Астрахандаги "Единство"(Бирлик) ўзбеклар жамияти раҳбари Анвар Жалолов Россиядаги ўзбекистонликлар бутунроссия конгресси Астрахан бўлими раисининг муовини Нуъмон Қарабоевни ўзбекистонлик муҳожирларни ҳимоя этиш ўрнига, уларни алдаш, ҳатто зўрлашда айбламоқда. Ўз навбатда, Россиядаги Ўзбеклар ва ўзбекистонликлар Бутунроссия конгресси раиси Иброҳим Худойбердиев Анвар Жалолов айбловларини "тўҳмат" дея рад этди.
Астрахандаги меҳнат муҳожирлари ҳақларини ҳимоя этувчи "Бирлик" ташкилоти раҳбари Анвар Жалолов, Фергана.ру сайтида босилган мақоласида, Россиядаги Ўзбеклар ва ўзбекистонликлар бутунроссия конгресси (ВКУУ)нинг Астрахан бўлими раисининг мувони Нуъмон Қарабоевни ўз ватандоши 19 ёшли Зарнигор исмли аёлни зўрлагани, Жалоловни матбуотга мурожаат қилишига мажбур бўлганини билдирган.
Ўзбекистонлик аёл Озодлик билан суҳбатда Фергана.ру сайтида ўзи ҳақида босилган мақола мазмунини тўла тасдиқ этишини тилга олди.
Зарнигорнинг айтишича, у ижорий йилнинг 3 майида Москвадаги Ўзбекистон элчихонасидан "ватанга қайтиш маълумотномаси"ни олишга ёрдам беришни сўраб, Нуъмон Қарабоевга мурожаат қилган. Ўзбекистонлик аёлнинг даъво қилишича, Нуъмон Қарабоев Зарнигорни ватанига депортация қилиш таҳдиди билан ўз кабинетида унинг номусига тажовуз қилган.
Жарбрланган аёлнинг айтишича, зўрланганига оид ариза Астрахан ички ишлар бўлимига июл ойи охирида топширилганига қарамасдан, унинг аризаси ҳозиргача кўриб чиқилгани йўқ.
Озодликнинг Нуъмон Қарабоевга боғланиши натижасиз якунлангандан сўнг, Қарабоев бошлиғи, Россиядаги Ўзбеклар ва ўзбекистонликлар бутунроссия конгрессининг раиси Иброҳим Худойбердиевга мурожаат қилди.
Худойбердиев жаноблари Нуъмон Қарабоев тўҳмат қурбони бўлгани ва Фергана.ру сайтида босилган мақола ўзи раҳбарлик қилган "ташкилотга қарши қаратилган махсус компания" дея баҳолади.
- Анвар Жалолов олдин бизни ташкилотимизнинг Астрахандаги раҳбари эди. Уни биз ҳисобот бўйича ташкилотимизнинг анчагина пулини ўғирлагани учун ишдан олдик. Бу РУДНда (Россия халқлар дўстлиги университети) ўтказилган меҳнат муҳожирлари тестларнинг пули эди. Ишдан бўшатишдан олдин биз ҳисоботни тўғирлаб, ўзлаштирган пулларини топиб бериш учун унга вақт бердик. Натижа бўлмаганидан сўнг биз Анварни ишдан бўшатдик, деди Иброҳим Худойбердиев.
Айни пайтда, Ўзбеклар жамияти раҳбари мақолани чоп этган Фергана.ру сайти ва унда чоп этилган мақола муаллифи Анвар Жалолов устидан судга шикоят қилишини маълум қилди.
Анвар Жалолов Озодлик билан суҳбатда Худойбердиев айтаётган ташкилот пулларини ўзлаштиришга оид айбловини "асоссиз", дея рад этди. У Россиядаги бир қанча ўзбек жамоалари аллақачон ВКУУ бошлиғи Иброҳим Худойбердиевга истеъфога чиқиш талабини қўйганини маълум қилди.
- Энг аввал Иброҳим Худойбердиевнинг ўзи ўғирлаган пулларни ҳалолигини исбот қилсин. Иброҳимовни давлатдан 20 миллион қарзи бор. Бу ҳақда суд бўлган, судда бу исбот этилган. Бизни меҳнат муҳожирлари патент олиш (ишлаш рухсатномаси) учун имтиҳон топширишади. Имтиҳонларни Конгрес ўзини Россиядаги бўлимларида ўтказган. Иброҳим Худойбердиев раҳбарлик ташкилот имтиҳонлардан тушган пулларни давлатга топширмаган. Бу ҳақда суд қарори ҳам бор. Мен, гўёки, Астрахандатест пулларини ўзлаштирганимга оид айблов - бу тўҳмат. Судга берсин, биз буни тўҳмат эканлигини исботлаб берамиз. Бизда аниқ исбот далиллар бор, деди Астрахандаги "Единство"("Бирлик") ўзбеклар жамияти раҳбари Анвар Жалолов.
Россиядаги Ўзбеклар ва ўзбекистонликлар Бутунроссия конгресси ташкилоти Россия халқлар дўстлиги университети ходимлари билан ҳамкорликда мамлакат турли минтақаларида меҳнат муҳожирларининг ишлаш рухсатномаси (патент) олиши учун тест имтиҳонларини ўтказиш тадбирида иштирок этиб келади.
Ташкилот расмий сайтида келтирилган маълумотларга кўра, Ўзбеклар ва ўзбекистонликлар Бутунроссия конгресси 2011 йилнинг 1 майида Москвада тузилган бўлиб, Россиянинг ўнлаб минтақаларида ўз ваколатхоналарига эга.