Суднинг навбатдаги йиғилишида Азимжон Асқаров кўрсатма бериб, қийноқларга солингани ортидан ўзига нисбатан билдирилган айбларни тан олишга мажбур бўлганини айтди. Асқаров 2010 йилги Ўш воқеаларидан олдинроқ ҳукумат аъзоларини Бозорқўрғон туманига номаълум одамлар қурол олиб келаётганидан огоҳлантирганини, аммо ҳукумат расмийлари бу билдирувга эътибор бермаганини ҳам таъкидлади.
Чуй вилоят судида этник ўзбек ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров ишини қайта кўриб чиқиш жараёни давом этмоқда. Суднинг навбатдаги йиғилишида Асқаровнинг кўрсатмалари тингланди. Ҳуқуқ фаоли Ўш қирғинини пайтида Бозорқўрғон туманида тартибсизликларни уюштиришда ва милиция ходими Миқтибек Сулаймановни ўлдиришда иштирок этмаганини билдирди.
-Қамоққа олинганимидан кейин биринчи ва иккинчи кунлари мени фақат калтаклаш билан шуғулланишди. Менинг бошимга тўппонча билан уриб, бошимни ёришганидан сўнг терговчиларнинг ҳамма саволларига тасдиқ жавобини беришга мажбур бўлдим. Бошимдан қон томчилаб турган бир пайтда менга айбларимни тан олганим тўғрисидаги ҳужжатга қўл қўйдиришди. Бу ҳужжатга ҳам қон томиб қолганини сезишганидан кейин бир неча кун ўтиб, уни менга яна қайта ёздиришди. Чап қўлим билан бошимни уқалаб, ўнг қўлим билан тушунтириш хати ёзганман, -деди Азимжон Асқаров.
Октябрь ойидан бери давом этаётган суд жараёнларида қатор гувоҳлар Азимжон Асқаров ҳақиқатан ҳам аёвсиз қийноқларга солингани ҳақида кўрсатма беришган. Кўплаб гувоҳлар эса Асқаровни тартибсизликлар бўлган ва милиция ходими ўлдирилган жойда кўрмаганини билдиришган.
2010 йилда қамоққа олингунига қадар Асқаров Жалолобод ва Бозорқўрғон милициясида ҳамда прокуратурасида коррупция ҳолатлари, одамларнининг қийноққа солинишига қарши курашиб келган. Бунинг ортидан кўплаб милиция ходимлари ишдан бўшатилиб, айримлари жиноий жавобгарликка ҳам тортилган эди.
Шундан келиб чиққан ҳолда Асқаров судда ўзига нисбатан жиноят иши ўч олиш мақсадида соҳталаштирилганини айтди. Ҳуқуқ фаоли ишини ўрганган халқаро ташкилотлар ҳам Асқаровга нисбатан жиноят иши соҳталаштирилганига ишонилишини кўп йиллардан бери айтиб келадилар.
Асқаров судда берган кўрсатмасида 2010 йилнинг июлида Бозорқўрғон туманига номаълум шахслар қурол олиб келгани тўғрисида ўша пайтдаги мудофаа вазири Исмоил Исақовни огоҳлантиргани, аммо вазир бу билдирувни эътиборга олмаганини ҳам маълум қилди.
Асқаровга кўра, 2010 йилда Бош вазирнинг кучишлатар тузилмалар бўйича ўринбосари Азимбек Бекназаров ва ўша пайтдаги Омбудсмен Турсунбек Акун уни қамоқдан бўшатишга ваъда берган.
Бироқ Озодлик радиоси саволига жавоб берган Азимбек Бекназаров Асқаровга бундай ваъда берганини рад этди:
-Мен суднинг ишига аралашган эмасман. Бу тергов ва суд органларининг ваколати. Судга ҳам, терговчига ҳам бу тўғрида ҳеч қандай кўрсатма берган эмасман, -деди Азимбек Бекназаров.
Омбудсмен лавозимида ишлаб турган пайтда Озодлик радиосига Азимжон Асқаровни умрбод қамоқ жазосидан озод қилиш бўйича халқаро қўмита тузиш ташаббусини кўтаргани ҳақида бир неча марта гапирган Турсунбек Акун эса Азимжон Асқаровнинг қийноқларга солингани тасдиқланмаган, деб маълум қилди:
-Азимжон Асқаровнинг калтакланганини текшириш бўйича тузилган комиссия унинг қийноқларга солингани фактларини аниқлай олган эмас. Бу гап тасдиқланмаган, -деди Турсунбек Акун.
Чуй вилоят судининг 1 ноябрда ўтган йиғилишида гувоҳлар аёвсиз калтакланганлари оқибатида Асқаровга қарши кўрсатма беришга мажбур бўлганини айтган эдилар.
Жорий йилнинг апрель ойида БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси Асқаров ишини ўрганиб чиқиб, қирғиз ҳукумати Асқаровни зудликда қамоқдан бўшатиши шарт, деган қарорни чиқарган эди.
Шундан сўнг 12 июлда Қирғизистон Олий суди Асқаровга нисбатан иккинчи ва учинчи суд инстанциялари чиқарган умрбод қамоқ жазосини бекор қилиб, ишни қайта кўриб чиқиш учун Чуй вилоят судига жўнатган.
Асқаров ишини қайта кўриб чиқиш Чуй вилоят судида октябрь ойида бошланган.
Суд жараёнини халқаро ташкилотлар вакиллари ва Европа Иттифоқи давлатлари дипломатлари кузатиб бормоқда.
Азимжон Асқаровга ўтган йили АҚШ Давлат департаментининг “Инсон ҳуқуқлари фаоли” мукофоти топиширилган эди. Шундан сўнг Бишкек ҳукумати норозилик сифатида Вашингтон билан имзоланган ўзаро ҳамкорлик шартномасини бекор қилган.