"Ўзбеккино" Морган Фриманнинг ҳамда ўзбек томошабинларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилди

Ўзбекистонда Сирожбек Абдуллаев томонидан суратга олинган "Дайди" фильмини реклама қилишда бир қатор қонунбузилиш ҳолатлари кузатилгани сабабли кинотеатрларда мазкур фильм тақдимотини ўтказиш ва кенг намойиш қилиш тўхтатиб турилади. Бу ҳақда "Ўзбеккино" Миллий агентлиги томонидан берилган расмий билдиришга таяниб,маҳаллий нашрлар хабар қилди.

Хабарда айтилишича, ижтимоий тармоқларда миллий кинематография соҳасида тарқатилаётган ахборотлар "Ўзбеккино" Миллий агентлиги томонидан мониторинг қилинганда "Тимур Фильм" МЧЖ томонидан суратга олинган "Дайди" номли бадиий фильмни жамоатчилик орасида тарғибот қилишда бир қатор қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланган.

Жумладан, мазкур фильмнинг трейлери, баннерлари ва чипталари чиқарилиб, уларда Голливуд юлдузи Морган Фриманнинг 2014 йилда ишлаб чиқарилган "Сўнгги рицарлар" фильмида суратга тушган қиёфаси акс эттирилган. Аммо актёрнинг қиёфаси фильмнинг агентликка тақдим этилган нусхасида бўлмаган.

"Тимур Фильм" МЧЖ томошабинларнинг фильмга нисбатан талабини кучайтиришга эришиш мақсадида машҳур кино юлдузини фильмда суратга тушганлигини билдирувчи ёлғон (чалғитувчи) маълумотлар тарқатиб, истеъмолчиларнинг (томошабинлар) ҳуқуқларини поймол қилган.