Самарқандда бошланган С5+1 Вашингтонда давом этади

Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ташқи ишлар вазирлари ўтган йили Самарқандда тамал тоши қўйилган С5+1 формати доирасида Вашингтонда учрашадилар. АҚШ ҳукумати учрашув пайтида минтақа мамлакатлари билан ҳамкорликда 5 лойиҳани амалга оширишни таклиф қилмоқчи.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, С5+1 доирасидаги учрашув Вашигтонда 3 август куни бўлиб ўтади. Учрашувга АҚШ Давлат котиби Жон Керри мезбонлик қилади.

Ўзбекистон делегациясига ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов раҳбарлик қилади. Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, учрашувда “Марказий Осиё ва АҚШ ташқи сиёсат мутасаддилари С5+1 формати доирасидаги ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилади”.

Учрашув арафасида минтақа журналистлари билан телефон орқали матбуот анжумани ўткизган АҚШ Давлат котибининг Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси ўринбосари Дэниел Розенблюм Вашингтон Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон вакилларига бешта лойиҳани таклиф қилишини билдирди.

“Мана шу мақсадда ишчи гуруҳлари ташкил этилиб, бу гуруҳлар жорий йилнинг апрелида Бишкек ва Олмаотада учрашган. Натижада ҳамкорликнинг уч соҳаси бўйича бир қатор лойиҳалар ишлаб чиқилди ва биз умид қиламизки, ҳар бир давлат бу лойиҳаларни қўллаб-қувватлайди. Агар чоршанба (3август) куни бу лойиҳалар- уларнинг сони бешта- С5+1 форматида вазирлар томонидан қўллаб-қувватланса, мазкур лойиҳаларнинг тафсилотлари жамоатчиликка очиқланади”, деди Дэниел Розенблюм.

2015 йилнинг 31 октябридан 2 ноябригача АҚШ Давлат котиби Жон Керри Марказий Осиё давлатларига сафар қилган эди. Мазкур сафар доирасида минтақа мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари Жон Керри билан 1 ноябрь куни Самарқандда учрашиб, сиёсий диалог майдони бўладиган С5+1 форматини ташкил қилишга келишиб олганди.

С5+1 формати доирасидаги учрашувда АҚШ билан ҳамкорликнинг уч асосий йўналиши танлаб олинган. Буларнинг биринчиси- иқтисодиёт, Марказий Осиёни иқтисодий жиҳатдан каттароқ ҳудуд, жумладан, АҚШ билан боғлаш; иккинчиси-атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши муаммоларини ҳал қилиш; учинчиси-хавфсизлик, террорчилик таҳдидларининг олдини олиш ваАфғонистондаги барқарорлик муаммолари.

АҚШ Давлат департаменти мазкур учрашув арафасида Марказий Осиёга кўмак янги дастурини эълон қилган. Мазкур дастур иқтисодиёт, савдо, экология, сув, маориф ва маданият соҳаларига оид лойиҳаларни ўз ичига олган.

Давлат департаменти баёнотида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистон мустақилликка эришган 1991 йилдан бери Қўшма Штатлар Марказий Осиё давлатларига 8 миллиард 800 миллион доллар миқдорида кўмак кўрсатгани таъкидланган.