Ўшда 24 июнь куни йўқолган ва яқинларининг аризасига асосан милиция томонидан қидирилаётган уйғур миллатига мансуб тадбиркор Хитой қамоқхонасидан топилди. Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот тузилмаларидаги исми сир сақланаётган манбанинг айтишича, тадбиркор экстремизмда айбланиб, Хитойга яширинча олиб кетилган.
Озодлик радиоси қирғиз хизмати ҳозирча расман тасдиқланмаган, аммо ишончли манбадан олинган маълумотга таянган ҳолда, уйғур тадбиркорни Хитойга яширин олиб чиқиб кетилишида Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг қўли бор, деб хабар берди..
Асли хитойлик бўлган тадбиркор Ўшда Қирғизистон ватандошига уйланган ва савдо –сотиқ билан шуғулланган. Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати уйғур тадбиркори қандай асосларга кўра Ўшда қўлга олингани ва қандай ҳолатда яширинча Хитойга олиб чиқиб кетилгани тўғрисида изоҳ беришдан тийилмоқда.
Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармаси тадбиркорнинг Хитойга яширинча олиб чиқиб кетилгани юзасидан пайдо бўлган тафсилотлар ўрганилаётганини ва бу маълумотлар тергов сири ҳисобланишини билдирди.
Қирғиз парламенти депутати Чўлпўн Жакупова уйғур тадбиркор Хитойга яширинча олиб чиқиб кетлиши қонунларнинг қўпол тарзда бузилиши эканини айтди:
-Экстрадиция қилиш масаласи бош прокуратуранинг ваколатига киради. Хориж ватандошини экстрадиция қилиш масаласини фақат бош прокуратурагина ҳал қилади. Махсус хизмат ходимлари ўз хоҳишларига қараб бир одамни у ёки бу мамлакатга топширишга ҳақли эмас, -деди Чўлпўн Жакупова.
Бундан авваллари ҳам Қирғизистондан одамларнинг яширинча равишда бошқа давлатларга ўғирлаб кетилиши ҳолати кузатилган эди. Масалан, 2005 йилда ўзбекистонлик мухолифатчи Ҳолдоржон Исроилов Ўшда, 2013 йилнинг 18 февралида ўзбекистонлик қочқин Шуҳрат Мусин Бишкекда йўқолиб қолган эди. Бир неча ойлик қидирув ишларидан сўнг улар Андижон қамоқхонасида сақланаётгани тўғрисида хабарлар келган.
Ҳуқуқ фаоллари мазкур шахслар Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳамкорлигида Ўзбекистон махсус хизматлари томонидан ўғирлаб кетилган, деб баёнотлар берган.
Бишкеклик таниқли ҳуқуқ фаоли Азиза Абдурасулова Қирғизистондан бошқа давлатлар ватандошларининг ўғирлаб кетилишига ёрдам бериш орқали кучишлатар тузилмалар ходимлари пул ишламоқда, деб ҳисоблайди.
-Уларни осонгина олиб кетишмайди. Бу ерда “чўнтак манфаати” бор. Фақат шахсий манфаат учунгина суд ва прокуратура қарорисиз одамларни бошқа давлатларга топшириб юборишаяпти. Миллий хавфсизлик хизмати жамоатчилик назоратидан ташқарида бўлиб қолмоқда, бу тузилма хатто ватандошлар аризаларига ҳам жавоб бермайди. Махсус хизматлар амалиёт ўткизаётган пайтда ҳам қанча одамларни экстремист деб отиб ўлдиришди. Уларнинг экстремист эканига қандай далил-исботлар бор эди, деб сўрасак жавоб беришмайди. Миллий хавфсизлик хизмати бугунги кунда “монстр”га айланган ташкилотдир, -деди Азиза Абдурасулова.
Бундан аввалроқ уйғур тадбиркорининг йўқолиши юзасидан Жалолобод вилоят милициясининг 10-бўлими ходими Бекжан Ажикулов қамоққа олинган эди. У уйғур тадбиркорини ўғирлаганликда гумонланган. Бироқ дастлабки терговдан сўнг у уй қамоғига чиқарилган. Бунга уйғур тадбиркори йўқолган куни Бекжан Ажикулов Жалолободдан Ўшга бормагани ва ўз иш жойида бўлгани аниқлангани сабаб қилиб кўрсатилди.
Қирғизистонда бундан авваллари ҳам Хитой билан муносабатлар бузилмаслиги учун уйғурларга ўзгачароқ муносабатда бўлиш ҳолатлари кузатилган. Масалан, 2011 йил 4 февралида Турсун Исломнинг “Хитой дунёга таҳдид солмоқда” китобини, 2014 йилнинг 9 июнида Қорахон Нур ва Нурмуҳаммад Кенжиевнинг “Мен уйғурман” китобини Қирғизистон ҳудудида тарқатиш тақиқланган.