Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги дорилар нархи арзонлатилганини билдирди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги дори-дармон нархларини арзонлатиш юзасидан олиб борилган иш натижалари тўғрисида маълумот тарқатди.

Вазирлик маълумотномасида айтилишича, дори-дармонлар нархи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8 фоиздан 44 фоизгача арзонлади.

Президент Мирзиёев имзолаган аҳолини дори-дармон билан таъминлашни яхшилаш тўғрисидаги қарорнинг 1 январдан бошлаб кучга кириши ортидан, вазирлик аптекаларда дори сотишнинг янги тартибини жорий қилган.

Мазкур тартибга биноан дори-дармон улгуржи савдода сотиб олинган қийматидан 15 фоиздан, чакана савдода улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдордаги устамалар билан сотилмоқда.

Вазирликка кўра, 300дан ортиқ ижтимоий муҳим бўлган дори-дармон учун аниқ нарх белгилаб берилган ва бу нарх ҳар чоракда бир марта махсус комиссия томонидан қайта кўриб чиқилади.