Туркия президенти Режаб Тоййип Эрдўғон 5 июль куни Истанбулдаги масжидлардан бирида ҳайит намозини ўқиб чиққанидан сўнг журналистлар билан суҳбати пайтида Отатурк аэропортида содир этилган портлашларга Доғистон, Қирғизистон ва Тожикистон гражданлари алоқадор эканини маълум қилди. Эрдўғон портлашлар “Исломий давлат” гуруҳи томонидан амалга оширилганини яна бир бор тасдиқлади.
Туркия президенти Режаб Тоййип Эрдўғон Истанбулнинг Отатурк аэропортида 28 июнь куни содир этилган портлашларга алоқадорликда айбланиб 30 киши қамоққа олинганини билдирди. Унга кўра, гумонланувчилар орасида доғистонликлар, қирғизистонликлар ва тожикистонликлар бор.
- Сўнгги қўлга олинганлар билан қўшиб ҳисоблаганда, жами 30 одам ҳибс қилинди. Бу 30 одам қўлга олиниши ортидан қатор маълумотлар ошкор бўлиши мумкин. Қўлга олинганлар орасида доғистонликлар, қирғизистонликлар ва тожикистонликлар бор. Афсуски, бу ишда қўшни Кавказ мамлакатларида яшовчиларнинг ҳам иштироки бор. Портлашлар “Исломий давлат” террор гуруҳи томонидан амалга оширилган, деб айта оламиз, - деди Эрдўғон 5 июнь куни ҳайит намозидан сўнг журналистларга берган интервьюсида.
Аввалроқ Туркия матбуотида Истанбулнинг Отатурк аэропортидаги 44 одам ўлимига ва 240 одамнинг яраланишига сабаб бўлган портлашларни Россия, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон гражданлари амалга оширгани тўғрисидаги таҳминлар мавжудлиги айтилган эди.
Жумладан. 28 июнь куни Истанбулнинг Отатурк аэропортида портлаш содир этган худкуш ҳужумчилардан бири Ўзбекистон ватандоши, қолган икки нафари эса Россия ва Қирғизистон ватандошлари бўлгани ва уларнинг "Исломий давлат" террор гуруҳига мансублиги билдирилганди.
Озодлик радиоси манбалари Истанбулдаги ўзбек ватандошлари яшаётган хонадонлар ҳам тинтув қилингани ҳақида маълум қилган. Бироқ Эрдўғон ўз сўзида “Ўзбекистон” ёки “ўзбеклар” деган сўзларни айтмади.
Туркия расмийлари Отатурк аэропортига ҳужум қилган худкушлардан 2 нафарининг шахси аниқланганини, учинчи худкушнинг шахсини аниқлаш ишлари давом этаётганини билдирган. Шахси аниқланган худкушлар Ваким Булгаров ва Вадим Османов экани расман хабар қилинган.
Қирғизистон томони Эрдўғоннинг мазкур баёнотида айтилган маълумотлар тегишли тузилмалар томонидан ўрганилаётганини ва ҳозирча бу борада аниқ хулосалар йўқлигини билдирмоқда.
Туркиянинг “Ҳурриет” нашри Истанбул аэропортида Украинадан учиб келган 25 ва 35 ёшли икки шахсдан Россия ва Қирғизистон хорижий паспортлари, бошқа одамлар номига расмийлаштирилган иккита хорижий қирғиз паспорти ва учта ички қирғиз паспорти, бешта туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома топилганини хабар қилди. Бу шаҳслар ҳам дарҳол қамоққа олинган.
- Бу маълумотлар юзасидан Туркия томони Қирғизистонга ҳозирча расман мурожаат қилгани йўқ. Бироқ бу хабар оммавий ахборот воситаларида пайдо бўлиши биланоқ Қирғизистоннинг Истанбулдаги консуллиги суриштирув иларини бошлаган. Бу бордаги маълумотлар аниқлаштириб олинганидан кейин расмий билдирув тарқатамиз, -деди Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Айимкан Кулукеева.
Истанбул аэропортида худкушлар томонидан 28 июнда содир этилган портлашларда ҳалок бўлган 44 одам орасида Ўзбекистон ватандоши бўлган Аброржон Устабоев ва Самат Муҳиддинов ҳам борлиги, бундан ташқари 4 ўзбекистонлик яралангани қайд этилган.