Украинада туғилиб, Россияда ўсган 20 яшар қиз Ўзбекистонга депортация қилинди

Ўзбекистонга депортация қилинган Айла Сафронова

Украинанинг Славянск шаҳрида туғилган ва Россияда 3 ёшидан бери яшаб келган 20 яшар Айла Сафронова 9 декабр куни Ўзбекистонга депортация қилинди ва ҳозирда маҳаллий прокуратура текшируви остида изоляторда сақланмоқда. Ҳимоячисининг айтишича, Айланинг онаси Натали ва укаси Денис ҳам Тошкентга депортация қилиниши хавфи остида қолмоқда ва шунинг учун улар полиция ва миграция идораси ходимларидан яшириниб яшашга мажбур. Тюмень маъмурлари фикрича, бу оила аъзолари ўзбекистонлик ва улар ҳужжатларни қалбакилаштирганликда айбланмоқда.

2014 йилда онаси ва укаси билан Украинадан Россияга қочқин сифатида келган 20 яшар Айла Сафронова 12 декабрь куни Ўзбекистонга депортация қилинди.

Айланинг танишлари қочқин қиз Тюмень шаҳар миграция ходимлари томонидан хуфёна тарзда, яқинларига хабар бермасдан олиб кетилгани ва суд қарорисиз депортация қилинганини гапирмоқда. Бу ҳақда “PARK72.RU” интернет нашри хабар қилди.

“PARK72.RU” журналисти Наталья Озодликка Айла Сафронова 3 ёшидан бери Россияда яшаб келгани, Нефтеюганск шаҳрида мактабда таҳсил олгани, ҳозирда Тюмень шаҳар техникумларидан бирининг талабаси эканини гапириб берди.

Бир йил олдин Айла Сафронова ўрта мактабни ҳатм қилди

У Сафроновлар оиласи аҳволи тўғрисида бир неча маротаба мақола ёзганини билдирди.

- Шунча йил давомида улар ҳукуматга кўп маротаба самарасиз мурожаат қилган. Натали Сафронованинг иккита боласи 6 синфгача мактабга бормасдан юрган, чунки уларда ҳеч қандай ҳужжат бўлмаган. Шунда Натали ўзбекистонлик танишлари орқали ўзига қалбаки ҳужжат тайёрлаб, фарзандларини мактабга жойлаштирибди, деди Айланинг депортацияси ғайриинсонийлик эканига эътиборимизни қаратган Александра.

Айла Сафронованинг яқинларидан Озодликка маълум бўлишича, Россиядан мажбуран чиқариб юборилган Айла Тошкент аэропорти чегарачилари ҳибсхонасида сақланган ва икки кун ўтиб шаҳар тергов изоляторига ўтказилган.

"Айла суд қарорисиз ноқонуний депортация қилинган!"

Сафроновлар оиласи иши билан ўз хоҳиши билан шуғулланиб келаётган тюменлик нафақахўр Сергей Сикчин Озодлик билан суҳбатда Айланинг иши билан Ўзбекистон прокуратураси бўлимларидан бири қизиқиб қолгани ва унга ҳатто жосусликда айбловлар қўйилганини иддао қилди.

Натали Сафронова "Қизил десант" қочқинлар лагерида

Сергей Сикчиннинг айтишича, у Сафроновларга қўшни яшаган ва уларни икки йилдан буён танийди. У Сафроновлар оиласи фожеаси тўғрисида Озодликка буларни сўзлаб берди.

- Сафроновлар 17 йилча Нефтеюганскда яшаб келган. Аллақандай фирибгарлар уларнинг квартираси ва ҳужжатларини тортиб олиб қўйган. 2012 йилда у Украинага бориб, ўзининг эрини топган, ҳужжатларини тўғрилаб олган. Донбассда бошланган уруш вақтида турмуш ўртоғи кўнгилли сифатида ДНРчиларга қўшилган ва жангларда халок бўлган. Ўзи ҳам оғир яраланган Натали болалари билан ҳужжатсиз яна Россияга қочиб келган, деди қария.

Натали Сафронова онаси - грек, отаси - қрим татарларидан эканини билдирган.

Сергей Александровичнинг Наталидан олган маълумотлардан аниқланишича, Денис ва Айланинг қалбаки туғилганлик гувоҳномаларини улар билан Нефтеюганскда қўшни турган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари тайёрлаб берган.

Ҳимоячига кўра, аввалига Сафроновлар Украина-Россия чегарасидаги “Қизил десант” қочқинлар лагерида ярим йил яшаган. Украина консуллиги ёрдамида уларнинг ҳужжатлари тикланди ва Украинага қайтиб кириш сертификатлари берилган. Аммо турмуш ўртоғи Украина қўшинларига қарши қуролли тўқнашувларда иштирок этгани боис, улар Россияда қолишга қарор қилади ва Тюмень шаҳрига кўчиб келади.

Айланинг укаси Денисни Ўзбекистонда "Ҳайитов Навруз" эканини тасдиқлашган

Сергей Сикчин Айланинг онаси Натали ва укаси Денис бугунги кунда яшириниб юришга мажбур бўлаётганидан ғазабда эканини гапирди.

- Ўтган йилнинг кузида улар қочқинлик мақомини чўздириш мақсадида ФМСга муожаат қилган ва рад жавобини олган. Улар бир вақтлари қалбаки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалар билан мактабга жойлаштирганини эслашиб, Дениснинг фамилияси Ҳайитов Навруз, Айла эса Зара Умирова эканини иддао қилмоқда! 1994 йилда туғилган Айла 1985 йилда туғилган бўлиб қолди – тафтишчиларни улар орасида 10 йиллик фарқ борлиги ҳам қизиқтирмади. Қизиғи, Айланинг айтишига кўра, уни Тошкентга юбориш сертификати депортация қилинишидан бир ой олдин консуллик томонидан унинг номига берилган, деди тюменлик нафақахўр.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Ҳуқуқ ҳимоячиси Сергей Сикчин билан тўлиқ суҳбат

Сергей Сикчин Ўзбекистон прокуратурасига Айла Сафронованинг барча ҳужжатларини тақдим этгани ва ҳозирча бирор жавоб олмаганини билдирди.

У биринчи икки кун аэропортда бўлган Айла билан телефон орқали алоқада бўлиб тургани, Тошкент шаҳар тергов изоляторига олиб кетилганидан кейин эса алоқа узилганини ҳам қўшимча қилди.

ИИБ: Сафроновлар аслида ўзбекистонлик Ҳайитовлар!

Озодлик Натали Сафронова ва унинг фарзандлари Айла ва Денис масаласида Тюмень вилояти бўйича Ички ишлар бошқармасига мурожаат қилди ва бу оила аъзолари маъмурий қоидалар асосида суд қарорисиз депортация қилинганини тасдиқлашди.

ИИБнинг Айлани депортация лагерига юбориш тўғрисидаги ҳужжати

Исмини ошкор қилмасликни сўраган Тюмен вилоят миграция департаментида эса Ўзбекистондан сўровнома асосида Сафроновлар-Ҳайитовлар оиласига оид барча зарурий ҳужжатлар келганини маълум қилди.

- Бу аёл Нефтеюганскда яшаб юрганида мактабга жойлаштириш мақсадида ўз танишлари ёрдамида болаларнинг ҳужжатларини сохталаштирган. Улар қочқин сифатида Россияга келган ва УФМС текширув бошлаганида улар Украина эмас, Ўзбекистон ватандошлари экани аниқланди. Буни Новосибирскдаги Ўзбекистон консуллиги тасдиқлаб берди, деди полиция расмийси.

Айни пайтда, ҳимоячи Сергей Сикчин Ўзбекистон прокуратураси Айла Сафроновани Украинага депортация қилиши мумкинлиги тўғрисида Тошкентдан хабар олганини Озодликка билдирди.

Ҳозирда оила ҳимоясини ўз зиммасига олган Сергей Сикчин Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонасига ёрдам сўраб хат тайёрлагани, Россия Тергов қўмитасига ва прокуратурага эса маҳаллий миграция идораси ҳатти-ҳаракатлари устидан шикоят юборгани аниқланди.

Озодлик Тошкент изоляторида қолаётган Айла ва унинг Россияда яшириниб юрган оила аъзолари билан боғлиқ вазиятни кузатиб, хабар бериб боради.