Россияда Интернетни “бошқаришга” чорловчи қонун қабул қилинди

Россиянинг маълумот хавфсизлиги бўйича янги қонуни ҳукуматни “Интернетнинг Россия сегментини бошқариш миллий тизимини ишлаб чиқишга” чақиради. Қонун 6 декабрь куни эълон қилинганидан кейин кучга кирди. Россия президенти Владимир Путин 2000 йилнинг 5 декабрь куни қабул қилинган шунга ўхшаш қонунни бекор қилиб, янгисини имзолаган.

17 саҳифали ҳужжатда Россия ҳукумати назарида маълумот соҳасида ўз миллий қизиқишлари ва хавфсизлигига таҳдид солувчи хавфлар ҳамда уларга қарши курашиш ҳақида батафсил ёзилган.

Қонуннинг асосий бўлаги террор ташкилотларининг тарғибот қилиш ҳамда одам ёллашга қаратилган ҳаракатларига қарши курашиш ҳамда компьютерларни онлайн жосуслик ва жиноятлардан ҳимоя қилишга бағишланган.

Россия Интернетини “бошқариш” тизими ҳақида ҳужжат охирида ёзилган бўлиб, бу мавзу кенг ёритилмаган.

Янги қонун лойиҳаси Путин ҳукуматига Интернетдан фойдаланишни бошқаришига йўл очиб бериши ҳақида хавотирларга сабаб бўлиши мумкин. Президент бундан аввал бир неча марта расмийлар Интернет эркинлигини чекламаслиги кераклигини таъкидлаган эди.

Ҳужжатда тилга олинган хавфлар орасида хорижий разведка агентликларининг дунёдаги турли мавжуд тузумларни, жумладан, Россияни беқарорлаштириш мақсадида “маълумот ва психологик таъсирлардан” тобора кўпроқ фойдаланаётгани айтиб ўтилган.

Кейинги пайтда ғарб ҳамда собиқ совет давлатлари Москвани маълумот жанги олиб боришда ҳамда онлайн ҳужумларни уюштиришда айблаб келади. Хусусан, АҚШ разведка агентликлари Москвани айнан шу йўллардан фойдаланиб, АҚШ президентлик сайловларига ўз таъсирини ўтказишга уринишда айблади.

“Руҳий ва ахлоқий қадриятлар”

Янги қонунда яна “хорижий матбуотда Россия Федерацияси давлат сиёсатини бир тарафлама баҳоловчи материалларнинг тобора кўпайиб бораётгани” айтилган.

Ҳужжат яна Россия оммавий ахборот воситалари хорижда “очиқчасига дискриминация” қилинаётгани ҳамда рус журналистлари “ўз профессионал фаолиятларини бажара олмасликлари учун яратилган тўсиқларга дучор бўлаётгани” таъкидланган.

Қонунда ёзилишича, кейинги пайтда Россияликларни, “айниқса, ёш россияликларни мўлжалга олувчи ҳамда русларнинг анъанавий руҳий ва ахлоқий қадриятларини кучсизлантирувчи маълумотларни тарқатиш” кўпайган.

Янги қонун “ота юртни ҳимоя қилиш билан боғлиқ тарихий асослар ва ватанпарвар анъаналарни бузишга қаратилган маълумот ва руҳий амалиётларни кучайтириш” учун курашишга чақиради. Афтидан, бу жумла Кремль иддаосига кўра Иккинчи жаҳон урушининг совет талқинини шубҳа остига олишга қаратилган ҳаракатлар ҳақидадир.

Қонун лойиҳасида тилга олинган стратегик вазифалар орасида Россия ҳамкорларининг маълумот хавфсизлигини таъминлаш ҳамда хорижий давлат, ташкилот ва шахсларнинг Россия суверенитети ҳамда ҳудудий бирлигига таҳдид солувчи ҳаракатларига тўсиқ қўйиш ҳам бор.

Ҳужжатга кўра, “маҳаллий саноатларнинг хорижий маълумот технологияларига қарамлигини йўқ қилиш керак” ҳамда маълумот хавфсизлигини таъминлаш учун рус технологияларини ишлаб чиқиш керак.

Россиялик Интернет ҳамда онлайн хавфсизлик таҳлилчиси Андрей Солдатов Озодлик радиосига ой бошида берган интервьюсида Россия ҳукумати Хитой билан маълумот сўраб юборилган онлайн илтимосларни назорат қилиш ва фильтрлаш имконини берувчи “янги, иккинчи авлод Интернетни фильтрловчи тизим” устида ишлаётганини айтган эди.

Робарт Коалсоннинг мақоласини ўзбек тилига Нодир Отаев ўгирди.