Сарлавҳага чиқарилган шикоят билан OzodMikrofonга Сирдарё вилоят, Сардоба тумани марказида истиқомат қилувчи 30 яшар Шерзод Такабоев мурожаат қилди. Унинг айтишича, жорий йил бошида унинг онаси, 75 яшар Маҳсатой Норматова “Асакабанк”ка 30 миллион сўм қўйган. Шерзоднинг айтишича, маблағ банкка Damas автомашинаси сотиб олиш мақсадида қўйилган эди. Лекин пул банкка қўйилганидан буён ўтган ярим йилдан кўпроқ вақт ичида автомашинани сотиб олиш учун “тўлов очилмаган” ва 30 миллион ҳануз “Асакабанк”да турибди.
Шерзоднинг айтишича, у 25 июлда онаси билан биргаликда банкка бориб, пулни қайтаришни талаб қилган. “Асакабанк” мулозими эса, нақд пул тақчиллиги туфайли пулни ҳозирча қайтариб беролмаслигини билдириш билан чекланган.
OzodMikrofon эшиттириши форматидан келиб чиқиб, шикоятчининг гапларини эътиборингизга ҳавола қилиш билан чекланамиз. Озодлик “Асакабанк”нинг мазкур шикоят юзасидан ҳар қандай шаклдаги изоҳи, билдиришномаси, баёноти ва ҳоказоларни эшитиш ва тингловчига эшиттиришга тайёр.
Ҳозирча эса, “Асакабанк” фойдасига Шерзод Такабоевдан эшитганимиз биргина гапни келтиришимиз мумкин: Шерзоднинг айтишича, январдан буён онаси “Асабанк”ка қўйгани 30 миллион сўм эвазига 4 марта 500 минг сўмдан жами 2 миллион сўм устама фойиз ҳисобида пул олган.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди