ўтгач, Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари учрашуви бошлангани ҳақида хабар тарқатилди. Ислом Каримов ва Алмазбек Атамбаев сўнгги марта бундан уч йил олдин - 2013 йил сентябрида Бишкекда ўтган ШҲТ саммити доирасида қисқа муддатли учрашув ўткизган эди.
Озодлик радиоси қирғиз хизматининг делегация таркибида Тошкентга борган мухбири Бақит Асанов Ўзбекистон-Қирғизистон президентлари учрашуви ёпиқ эшиклар ортида ўтганини айтди:
- Бугун саммит иштирокчилари режага ўзгартириш киритиб, учрашувни саммит бошлангунига қадар ўтказишга қарор қилишибди. Шунинг учун Ислом Каримов ва Алмазбек Атамбаев эрталаб учрашди. Бу учрашув ёпиқ эшиклар ортида ўтди ва унга журналистлар киритилмади. Расмий маълумотда бу учрашувда икки давлат ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди, дегандан бошқа нарса айтилмаган. Ҳозирча учрашувда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара, ўзаро мажбуриятларни бажарилиши ва хавфсизлик масалалари муҳокама қилинган ёки қилинмагани номаълум, - деди Бақит Асанов.
Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги унча илиқ бўлмаган муносабатлар шу йилнинг март ойида Ўзбекистон томони баҳсли бўлиб турган Чаласарт ҳудудига ҳарбий техника ҳамда аскар киритгани оқибатида янада совуқлашган эди.
Алмазбек Атамбаев Ўзбекистон - Қирғизистон чегарасида юзага келган конфликтли вазият ортидан Тошкент саммитига бормаслигини билдирган. Бироқ кейинроқ Атамбаев бу қарорини ўзгартирган.
Бақит Асанов Озодлик радиоси мухбири билан суҳбатда Тошкентда қирғиз делегацияси мезбонлик анъанасига кўра жуда илиқ кутиб олинганини, тантанали концерт пайтида эса қирғиз тилида ҳам қўшиқлар айтилганини маълум қилди:
- Кеча саммитнинг тантанали очилиш маросимида намойиш этилган Ўзбекистон санъат усталари концертида қирғиз қўшиқлари ҳам янгради. Ана шу пайтда Қирғизистон ва Ўзбекистон президентлари бир-бирларига миннатдорчилик билдириб, имо-ишоралар қилгани ҳам сезилиб турди, - деди Бақит Асанов.
Ахборот агентликлари президентлар учрашувидан сўнг олинган фотосуратларни ҳам эълон қилди. Бу фотосуратларда Ислом Каримов ва Алмазбек Атамбаев бир-бирлари билан қўл олишиб, самимий табассум билан қараб турганлари акс этган.
Бақит Асанов Тошкент таасуротлари билан ўроқлашар экан, Ўзбекистон ҳукумати саммитга катта тайёргарлик кўргани сезилиб турганини, пойтахт кўчаларида эса деярли одамлар кўринмаётганини таъкидлади:
-Тошкентнинг марказий кўчаларига қайтадан асфальт ётқизишибди. Махсус беш юлдузли меҳмонхона қурилибди. Шаҳарда пойтахт аҳолисини деярли учратиб бўлмайди. Одамлар жуда оз. Марказий кўчаларда ҳаракат учун тўсиб қўйилган. Хавфсизлик чоралари жуда кучайтирилган. Кўчаларда милиционерлар жуда кўп. Йўлимизда баъзан-баъзан учраб қолган тошкентликлар билан гаплашмоқчи бўлдик. Лекин улар бизлар билан очиқ гаплашишга тортинишди, - деди Бақит Асанов.