Асаджон Хўжаев Ўзбекистон президенти матбуот котиби лавозимига тайинланди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг матбуот котиби Асаджон Хўжаев.

Асаджон Хўжаев Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг матбуот котиби ва айни пайтда давлат маслаҳатчиси ўринбосари лавозимига тайинланди.

Бу ҳақда Газета.uz ҳукуматдаги манбасига таянган ҳолда 16 март куни хабар берди.

“Бунга қадар Асаджон Хўжаев (1970 йилда туғилган, Тошкент электротехника алоқа институти битирувчиси) бош вазир ижро этувчи аппарати раҳбари, унгача — Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори лавозимида фаолият олиб борган.

Турли йилларда Интеллектуал мулк агентлиги бош директори, Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги бош директори ўринбосари, "Ўзбекистон почтаси" компанияси бош директори ўринбосари лавозимларида ишлаган”, дейилади Газета.uz хабарида.