Қирғизистоннинг ташқи қарзи хавфли кўрсаткичга яқинлашди

Қирғизистоннинг ташқи қарзи 4 миллиард долларга яқинлаб, ялпи ички маҳсулотнинг 70 фоизи даражасига етиб қолгани халқаро молия тузилмаларини ташвишга солмоқда. Халқаро ташкилотларга кўра, ташқи қарз мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 70 фоизи даражасига етиши ортидан миллий хавфсизлик таҳдид остида қолади. Бироқ Қирғизистон расмийлари ташқи қарз миқдорининг ўсиб бораётганидан ҳавотирда эмас.

Қирғизистон Молия вазирлигининг билдиришича, 2016 йил ҳолатига кўра, мамлакатнинг ташқи қарзи 3 миллиард 764 миллион долларни ташкил қилади. Бу қарзнинг 1 миллиард доллари сўнгги 6 йилда олинган.

Молия вазирлиги сўнгги олти йилда олинган 1 миллиард доллар қарзнинг асосий қисми 2010 йилдаги Ўш воқеалари пайтида ёндириб юборилган уйларни қайта тиклашга кетганини билдирмоқда. Қарзнинг қолган қисми эса турли соҳаларни ривожлантиришга сарфланган.

-Ташқи қарзнинг 24 фоизи энергетика тармоғига, 24-28 фоизи йўл қурилиши ва инфраструктурани ривожлантиришга, 20 фоизи қишлоқ хўжалигига сарфланган. Бундан ташқари бюджет камомадини ёпиш учун ҳам қарзлар олинган, -деб билдирди Молия вазирлигининг қарзлар бошқармаси бошлиғи Бақит Сидиқов.

Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси Қирғизистон ташқи қарзи мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 70 фоизига яқинлаб қолганидан ташвиш билдириб келмоқда. Халқаро меъёрларга мувофиқ, мамлакат ташқи қарзи ялпи ички маҳсулотнинг 60 фоизидан ошиб кетса, миллий хавфсизликка таҳдид пайдо бўлади.

Ҳалқаро валюта жамғармасининг Қирғизистондаги ваколатхонаси раҳбари Эдуард Жемайел шундан келиб чиққан ҳолда қирғиз ҳукуматини ялпи ички маҳсулот ҳажмини ошириш бўйича чора-тадбирларни кўришга чақирди.

-Ташқи қарз сўнгги 2-3 йил ичида анча кўпайиб кетди. Масалан, 2014 йилда ташқи қарз ялпи ички маҳсулотнинг 43-44 фоизига тенг эди. Ҳозир эса 70 фоизига яқинлаб қолди.Бу ўта ҳавотирли кўрсаткичдир. Шунинг учун биз қирғиз ҳукуматини солиқларни озайтиришдан воз кечишга, бюджет камомадини камайтиришга ва ялпи ички маҳсулот ҳажмини зудликда ошириш бўйича чораларни ишлаб чиқишга чақирмоқдамиз, -деди Эдуард Жемайел.

Бироқ Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев журналистларга берган интервьюсида ташқи қарзнинг кўпайиб кетишидан қўрмаслик кераклигини, аксинча, зарур бўлса яна қарз олиш лозимлигини таъкидлади:

-Тўғри, Қирғизистоннинг ташқи қарзи 3 миллиард 700 миллион доллар. Олти миллион аҳолиси бор Қирғизистоннинг қарзи шунча. 16 миллион аҳолиси бор Қозоғистоннинг ташқи қарзи 160 миллиард долларни ташкил қилади. Менимча, биз яна қарз олишдан қочмаслигимиз керак. Барча олинган қарзларни йўлларни қуришга ва энергетика соҳасига сарфлаяпмиз. Биз қарз олишдан қўрқмаслигимиз лозим, -деб билдирди Алмазбек Атамбаев.

Расмий маълумотларга қараганда, Қирғизистон Хитойдан 1 миллиард 336 миллион, Россиядан 300 миллион, Япониядан 243 миллион, Германиядан 100 миллион, Туркиядан 97 миллион доллар қарздор. Бундан ташқари Қирғизистон Жаҳон банкига 1 миллиард 11 миллион доллар, Осиё тараққиёт банкига 969 миллион доллар, Халқаро валюта жамғармасига 494 миллион доллар қарз тўлаши лозим.