Июнь ойи охирларида Ўзбекистоннинг Наманган вилояти ва Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти чегарасидаги талашга тушган беш гектарли ер майдони Ўзбекистонни экани аниқланди. Бу ҳақда чегара ҳудудида жойлашган Ахси тумани маҳаллий ҳукумати маълум қилди. Бироқ юқори ташкилотлар бу масалада хулоса чиқаришга шошилмаяпти.
Жалолобод вилоятининг Ахси туманига қарашли Сўгўт қишлоғи аҳолиси томонидан фойдаланиб келинган 5 гектарли ер майдони июнь ойи охирларида Ўзбекистон чегарачилари назоратига олиниб, бу ерга қирғиз ватандошлари киритилмай қўйилган эди. Шундан сўнг бу воқеа жамоатчилик эътиборига тушиб, “Ўзбекистон Қирғизистонга тегишли бўлган ерни ўзиники қилиб олди”, қабилидаги маълумотлар пайдо бўлган.
Шундан сўнг Ўзбекистон ва Қирғизистон масъуллари учрашиб, мазкур участка мақоми аниқлангунига қадар у ёққа ҳеч кимни киритмаслик ҳақида келишиб олинган эди.
Ахси туман маъмуриятидан олинган сўнгги маълумотларга кўра, талош бўлаётган бу ер Ўзбекистонга тегишли экани аниқланган.
- Шу ойнинг бошида икки давлатнинг чегараларни аниқлаш бўйича комиссияси вакиллари, Ўзбекистон томонидан Янгиқўрғон чегара отряди ва биз томонимиздан Олабуқа чегара отряди қўмондонлари баҳсли бўлиб турган ҳудудда учрашди. Ўша учрашувда хариталар ва протоколлар ўрганилди. Харита ва протоколларга қараганда, бу ер Ўзбекистонга тегишли бўлиб чиқди, -деди Ахси туман ҳокимияти расмийси Алтинбек Кутманов.
Унга кўра, 5 гектарли мазкур ҳудуд 2001 йилнинг 23 августидаги 8-сонли протокол билан Ўзбекистонни экани тасдиқланган. 2003 йилнинг 23 сентябрида бу қарор Бишкек томонидан 12-сонли протокол билан тан олинган. 2006 йилинг 27 сентябрида эса бу ер Ўзбекистонники экани тўғрисидаги 20-сонли протоколни икки давлат президентлари имзолаган.
Кутмановнинг айтишича, мазкур ҳужжатлар Тошкент ва Бишкекдан ўз тасдиғини топмагунига қадар томонлар баҳсли бўлиб турган ҳудудга ҳеч ким кирмаслиги ҳақида келишиб олган.
- Бу масала энди ҳукумат даражасида ҳал этилиши лозим. Бу масала ҳал бўлмагунига қадар бу ҳудудга Ўзбекистоннинг ҳам, Қирғизистоннинг ҳам чегарачилари кирмай турадиган бўлди. Бироқ Ўзбекистон томони шу кунгача бу ерга эгалик тўғрисида бизни огоҳлантирмай келган. Шу сабабли ҳам бу майдон қирғизистонликлар томонидан фойдаланиб келинган, - деди Ахси туман расмийси.
Бироқ Қирғизистон ҳукуматининг Жалолобод вилоятидаги вакили ўринбосари Бакитбек Анаркулов Сўгўт деб аталувчи мазкур ҳудуд масаласида хулоса чиқаришга эрта эканини айтмоқда. Унга кўра, бу ер Чаласарт деб аталувчи баҳсли ҳудуднигнг бир қисми сифатида ҳам эътироф этиб келинади.
- Ҳукумат бу ҳақда расман эълон қилмагунига қадар “Бу ер Ўзбекистонники”, деб айта олмаймиз. Бу масалани ҳукуматлараро даражадаги комиссия ўрганиб, имзоланган ҳужжатларни парламент ратификация қилиши лозим. Шундагина бу ер қайси давлатга тегишли экани ойдинлашади, - деди Бакитбек Анаркулов.
Ўзбек-қирғиз чегарасидаги 50 дан зиёд баҳсли ҳудуд мавжуд. Шу йил 18 мартида Ўзбекистон Чаласарт деб аталувчи баҳсли ҳудудга ҳарбий техника ва аскар киритгани ортидан икки давлат ўртасида муносабат кескинлашиб кетганди. Бунга жавобан Қирғизистон ҳам мазкур ҳудудга тенг миқдорда ҳарбий техника ва аскар киритган.
Вазият 26 март куни Чаласартдан ўзбек аскарлари ва ҳарбий техникаси олиб чиқиб кетилганидан сўнг юмшаган.