Ўзбекистон сўрови билан ҳибс этилган "Новая газета" мухбири судгача озод этилди

Али Феруз

Москвада Ўзбекистон томонининг сўрови асосида қўлга олинган "Новая газета" мухбири Али Феруз судгача қамоқдан озод этилди. Россия матбуоти хабарига кўра, асли исми Худойберди Нурматов бўлган ўзбекистонлик бу йигит Россияга “ноқонуний кириб келганлик” ва “радикал исломий ташкилотга даъват қилганликда” айбланмоқда.

“Новая газета” ходими Надежда Прусенкова Али Феруз озод этилгани тўғрисида ўзининг Facebook саҳифасида маълум қилди.

“Алини шаҳарни тарк этмаслик тўғрисида тилхат олиб, судгача озод қилишди”, деб ёзган Прусенкова ҳамкасби ҳибсхонадан касалхонага олиб кетилганини айтди.

Унга кўра, Али Ферузнинг грипп касали кучайиб кетгани ортидан “Тез ёрдам” машинасида касалхонага жўнатилган.

Прусенкова Али Ферузга нисбатан “жиноят иши эмас”,“маъмурий иш” очилганини ҳам маълум қилган.

16 март куни эрталаб Москвада Ўзбекистон ватандошлигига эга “Новая газета” нашри мухбири Али Феруз полициячилар томонидан ҳибс этилди.

Бу ҳабарни Озодлик Радиосига тасдиқлаб берган “Новая газета” нашри расмий вакиласи Надежда Прусенкова Али Феруз ҳозирда Москванинг “Пресня” полиция бўлимида ушлаб турилганини билдирди.

- Биз тасдиқлаймизки у эрталаб ҳибс этилди ва ҳозир “Пресня” бўлимида қолмоқда. Унинг олдига ҳозир адвокат киритилди, суриштирув ишлари олиб борилаяпти. Бизнинг маълумотимизга кўра, полициянинг шахсан унга нисбатан ҳеч қандай эътирози йўқ. Расмий жавобга кўра, у ҳужжат текшириш пайтида қўлга олинган. Аммо уни ФСБ ходимлари сўроқ қилаётгани маълум. Бунинг ҳаммаси Ўзбекистондан келган сўров билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини тахмин қилиб турибмиз. Life каби нашрларда пайдо бўлган айбловларнинг ҳаммасини бемани гап деб биламиз. Али бизда 1 йилдан ортиқ вақт ишлаяпти ва у оддий журналист – ҳеч қандай “даъватчи” ёки “экстремист” эмас. Бу айбловларни биз шахсан ўзимизга қаратилган провокация деб биламиз. У кўплаб инсон ҳақлари ҳимояси ва волонтёрлик ташкилотлари билан ҳамкорлик қилган. Биз у учун охиригача курашамиз, деди нашр расмий вакиласи Надежда Прусенкова.

​“Новая газета” дарҳол ўз сайтида ўзбекистонлик қочқин ҳимоясига мақола чоп этди.

Худойберди Нурматов "Новая газета"да "Али Феруз" тахаллуси остида ижод қилади

Газета бош муҳаррири Дмитрий Муратов Али Феруз Ўзбекистонга топширилса уни у ерда ўлим кутаётгани ҳақда айтди.

Дмитрий Муратов асл исми Худойберди Нурматов бўлган Али Феруз Ўзбекистонда туғилгани, бироқ онаси россиялик бўлгани сабабли Горно-Алтайск шаҳрида яшаб, мактабни тугатгани, кейин Ўзбекистонга қайтиб кетганини эслатди.

8 йил муқаддам Али Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати босими остида Россияга қочиб келади ва Amnesty International ташкилоти билан ҳамкорлик қила бошлайди. Рус тили ва Марказий Осиёнинг бир қанча тилларини мукаммал билган, қалами ўткир ўзбекистонлик бу йигит Россиянинг энг нуфузли “Новая газета” нашрига мухбир сифатида ишга қабул қилинади.

2012 йилда у Ўзбекистон паспортини йўқотиб, ҳозиргача қочқинлик мақомини ололмасдан юргани айтилди.

Ferghananews.com нашрига кўра, Али Феруз Россияда қануний асосда яшаб келган.

Айни пайтда, “Пресня” полиция бўлими эшиги остида ўтирган Life нашри мухбирлари аллақачон “Нурматов 2007 йилда “Ат-Такфир вал хижра” радикал ташкилотига даъват этганлик” иши юзасидан қидирувда бўлгани, Қозон полицияси уни анчадан буён қидириб юрганини “аниқлади”.

“Ат Такфир вал Хижра” ташкилоти 1970 йилларда Мисрда ташкил этилгани ва радикал ташкилотлардан бири экани айтиб келинади. 2010 йилда Россия суди “Ат Такфир вал Хижра”ни экстремист ташкилот сифатида таниб, унинг фаолиятини тақиқлаган эди.

Диний экстремизм бўйича экспертлар бундай диний гуруҳнинг ҳозир борлигини инкор этишади.

Россия матбуоти хабарига кўра, 30 яшар тамбовлик Алексей Никитин исмли шахс Али Феруз уни экстремистик ташкилотга даъват этганликда айблаб, ариза ёзган.

Шунингдек, махфий хизматлар Али Ферузни “Россия чегарасини ноқонуний кесиб ўтганлик”да айблаётгани хабар қилинди.

Озодлик “Новая газета” мухбири Али Феруз ишини кузатиб, хабар бериб боради.