Ўзбекистонлик таниқли ҳуқуқ фаоли, “Тонг Жаҳони” миграция лойиҳалари директори Валентина Чупик Қирғизистонга киритилмади ва “Манас” аэропортидан қайта Россияга чиқариб юборилди. Озодлик билан суҳбатда ҳуқуқ ҳимоячиси аэропорт ходимларини унинг қўлидаги “қочқинлик” ҳужжати қўрқитиб юборганини гапириб берди.
14 март куни таниқли “мигрантлар ҳимоячиси”, асли тошкентлик ҳуқуқ фаоли Валентина Чупик Қирғизистонга киритилмади.
Озодлик билан суҳбатда у Бишкекка “Каритас” хайрия ташкилоти семинарида иштирок этиш учун борганини сўзлаб берди.
“Мен тонг саҳар соат 4:50да "Манас"га қўнганимдан ҳақиқий афсонавий “эпос” бошланди!”, дея кулади “Тонг Жаҳони” ташкилоти директори.
- Мен чегарачи ёнига келиб, унга ўзимнинг “Қочқиннинг йўловчи ҳужжати”ни топширдим. У умрида бундай ҳужжатларни кўрмаган, кўринади! Бирдан у ҳужжатимни олиб кабинасидан отилиб чиқди ва қаергадир чопа кетди. Мен ундан нима бўлганини сўрасам “Мен каттани қидираяпман!”, деди. Яна бир чегарачи ҳужжатимни ҳар томонидан кўриб чиқди, кейин мендан қочқинлик гувоҳномасини ҳам олиб, яна югуриб чиқиб кетди. Ниҳоят уни ортидан қувиб етдим ва нима бўлаётганини сўрадим. “Сиз фуқаролиги йўқ шахссизку – сизга виза керак!”, деди. Мен ҳужжатларни очиб, Ўзбекистон граждани эканимни кўрсатдим. “Йўўўўқ! Қочқинларда гражданлиги бўлмайди”, эди менга берилган жавоб, деди Валентина Валентиновна.
Ҳуқуқ фаоли Интернет орқали Қирғизистоннинг қочқинлар тўғрисидаги қонунни топиб, қочқинлар ҳам муайян давлат ватандошлигига эга бўлиши мумкинлигини исботлаб беришга бесамара уринганини айтади. Қирғизистон чегарачилари қочқинлик ҳужжатлари асосида “Қочқинларга виза олиш лозим. Сиз эса қочқинсиз!” деган ҳукм чиқаради.
“Уларга келтирган барча исбот-далилларим, тушунтириш ва мулоҳазаларим ягона “Йўўўўқ!” деган аргументга бориб тақалаверди”, дея давом этади Валентина Чупик.
- Ҳужжатларим “катта”нинг қўлида қолди ва у мени депортация расмийлаштиргани олиб кетди. Мен у ёққа-бу ёққа ўтишда 20 маротаба рентгендан ўтказилдим. Лекин энг даҳшати – менга “каттароқ началник” келишини ваъда беришди. Лекин бу катта етиб келмади. Янги чегарачилар сменаси раҳбари ҳамма айбни Россия чегарачиларига тўнкаб қўйди. Менга қўнғироқ қилган франциялик конференция ташкилотчилари ҳам даҳшатга тушди. Улар Қирғизистон Ташқи ишларга ҳужжатларни олиб бориб топширди ва ... бир ҳафтадан кейин визага келишим мумкинлиги айтилди. Уларни Россия элчихонаси қабул қилмабди, БМТнинг Қочқинлар масалалари бўйича идорасида эса менга бу иш юзасидан жуда чуқур ҳамдардлик билдиришди, деди Валентина Чупик.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Озодлик сўровига Бишкекнинг “Манас” халқаро аэропортида мазкур масала юзасидан ҳозирча изоҳ берилмаслиги ва расмий мурожаат талаб қилиниши айтилди.
Манас аэропортидаги 12 соатлик сарсонгарчиликдан кейин ҳуқуқ фаоли Валентина Чупик қайтиб Москвага депортация қилинди.
У МДҲнинг Мувофиқлаштирувчи қўмитасига, Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги ва давлат Миллий хавфсизлик хизматига бу вазият устидан шикоят қилишини суҳбат сўнггида билдирди.
Валентина Чупик - “Тонг Жаҳони” миграция лойиҳалари директори, миграция соҳасида Россиянинг энг йирик мутахассислардан бири, юридик фанлар доктори. Тошкент Давлат педагогика университети, Ўзбекистон Миллий университети, Санкт-Петербург гражданлик авиацияси университети, Москва давлат психология-педагогика унивеститетларини тамомлаган. Миграция сиёсати ва муҳожирлар масалаларига оид бепул юридик ва ҳуқуқий маслаҳатлар бериб келади, мигрантлар ҳуқуқларини турли Россия идораларида ҳимоя қилади. Россиядаги меҳнат муҳожирлари ҳуқуқлари ҳимояси билан 2008 йилдан буён шуғулланиб келади.