Бухоро вилоятида шу кунда 3,8 миллионта товуқ боқилаяпти

Бу ҳақда ЎзА агентлиги Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Жондор туманидаги «Жондор чинор чорва» компанияси томонидан ташкил этиладиган паррандачилик мажмуаси лойиҳаси билан танишгани тўғрисидаги хабарида билдирди.

“Бухоро вилоятида паррандачиликни ривожлантириш мақсадида интенсив технологиялар кенг жорий этилмоқда. Натижада тухум ва парранда гўшти ишлаб чиқариш ҳажми ортмоқда. Бугунги кунда вилоятда паррандалар 3,8 миллион бошга, тухум ишлаб чиқариш 347,7 миллион донага етди”, дейилган хабарда.

Айтилишича, парҳез гўшт ишлаб чиқаришни янада кўпайтириш мақсадида «Жондор чинор чорва» масъулияти чекланган жамияти Нидерландиядан гўшт йўналишидаги наслли парранда олиб келган.

“Энди корхона негизида қўшимча равишда парранда гўштини қайта ишлаш цехи, 110 минг бош жўжа ўстиришга мўлжалланган мажмуани ишга тушириш режалаштирилган.

Умумий қиймати 15 миллиард сўм бўлган мазкур лойиҳа натижасида парранда гўшти тайёрлаш 2 минг тоннага етказилиб, унинг минг тоннаси қайта ишланади.

Аҳолига 18 миллион дона тухум, 1 миллион дона жўжа етказиб берилади. Маҳсулот экспорт ҳам қилинади. Жами 285 иш ўрни яратилади”, дейилади ЎзА хабарида.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев паррандачиликни ривожлантиришга эътибор қаратмоқда.