Самарқанд вилоят ҳокими Ҳиммат Оқбўтаев 12 март куни амалий ташриф билан Татаристонга келди. Қозонда ўзбек делегацияси раҳбарининг Татаристон президенти Русмам Минниханов билан учрашуви, иқтисодий ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш борасида сўзлашувлар олиб борилиши кутилмоқда.
“Қозон” халқаро аэропортида ҳокимни Татаристон Республикаси Бош вазири Илдар Халиков кутиб олди.
Татаристон президенти матбуот хизмати раҳбари муовини Лаззат Хайдаров Озодлик Радиосига Самарқанд ҳокими Ҳиммат Оқбўтаевнинг Татаристон президенти Рустам Минниханов билан 14 март куни учрашишини, учрашувдан кейин Ўзбекистон ва Татаристон делегациялари ўртасида сўзлашувлар бўлиб ўтишини билдирди.
- Аввалига Татаристон Республикаси билан таништирамиз: меҳмонларга давлатимизнинг иқтисодий-саноат салоҳияти намойиш этилади. Эртага, 14 март куни эса жаноб Оқбўтаев ва президентимиз Рустам Минниханов ўртасида яккама-якка учрашув бўлади, кейин Ўзбекистон ва Татаристон республикалари делегациялари кенгроқ таркибда икки томонлама музокаралар олиб боради. Бу учрашувлар давомида ўзаро фойдали иқтисодий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинади. Сўзсиз, учрашув давомида маданий-маърифий масалалар ҳам кўтарилади, зеро республикамизда Ўзбекистондан келган жуда катта диаспора яшайди, Ўзбекистонда ҳам жуда кўп татарлар яшаб келмоқда, деди Татаристон президенти матбуот хизмати вакили Лаззат Хайдаров.
Ҳоким Ҳиммат Оқбўтаевнинг Президент Рустам Минниханов билан билан учрашуви Қозон Кремлида бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Татаристонга бўлган бир неча кунлик амалий ташриф давомида Оқбўтаев бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясига Россиядаги энг йирик “Алабуга” Махсус иқтисодий зонаси, “КАМАЗ” автомобил заводининг ишлаб чиқариш майдончалари, “Тиббий Билим Маркази/Эйдос” тиббиёт симуляторлари инжиниринг маркази, “Қозон” Агропромпарки, “Иннополис” билим шаҳарчаси ҳамда “ИТ-парк” технопаркидаги замонавий технологиялар кўргазмаси намойиш этилади.
Лаззат Хайдаровга кўра, ўзбек делегациясининг “Энергетика.Заҳираларни тежаш” XVIII Халқаро ихтисослашган кўргазмаси очилишида иштирок этиши кўзда тутилган. 14 март куни Ҳиммат Оқбўтаев Самарқанд вилоятининг иқтисодий салоҳияти борасида махсус презентация билан Татаристон Савдо-саноат палатасида чиқиш қилади.
Ургут тумани собиқ ҳокими бўлиб ишлаган Ҳиммат Оқбўтаев Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2016 йилнинг декабрида Самарқанд вилояти ҳокими этиб тайинланган эди.
Озодлик сўнгги пайтларда бир қанча расмий делегациялар Ўзбекистондан Россияга ва Россиядан Ўзбекистонга келгани тўғрисида хабар берган.